ЖАМИЯТ

Бош прокурорнинг Cурхондарё вилоятига ташрифи давом этмоқда

Бош прокурор Термиз шаҳридаги “Гулбаҳор нурли Келажак” МЧЖга ташриф буюриб, жамият фаолияти билан яқиндан танишди. 

Маълум бўлишича, жамият раҳбари Д.Каримова жамиятнинг ўз биноси бўлмаганлиги, маҳсулотлари учун бозор топишда қийналганлиги, ногирон ходимларининг ишлаши учун етарли имконият бўлмаганлиги бўйича йиллар давомида турли ташкилотларга мурожаат қилиб келган.

Д.Каримованинг мурожаати Сурхондарё вилоят прокуратураси томонидан ўрганилиб, прокуратура ташаббуси билан жамият учун Термиз шаҳар ҳокимлиги балансидаги бўш бино қарор асосида ажратиб берилиши таъминланиб, ушбу бўш бинонинг ички ва ташқи томонлари тўлиқ таъмирдан чиқарилган ва ногирон ходимларнинг ишлаши ҳамда яшаши учун шароит яратиб берилишида амалий ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, жамиятнинг банк олдидаги кредити сўндирилиши, ногирон ходимлар учун ҳаракатланиш аравачалари ва қўлтиқ таёқлар берилиши ва бошқа барча шароитлар яратилган.

Мазкур жамиятнинг янги биноси очилиши жорий йилнинг 2 февраль куни бўлиб ўтган ва жамиятда 30 нафар ногирон хотин-қизлар иш билан таъминланган.

Бош прокуратура ахборот хизмати