ДУНЁ

Афғонистон бош вазири ўринбосари аёлларга ўқиш ва ишлаш тақиқланганига қарши чиқди

«Толибон» аёлларга таълим олиш ва ишлаш ҳуқуқини тақиқлаган бўлса-да, Афғонистон бош вазири ўринбосари Абдул Ғани Бародар фуқаролардан ўз ҳуқуқларига эга чиқишни талаб қилди. Бу ҳақда Hasht-e Subh Daily хабар берди.

«Толибон» назорати остидаги Бахтар агентлиги Бародарнинг сўзларидан иқтибос келтирди ва одамларни ўз ҳуқуқларидан маҳрум қилмаслик кераклигини ёзди. Бародарнинг баёноти Кобулда 25 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда эълон қилинган.

Мулла Бародарнинг баёноти билан боғлиқ қўшимча тушунтиришлар берилмаган бўлса-да, сўнгги кунларда «Толибон» аёлларнинг таълим олиш, ишлаш ҳуқуқини тўхтатгани танқидларга сабаб бўлмоқда. Айрим афғон манбалари бу қарорга «Толибон»нинг аксар расмийлари ҳам қаршилигини билдирган.

Айни пайтда «Толибон» етакчиси мулла Ҳайбатулла Охундзода аёлларнинг таълим олишига қўйилган тақиқнинг бекор қилиниши юзасидан «Ҳаққоний тармоғи» гуруҳи асосчисининг ўғли Сирожиддин Ҳаққоний ва «Толибон» асосчиларидан бирининг ўғли Мулла Ёқуб билан учрашишдан бош тортган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan