
Бугун, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида жойлашган Мангузар МФЙ ҳудудида Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари учун бунёд этилган кўп қаватли арзон уй-жойларни ўз эгаларига тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Байрамона тадбирда Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи половник Пўлатжон Сативалдиев, Термиз шаҳар ҳокими Ўктам Тўраев, давлат ва жаоматчилик вакиллари, Нуроний фахрийлар, ҳарбий пенсионерлар, ёшлар, ҳарбий хизматчилар ва янги хонадон соҳиблари иштирок этди.

Ушбу уйлар “СаодатБону Азиза Термиз” хусусий корхонаси томонидан барпо этилган бўлиб, замонавий лойиҳалар асосида бу ерда Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари учун жами 60 хонадондан иборат 3 хонали 9 қаватли уй-жойлар қад ростлади. Улар тантанали равишда юрт ҳимоячиларига топширилди.

– Ҳарбий хизматчиларга алоҳида эътибори учун Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирамиз, – дейди янги хонадон эгаларидан бири, подполковник Фахриддин Зойиров. – Бундай имкониятлар ҳар биримиздан белгиланган жанговар вазифаларни аъло даражада бажаришимизни талаб қилади.
Жумладан, сўнгги йилларида Президентимиз томонидан халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш ва аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида бир қанча ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ҳарбий хизматчилар учун замонавий уй-жойлар, уларнинг фарзандлари учун мактаб ва мактабгача таълим муассасалари қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Термиз шаҳрида 60 нафар ҳарбий хизматчига топширилган замонавий янги хонодонлар уларнинг оиласи билан бирга фаровон турмуш кечиришлари учун берилди.

Ушбу кўп қаватли янги уйлар замонавий жиҳозланган бўлиб, у ерда болалар ўйингоҳи, автотураргоҳ каби барча шарт-шароитлар яратилган.
III даражали сержант Акбар АҲМЕДОВ, Термиз гарнизони