ЖАМИЯТ

Маҳаллий кенгаш депутати фаолияти кучайиши учун муҳим қадамлар ташлаш вақти келди

Сўнгги йилларда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтириш бўйича ҳуқуқий асослар яратилишига қарамасдантўғриси амалда кутилган натижани бермаяпти.

Бунга бир неча омилларни келтириш мумкин. Шулардан бири халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ташкилий-техник фаолиятига кўмаклашувчи бўлинманинг мавжуд эмаслиги.Ушбу ишларни мантиқан уларнинг вазифасига кирмасада, ҳокимликларнинг аппарати (Ташкилий-назорат гуруҳлари) томонидан амалга оширилаётгани сабаб бўлмоқда.

Сўзимизнинг исботини, ҳали-ҳалигача шошилинч тарзда бир кун олдин сессиянинг чақирилиши, сессия ишига депутатлар тайёр бўлмаган ҳолда қўлида ҳеч қандай материал бўлмаган ҳолда иштирок этиши(аксарият ҳолларда йиғилишда материаллар тарқатилади), сессия кун тартибига масала киритишда сунъйи тўсиқлар бўлиши, йиғилишда кўрилмаган масала кейинчалик расмийлаштирилган сессиянинг қарор қисмида “пайдо” бўлиб қолиши, зарур маълумотларни депутатлар ололмаслиги, доимий комиссиялар ва кенгаш иш режаси ижросининг доимий мониторинги юритилмаслиги, ҳокимлик аппарати сифатида ўз таъсир кучини депутатга ўтказиб туриши каби ҳолатларни вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари ҳам тасдиқлайдилар.

Юқоридаги ҳолатларни олдини олиш мақсадида Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш учун халқ депутатлари Кенгаши котибияти тузиш таклиф этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунига ўзгартишлар киритилган ҳолдаХалқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши котибияти юридик шахс ҳисобланиб унинг фаолияти тегишли маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилиши, Кенгаши котибияти тузилмаси, штатлари, ходимларининг меҳнат ҳақи миқдори ва моддий-техника таъминоти, шунингдек уларнинг ишлаши учун зарур харажатлар тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланиши, Давлат герби ва ўз номи туширилган муҳрига ҳамда бланкига эга бўлиши, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари котибиятларининг намунавий тузилмаси ва намунавий низоми Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан тасдиқланиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Қонунининг 16-моддасига ҳам қуйидаги тартибда ўзгартириш киритилмоқда: “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши котибияти тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатини ҳужжатлар, зарур ахборот ва маълумот материаллари билан таъминлайди, шунингдек, депутатлик фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича мутахассисларнинг маслаҳатларини уюштиради.

Депутатга техник воситалар, алоқа воситалари ва маълумотлар базаларидан фойдаланиш учун шарт-шароит яратилади”.

Бундай ўзгаришлар сўзимиз бошида келтирилган бир қатор камчиликларни бартараф этиши, депутатлар фаолиятида жонланиш кузатилиши мумкин. Барибир, жиддий ўзгаришлар бўлмайди.

Аммо, фикримизча, аввало, кенгаш раиси вазифаси ҳокимдан олиниши; иккинчидан, тузилажак котибият ҳокимиятдан алоҳида фаолият юритиши;

учинчидан, депутатлар томонидан давлат органларининг фаолияти устидан таъсирчан депутатлик назоратини амалга оширишда тўлалигича “мустақил” бўлиши зарур.

Акс ҳолда, доно халқимиз айтганидек, ҳолат ўша “эски ҳаммом, эски тос” бўлиб қолаверади.

Хурсанд қиладиган жиҳати шундаки, маҳаллий Кенгашлар депутатлари фаолиятининг самарали бўлишида янги давр учун бошланғич, муҳим қадамлар ташланмоқда.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan