ЎЗБЕКИСТОН

Сурхондарёда 655 нафар болажонларга “Президент совғаси” топширилди

Бугун юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби вилоятимиз шаҳар ва туманларида ҳам “Президент арчаси” театрлаштирилган байрам томошалари бошланди.

Хусусан, Термиз шаҳридаги “Iceberg” кўнгилочар масканида ўтказилган байрам тадбири шукуҳли ва эсда қоларли воқеаларга бой бўлди. Унда Оилавий болалар уйи тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган ҳамда Ватанимиз тинчлиги ва хавфсизлиги йўлида қурбон бўлган юртдошларимизнинг фарзандлари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Қосимов болажонларни юртбошимиз номидан Янги йил байрами билан табриклаб, уларга 14 турдаги ширинликлар, 3 турдаги ўқув қуроллари, электрон китоб, термос ва шахмат жиҳозлари киритилган “Президент совғаси”ни топширди.

Вилоятда Меҳрибонлик ва Оилавий болалар уйи тарбияланувчилари, Ватан сарҳадларини ҳимоя қилишда жонини фидо қилган юртдошларимиз ҳамда боқувчисини йўқотган оилаларнинг 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган 655 нафар фарзандларига вилоят ҳокимлиги, туман ҳокимликлари, халқ таълими бошқармаси ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида “Президент совғаси” топширилмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan