СПОРТ

«ПСЖ» vs «Бавария». Бу мавсумнинг энг зўр ўйини бўладими?

23 август куни Лиссабондаги ҳал қилувчи баҳсда мавсумнинг энг кучли икки жамоаси тўқнашади.

УЕФА хурсандлиги аниқ
«Бавария» ва «ПСЖ» — финал учун аъло даражадаги жуфтлик. Мақом жиҳатидан ҳам, афиша учун ҳам кенг миқёсдаги мухлислар аудиториясини ўзига жалб қилади. Жамоалар таркиблари юлдузлар билан тўлган, уларнинг айримлари, масалан Неймарни нафақат спорт мухлислари, ҳатто уй бекалари ҳам яхши танишади. Умуман олганда, УЕФА раҳбарияти мамнун ҳолда қўлларини ишқалашлари мумкин — маркетинг нуқтайи назаридан энг яхши сценарий рўй берди, айниқса ҳар бир цент мисқоллаб топилаётган пандемия даврида.

Бу томондан олиб қаралганида «Лейпциг» — «Лион» жуфтлиги ҳақиқий фалокат бўларди, бу икки жамоага ҳурмат сақлаган ҳолда айтиш лозимки, бу ўйин асосан немислар ва французлар учун қизиқ бўлиб қоларди, холос. «Бавария» ва «Лейпциг» жуфтлиги ҳақида ҳам шунга ўхшаш гап айтиш мумкин — бу «Бавария»нинг «Боруссия» Дортмундга қарши финали каби ҳам бўла олмасди (2013 йилда бу жамоалар яхшигина афиша ҳосил қилишганди).

Қолаверса, «Лейпциг» ёки «Лион» каби жамоалардан бирининг финалда ўйнаши мавжуд тизимга қарши исёндек қабул қилиниши ҳам мумкин эди. Немислар клуби ҳам футбол олигархларидан бирига айланмоқда, бу жамоа ортида ҳам «ПСЖ»да бўлгани каби улкан трансмиллий корпорация туради ва пулни аямайди. Германиядаги бошқа клубларнинг фанатлари бир бўлиб бу жамоани ёмон кўришади, уни тарихи ва анъаналарига эга бўлмаган, пул эвазига ташкил этилган сунъий клуб деб билишади. «Лейпциг» Бундеслиганинг қуйи лигаларида ўйнаётганидаёқ, рақиб клублари қоғоз пуллар сочиб перфоманслар уюштиришарди.

Асосий эътиборини ўз тарбияланувчиларига қаратган «Лион» жаҳон бўйлаб мухлислар орттиргани аниқ. Аммо гап барибир яхшигина ресурсларга эга бўлган француз топ-клуби ҳақида кетмоқда: Deloitte компанияси ҳисоботига кўра, «Лион» 2018/19 йилги мавсумда Европанинг энг кўп даромад кўрган клублари йигирматалигига кирган (220 миллион евро даромад ва рўйхатда 17-ўрин).

Футболда романтикани устун қўядиган бўлсак, финалга  «Мальмё» ёки «Фехервар», ёки «Брюгге»ни чиқариш ҳам мумкин бўлади. Йўқ, «ПСЖ» ва «Бавария» бўлгани яхши. Қолаверса, улар ўз ўйини билан шунга муносиб бўлишди.

10 ўйинда 42 гол
Мюнхенликлар билан барчаси тушунарли. Ушбу жамоа 2020 йилда бирорта ўйинда мағлуб бўлмади, коронавирус танаффусидан кейинги ўйинларнинг барчасида «Бавария» ғолиб чиқди — бундеслигада ҳам, Германия Кубогида ҳам, Чемпионлар лигасида ҳам. 3:0, 7:2, 3:2, 2:0, 6:0, 3:1, 3:0, 4:1, 8:2, 3:0 — бу ушбу клубнинг Чемпионлар лигасининг жорий мавсумида қайд этган натижалари. Бу футбол ҳисоблари, ҳоккей эмас. Ўртача самарадорлик — бир ўйинга 4,2 голга тенг.

«Бавария» билан «Манчестер Сити» тўқнашиши ҳам мумкин эди, аммо Пеп Гвардиола барчасини барбод қилди. Испаниялик мутахассис шубҳасиз, буюк мураббий (у ҳеч бўлмаса 2008-2012 йилларда «Барселона»даги фаолияти учун шундай номга муносиб), аммо унинг ҳозирги ҳолатини «ақллилик балоси» атамаси билан изоҳлаш мумкин. Унинг барчасини мукаммаллаштириш истаги борини ҳам йўққа чиқариб, вазиятни оғирлаштиради. Бу сафар Гвардиола шунчаки «Лион»нинг имкониятларини яхши баҳоламади ва негадир 3-4-3 схемасида ўйнашга қарор қилди, ҳолбуки «Сити» аввалдан бу услубда ўйнамаган, шу туфайли футболчилар чалкашиб кетишди. Мураббий режа иш бермаётганини тушунганида ўйиннинг 2/3 қисми ортда қолган, аммо кеч бўлганди — «Лион» ўзига керакли натижага эришганди. Ҳолбуки ярим финалда «Бавария» ва «МС» жуфтлиги нафақат турнирнинг, балки бу оғир йилнинг энг чиройли ўйинига айланиши мумкин эди…

Неймар прессингчи

Фото: Rafael Marchante/Pool via Getty Images

Албатта, «ПСЖ» билан ҳам қизиқарли бўлади. Бу қарама-қаршиликда «Бавария» — фаворит, жамоанинг бугунги кундаги ҳолати исталган баҳсда исталган рақибни қўрқитади. Ҳа, Париж клубини кўплар ёқтиришмайди — қатарликларнинг миллионлари, бу пулларга юлдузларни сотиб олиши, молиявий фэйр-плейни оёқости қилиши, клуб президенти Носир Ал-Хелайфи УЕФА ижроия қўмитаси аъзоси экани, Неймарнинг шахсияти мухлисларнинг ҳафсаласини пир қилган. Аммо бу мавсумда ва айниқса Лиссабондаги «Саккизлик финали»да «ПСЖ» жуда зўр футбол намойиш этди.

Томас Тухелнинг йигитлари гуруҳ босқичида «Реал»ни йирик ҳисобда енгишганди — 3:0, плей-оффда Ҳоланди бор «Боруссия» Дортмунд тўсиғидан осон ўтишди, «Аталанта»га қарши қийин ўйинда ирода кўрсатишди, «Лейпциг»га қарши эса намуна қилишга арзигулик ўйин кўрсатилди. Уларга танаффус вақтида шартномани узайтирмасликка қарор қилган Кавани ва Менье йўқлиги ҳамда марказдаги асосий футболчи Верратти жароҳат туфайли сафдан чиққани халал бермади. Париж клубида қуруқ маҳорат эвазига ҳам ҳаммаси жойида эди, аммо энди унда  характер ва хоҳиш ҳам бор.

Асосийси, юлдузлар бир жамоа бўлиб бирлаша олди, бу албатта Тухелнинг хизмати. Ҳатто Неймар энди танбаллик қилмаяпти ва прессингда фаол қатнашмоқда — «Лейпциг» билан ўйинда у рақибга тиним бермади. Бразилиялик футболчи Лиссабонда умуман бошқа ролда – «алдамчи тўққизлик» ролида пайдо бўлди ва тез-тез ортга қайтиб, тўпни жамоага қайтариш учун тиришди. «Биз Неймар билан ўхшашмиз — иккимиз ҳам майдонда вақтичоғлиқ қилишни ёқтирамиз. Аммо ҳозир биз тушундикки, ўзимизга камроқ эътибор бериб, ғалаба учун бутун бир жамоа бўлиб ҳаракатланишимиз керак», — Мбаппенинг бу сўзлари кўп нарсани англатади.

Левандовски ниҳоят эриша оладими?

Фото: Getty Images

6:3. Бу бугунги финал учун прогноз эмас. Бу «Бавария» ва «ПСЖ» таркибидаги ЕЧЛ ғолиблигини билмаган футболчилар сони. «ПСЖ»да уч ғолиб бор — Неймар («Барселона»-2015), Ди Мария («Реал»-2014) ва Навас (коста-рикалик дарвозабон «Реал» билан 2016-2018 йиллар мобайнида уч бор ғолиб бўлган). «Бавария»да Тьяго («Барселона»-2011) – Нойер, Алаба, Боатенг, Хави Мартинес ва Мюллердан бошқа футболчилар Европанинг энг асосий кубогини бошлари узра кўтаришга муваффақ бўлишмаган. 2013 йилнинг 25 майида «Уэмбли»даги немисча финалда мюнхенликлар Дортмунднинг «Боруссия»сини мағлуб этишганди — 2:1.

«Бавария»нинг юлдузлари 7 йил муқаддам катта йўл бошида туришганди.

Ўшанда Флик бир йилдан кейин Бразилия майдонларида жаҳон чемпиони бўладиган Германия терма жамоасида Лёвга ёрдамчилик қиларди. Ўша вақтда 17 ёшда бўлган Гнабри «Арсенал»да дебют қилган (мавсумда барча турнирлар доирасида 4 ўйин), у атиги 100 минг фунт эвазига «Штутгарт»дан сотиб олинганди. 12 ёшли Дэвис Канададаги Эдмонтон шаҳарчасида тўп ортидан чопиб юрарди. Коман рекордлар китобини ёзаётганди… «ПСЖ»да. У 2013 йилнинг 17 февралида Франция чемпионати доирасида «Сошо»га қарши ўйинда майдонга тушиб, парижликлар тарихида майдонда ўйнаган энг ёш футболчи бўлганди (16 ёш, 8 ой ва 4 кун).

Левандовски ҳам Лондондаги финал ўйинида 90 дақиқа давомида майдонда бўлган, аммо «Боруссия» сафида (Перишич ҳам ўшанда майдонда бўлиши мумкин эди, агар «Уэмбли»даги ўйинга ярим йил вақт қолганида Клопп билан баҳслашиб, Дортмунддан Вольфсбургга кетиб қолмаганида).

Ўшанда мавсумнинг асосий ўйинида Робертнинг омади келмаганди. Ярим финалда «Реал»га қарши ўйиндаги ишларидан кейин (поляк турнирнинг бу босқичида покер қайд этган ягона футболчи ҳисобланади) ундан кўпроқ натижа кутишганди, аммо у 90 дақиқа давомида бир неча зарба бера олди холос. Айтишларича, ўшанда унга «Бавария» томонидан жиддий қизиқиш билдирилаётгани халал берган. Унинг вакиллари мюнхенликлар билан келишиб қўйишганди.

«Бавария»га Левандовски Гётце йўлидан борди (кейинроқ бу йўлакдан Ҳуммельс ҳам юриб ўтади) ва 2014 йил ёзида клубга қўшилди. Мюнхен форвард учун… ноль евро тўлади — бу вақтда унинг «Боруссия» билан шартномаси муддати тугаганди (бу йил ESPN унинг трансферини замонавий футбол тарихида эркин агент сифатидаги энг яхши трансфер деб баҳолади). Дортмунддагилар бунга кўнишган – катта пулдан воз кечиб бўлсада, полякни яна бир йил ўз сафида олиб қолганди.

«Бавария»да у замонамизнинг энг кучли марказий ҳужумчиларидан бирига айланди — агар энг яхшиси бўлмаса. У клуб билан 12 соврин ютиб олди. Аммо Европада — ҳеч нарса. Унинг ёши 32га чиқди. Истиқболда — Буффон, Ибраҳимович, Роналдо ва ЕЧЛда ҳеч қачон ғолиб чиқа олмаган бошқа футболчилар билан бир сафга туриш эҳтимоли бор.

Қолаверса шундай мавсумдан кейин. 50дан ортиқ гол, қатор рекордлар, «Барселона» устидан 8:2 ҳисобидаги ғалаба…

Ҳозирда Левандовски 68 гол билан ЕЧЛ тарихидаги тўпурарлар рўйхатида 4-ўринни эгаллаб турибди. Фақат Роналду, Месси ва Рауль ундан олдинда (испанияликкача 3 гол қолган). У турнирда ҳеч қачон ғалаба қозона олмаган бомбардирлар орасида етакчи .

Шу билан биргаликда, Левандовски ЕЧЛда ғолиб чиққан Ежи Дудекдан кейинги иккинчи поляк бўлиши ҳам мумкин. Яъни, майдон футболчилари орасида биринчи.

Мантиқ ёки матонат?
Тактика томондан бизни жуда жозибали ўйин кутмоқда. «Бавария» ва «ПСЖ» бир-бирининг прессингини қандай енгиб ўтади? Ёки Тухель услубни ўзгартирадими?

Ҳимоячилари рақибни жуда эрта кутиб оладиган «Бавария» бу ўйинда жуда тезкор ва техник жиҳатдан жуда кучли бўлган Неймар-Мбаппе-Ди Мария триосига қарши қандай ҳаракатланади?

Саволлар ва интригалар жуда кўп — ва бу жуда яхши. Бу ўйин мавсумнинг безаги бўлиши учун асослар кўп.

«ПСЖ» ғалаба қозона олмаса ҳам — бу пулнинг мағлубияти бўлмайди. Бу ажойиб кураш ҳикояси бўлади. Бу ҳикоя энг худбин ва мақтанчоқлар ҳам керакли вақтда ўз эголаридан халос бўлиб, жамоа учун ишлай олиши ҳақида бўлади.

Ўз навбатида, «Бавария»дагилар ўз ғалабалари сўнгги ўн йилликнинг мантиқий якуни бўлади деб билишади.  Худди «Барселона» 2010/11 йилги мавсумда ғолиб бўлгани каби.

Бир сўз билан айтганда, бизни жуда зўр финал кутмоқда. Айтиш мумкинки, «Саккизлик турнири»дан кутилган энг кучли жуфтлик финалга чиқди.

Manba kun.uz

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan