ЎЗБЕКИСТОН

Бола ҳуқуқларини таъминлаш-инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг бош мезони

Фарзандларимиз келажагимиз пойдеворидир, Ўзбек ҳалқининг болажон халқ эканлигини барчамиз учун тан олинган ҳақиқат. Бу бугун ёки кеча шаклланган анъана эмас, балки асрлар давомида бизга мерос бўлиб келаётган қадриятдир. Бу қадриятларнинг таг замирида болани эъзозлаш, унга, энг аввало, инсон сифатида муомалада бўлиш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш масалалари ётади. Эндиликда халқаро миқёсда эътироф этилаётган бу ҳуқуқ нормалари аслида юртимизда қадим-қадимдан шаклланган.

Шу боис ҳам миллий қадриятларимизга таяниб ёзилган Бош қомусимизда бу масалага алоҳида эътибор берилган. Жумладан, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги (45-модда), оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши (65-модда) кафолатланган.

Бундан ташқари, давлатимиз мустақилликка эришганидан сўнг ратификация қилинган дастлабки халқаро ҳуқуқий ҳужжатлардан бири ҳам Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бўлган эди. 1992 йил 9 декабрдаги ушбу конвенция орқали Ўзбекистон дунёнинг 193 давлати қаторида бола ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга доир қатор мажбуриятларни ўз зиммасига олди.

Шунингдек, Ўзбекистон Бола ҳуқуқларини таъминлашда БМТнинг Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция, Ирқий камситишларга барҳам бериш тўғрисидаги конвенция ҳамда Қийноқ ва муомала ва жазонинг шафқатсиз, ноинсоний ҳамда қадр-қимматни камситувчи бошқа турлари тўғрисидаги конвенция каби кўплаб асосий халқаро шартномаларга ҳам таянади.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича умумэътироф этилган тамойиллар устуворлигини таъминлаш, бола ҳуқуқларига оид миллий қонунчиликни такомиллаштириш, халқаро шартномалар бажарилишини ҳуқуқий тартибга солиш бўйича 100 дан зиёд қонун, фармон, қарор ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Энг муҳими, Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоялаш бўйича комплекс ҳуқуқий асослар яратилди. Айниқса, 2008 йил 7 январда қабул қилинган “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун бу борада тарихий ҳужжат бўлди.

Бир қарашда соҳага оид муносабатларнинг барчаси тўлақонли тартибга солингандек, ҳаммаси ўз ўрнидадек туюлади. Аммо инсон ҳуқуқлари, айниқса, бола ҳуқуқлари соҳаси шундай тизимки, давр ва вақт ўтган сари янги-янги ўзгаришлар, қўшимчалар киритилмаса, ҳуқуқни рўёбга чиқаришда муаммолар юзага келаверади.

Бу эса болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг баркамол авлод бўлиб етишишини таъминлаш борасидаги фаолиятнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш зарурати тобора ортиб борётганини кўрсатади.

Шу боисдан Президентимиз томонидан имзоланган “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарор Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция талабларини ҳар томонлама ҳаётга татбиқ этиш, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида назарда тутилган болаларнинг ҳуқуқларини амалда кафолатлаш, уларнинг жисмоний, интеллектуал, руҳий ва маънавий етук авлод бўлиб етишишини таъминлаш йўлида ташланган катта қадам бўлди.

Қарорда болаларнинг давлат органларига қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланиши ва бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмаслиги алоҳида белгилаб қўйилди. Шунингдек, 14 ёшга тўлган бола ўзининг таъминоти учун ота ёки онадан ёхуд айрим ҳолларда бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккаласидан ҳам қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлилиги қайд этилди. Ушбу ўзгаришлар мамлакатимизда бола ҳуқуқларини тўла таъминлаш билан бирга суд органларига ҳам қўшимча масъулият юклаши табиий.

Шунингдек, болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилган даъвогар давлат божи ва бошқа тўловларни тўлашдан озод қилиниши юқоридаги нормаларни ҳаётга татбиқ этишда юзага келадиган кўплаб муаммоларнинг олди олинишига ва уларнинг тўғридан-тўғри ишлашини таъминлашга хизмат қилади.

Бундан ташқари, оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда, шунингдек, суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида бола ўз фикрини ифода қилишга ҳақлилиги қатъий белгиланди. Бунда қарор қабул қилишга ваколатли органлар боланинг манфаатига тааллуқли масалани ҳал қилишда оқилона ва мустақил фикрлаш қобилиятига эга боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, жиддий омил сифатида кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларини назарда тутувчи қарорни қабул қилиши шарт эканлиги белгилангани бола ўз келажагини ўзи белгилаш ҳуқуқига тўла эгалигини кўрсатади.

Дарҳақиқат, инсон ҳуқуқлари, мамлакат келажагининг асоси ҳисобланган бола ҳуқуқлари масаласи битта ёки иккита муассаса фаолияти саъй-ҳаракати билангина таъминланиб қолмайди. Мамлакат эртасининг бугунидан яхшироқ бўлиши учун барча бирдек ҳаракат қилиши, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, аввало, бола ҳуқуқларини таъминлашдан бошланишини тўлиқ англамоғимиз лозим. Шундагина қудратли ва буюк Ўзбекистонни барпо этишга муносиб ҳисса қўшган бўламиз.

Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг судьяси, Нилуфар Тўраева

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan