ЎЗБЕКИСТОН

УЗОҚ ЙИЛЛАРДАН БУЁН АДОЛАТ ИЗЛАБ ЮРГАН ФУҚАРО ВА УНИНГ АДВОКАТИ СУДГА МИННАТДОРЧИЛИК БИЛДИРДИ

Даъвогар Бахшиев Сафармухаммад жавобгар Сурхондарё вилоят Ички ишлар бошқармасига нисбатан буйруқни бекор қилиб, ишга тиклаш ва меҳнат стажини тиклаш ҳақидаги даъво ариза билан фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судига мурожаат қилган.

Мазкур даъво ариза фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди томонидан кўриб чиқилиб, даъвогарнинг даъво талаби  қаноатлантиришдан рад қилинган.

Биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорига нисбатан даъвогар С.Бахшиев томонидан апелляция тартибида шикояти берилиб, Ички ишлар бошқармаси томонидан буйруқ чиқарилишига фуқаро Х.Хасановнинг аризаси асосида ўтказилган хизмат текшируви хулосаси асос бўлганлиги, хизмат текшируви хулосасига асосан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганлиги, ҳозирги вақтда оқланганлиги, биринчи инстанция суди ушбу ҳолатларни инобатга олмаганлиги ва ҳуқуқий баҳо бермаганлигини баён қилиб,  биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва даъво талабини тўлиқ қаноатлантиришни сўраган. 

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида фуқаролик ишини кўриш жараёнида даъвогар С.Бахшиев уни реабилитация этилганлиги ҳақидаги суд ажрими чиқарилганидан сўнг ишга тиклаш масаласида Ички ишлар вазирлигига ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилганлиги ва ушбу мурожаати қаноатлантирилмаганлиги сабабли судга даъво тартибида мурожаат қилганлиги боис даъвогар даъво муддатини узрли сабабларга кўра ўтказиб юборган деб топиб, ушбу муддатни тиклашни ҳамда даъвогарнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни, биринчи инстанция суди томонидан даъвогар С.Бахшиевнинг буйруқни ғайриқонуний деб топиб ишга тиклаш ҳақидаги даъво талабини қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисида асоссиз тўхтамга келинганлиги аниқланган.

Шунга кўра, жорий йилнинг 13 октябрь куни Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси келтирилган апелляция шикояти асосида фуқаролик ишини кўриб чиқиб, даъвогар Бахшиев Сафармухаммад Холназаровичнинг жавобгар Сурхондарё вилоят Ички ишлар бошқармасига нисбатан “Сурхондарё вилоят ИИБнинг 2013 йил 25 ноябрь кунидаги шахсий таркиб бўйича 71-сонли буйруғини бекор қилиш, меҳнат стажи ҳамда аввалги  ишига тиклаш ҳақида”ги даъво аризаси юзасидан чиқарилган биринчи босқич фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг ҳал қилув қарори  бутунлай бекор қилинган.

Даъвогар Бахшиев Сафармухаммад Холназаровичнинг апелляция шикояти қаноатлантирилиб, “Сурхондарё вилоят ИИБнинг 2013 йил 25 ноябрь кунидаги шахсий таркиб бўйича 71-сонли буйруғини бекор қилиш, меҳнат стажи ҳамда аввалги  ишига тиклаш ҳақида”ги даъво талаби қаноатлантирилиб, жавобгар Сурхондарё вилоят Ички ишлар бошқармасининг 2013 йил 25 ноябрь кунидаги 71-сонли буйруғи ғайриқонуний деб топилган.

Даъвогар  Бахшиев Сафармухаммад Холназарович Сурхондарё вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси алоҳида йўл-патруль хизмати отряди тўртинчи сафарбар гуруҳ йўл-патруль хизмати инспектори лавозимига 2013 йил 25 ноябрь кунидан бошлаб  ишга тиклансин ҳамда унинг шу даврдаги иш стажи тикланган.

Шунингдек, қонунда назарда тутилган асослар даъвогар Бахшиев Сафармухаммад Холназаровични олдинги ишлаб турган ишига (лавозимига) тиклаш имкониятини бермаган тақдирда, унга аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) бериш ҳамда жавобгар Сурхондарё вилоят Ички ишлар бошқармасининг ҳисобидан давлат фойдасига давлат божи учун 600.000 сўм ундириш белгиланган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, фуқаро С.Бахшиев ноҳақ айбланиб, суд томонидан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб чиққанидан сўнг, ўзининг ноҳақ айбланганлигини билгани боис, узоқ йиллардан буён адолат излаб келади. Ўтган давр мобайнида бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва айбсизлигини исботлаш мақсадида қилган мурожаатлари ижобий ҳал этилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan