ЖАМИЯТ МУЛОҲАЗА

Ҳурматли масъуллар, эшик олдида фуқаролар турнақатор туришидан, хонангизга қўлларини кўксига қўйиб илтимос билан киришидан ҳузурланасизми?

Биласизми, давлат хизматларини кўрсатишда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан жисмоний шахслардан жамғариб бориладиган пенсия дафтарчалари, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотномалар, солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳномалар, тўланган даромадлар ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотномаларни талаб қилиш тақиқланган. Бу тартиб 2019 йил 1 августдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 февралдаги ПҚ-4193-сон “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида”ги қарорининг 6-бандига асосан жорий этилган.
Аммо, шунга қарамай давлат хизматлари кўрсатувчи идоралар томонидан юқорида қайд этилган ҳужжатларни талаб қилиб, фуқароларнинг ортиқча вақт сарфлашига сабаб бўлиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида жами 13 минг 704 та ҳолатда маълумотномалар фуқаролардан талаб қилиб олингани ойдинлашди. Шундан, 7 минг 719 таси, солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар, 4 минг 746 таси жисмоний шахслардан жамғариб бориладиган пенсия дафтарчалари ва 1 минг 239 таси солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотномаларни ташкил этади.
Хусусан, солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларни талаб қилиш бўйича туман(шаҳар) ҳокимликлари томонидан уй-жой ажратишда 57 та, ишга қабул қилишда туман тиббиёт бирлашмалари томонидан 42 та, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси томонидан 229 та, жисмоний шахслардан жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаларини талаб қилиш бўйича таълим муассасалар томонидан ишга қабул қилишда 229 та, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси томонидан пенсияга чиқишда 154 та, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотномаларни олиш бўйича фуқароларга уй-жой ажратишда 100 та, ишга қабул қилишда 17 та ҳолатда маълумотлар тўғридан-тўғри фуқаролардан сўраб олинганлиги маълум бўлди.
Энг ачинарли ҳолат, Агентлик томонидан мазкур қарор ижросини сўзсиз таъминлаш тўғрисида барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар расмий равишда огоҳлантирилиб, қарорнинг мазмун-моҳияти бўйича мунтазам равишда тарғибот тадбирлари ўтказилаётган бўлсада, фуқаролардан ушбу ҳужжатлар такрор ва такрор талаб қилинаётганлигидир.
Хуллас, айни жараёнда юртдошларимиздан ҳам фаоллик, ҳуқуқий саводхонлик, ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилишни ўрганиш талаб этилади!
Азиз воҳадошлар, қонуний ҳуқуқларингиз бузилган тақдирда, сиздан ортиқча ҳужжатлар талаб қилишса, Давлат хизматлари агентлигига мурожаат қилинг!

 

Зиёдулла Ортиқов,
Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё
вилоят бошқармаси бўлим бош маслаҳатчиси