ЖАМИЯТ

“Менинг ҳам ўз ота-онам, оилам бор”-Наврўзбек

Жажжигина Наврўзбек 9 ёшда. Отасидан айрилганда 5 ёшда эди, онаси эса ташлаб кетган. У ҳозир Ангор туманидаги 22-мактабнинг учинчи синфида таҳсил олади.

– Ота-онам кўп жанжал қилишарди. Отам чет элга ишлаш учун кетиб қолди. Онам эса деярли бизга қарамас эди. Кунларнинг бирида бизни онам “Меҳрибонлик уйи”га топширди, аввал кичкина опам билан мени, кейин эса иккала опамни ҳам олиб келди. Дадам чет элдан қайтгач, бизни олиб кетди. Отам қандли диабет касаллигига чалинганди. Мен унда бу хасталикни унчалик оғирлигини тушунмаганман. Устига-устак, дадам бир оёғидан хасталик туфайли айрилган эди. Кўп ўтмай дадам вафот этдилар. Кейин бизни дадамнинг акалари, бобом қарамоғига олдилар,-дейди Наврўзбек Сафаров.

Оилада уч қиз, бир ўғил бўлган Наврўзбекни ангорлик Ҳошимовлар оиласи қарамоғига олди. Эндиликда улар бир оилада, Комилжон Ҳошимовнинг уйида яшашмоқда.

Бу дунёда мурғак қалбларга ота-оналик меҳридан ўзга қувонч ҳадя этадиган бахт бўлмаса керак. Ангорлик Ҳошимовлар оиласи айни шундай сўз-билан ифода этиб бўлмас шодлик дамларини, бахтиёр болаликнинг қувончу шодликларини бир эмас, тўққиз болага ҳадя этди. Улар Термиз шаҳридаги Меҳрибонлик уйидан икки нафар, Тошкентдаги 22-сонли Меҳрибонлик уйидан икки нафар, беш нафар ота-онаси ҳуқуқидан маҳрум бўлган болажонларни ўз қарамоғига олиб, Сурхондарёда «Оилавий болалар уйи»ни ташкил этишган.

-Қизириқ туманида туғилган Наврўзбек кенжатойимиз ҳисобланади. Оилада тўрт фарзанд, учта опаси билан бирга фарзандликка, васийликка олдик, – дейди Комилжон ака. – Аслида бу фикр турмуш ўртоғимдан чиқди. Аввалига тўрт нафар, кейин уч нафар, кейин эса икки нафар болаларни қарамоғимизга олдик. Ўзимизнинг икки нафар ўғлимиз бор, ҳар иккисини ҳам уйли-жойли қилганмиз. Тан оламанки, фарзанд асраб олиш ҳаётимизни тасаввур қилганимизданда кўпроқ бойитди. Кўпчилик бизнинг бу болаларга совға бўлишимизни айтганди, лекин бизга ҳаммаси аксинча бўлиб туюлди. Биз ўзимизни ҳар куни лотереяда ютгандек ҳис қиляпмиз.

Аслида етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка, васийликка (ҳомийликка, патронатга) олган оила зиммасида улкан масъулият бўлади. Зеро, оилада болалар ўзбекчиликни ўрганишади, менталитет нималигини англайди, ўз ҳаёти учун курашишни бошлайди, асосийси оилани муқаддас даргоҳлигини ҳис қилади. Албатта бу боланинг келажаги учун ҳам фойда. Имтиёзлар масаласига келсак, оилавий болалар уйида тарбияланган болаларнинг хам барча имтиёзлари сақланиб қолади. Вояга етгач, давлат томонидан белгиланган тартибда уй-жой билан таъминланадилар.

Чиндан ҳам, бола оила муҳитида эркин ўсиб, ота- она меҳри ва тарбиясини кўриб улғайиши нечоғлик катта аҳамиятга эгалиги ҳеч кимга сир эмас. Оилада ўсган болалар юрагида ўксиниш туйгуси бўлмайди. Буни Меҳрибонлик уйида ўсган болалар жуда яхши биладилар.

-Исмим Жасмина, лекин ота-онам Улбегим деб қўйишган. Сабаби мен учинчи қиз фарзанд эдим оилада. Мендан кейин укам Наврўзбек туғилди. Отам вафот этгач, укам айтганидек бобомнинг оиласида яшадик. У ерда баъзи бир сабабларга кўра узоқ яшамадик. Кейин бошқа оилада, жами тўртта оилада қўним топтик. Шу оилада опаларим, укам билан бирга яшашлигимиз биз учун бахт. Ҳозирги ота-онам биздан ташқари яна беш нафар фарзандни боқиб олишган. Улар билан худди туғишган болалардек иноқ бўлиб кетдик. Шароитларимиз ҳам яхши, ҳар биримизга алоҳида кроват, хонамизда телевизор, компютер жиҳозлари билан таъминлаб беришди. Энг муҳими ота-она меҳрига эришдик, улар бизга худди ўз фарзандларига қарашгандек бор меҳрини аямайдилар,- дейди Улбегим Сафарова биз билан суҳбатда.

Фараз қилинг агар бола меҳрибонлик уйида бўлса кечки овқатдан кейин қорни очса нима қилади? Ошпазлар кетган, ошхона ёпиқ бўлади, дардини бировга айтолмай ётиши кишини ўйлантиради. Оила даврасида бўлса ихтиёр ўзида, истаган пайтда музлатгичдан ҳохлаган нарсасини олиб ейди. Шу билан бирга унга нисбатан алоҳида ёндашув бўлади. Асосийси уни тингловчилар бўлади. Оилани Меҳрибонлик уйларидан ҳам фарқи шунда. Меҳрибонлик уйларида шу кунгача болаларга гуруҳ – гуруҳ қилиб умумий эътибор берилган бўлса, оилада, болага шахс сифатида алоҳида ёндашув мавжуд.

Болалар яшаётган Ҳошимовлар оиласида улар учун барча шароитлар муҳайё. Наврўзбек келажакда ҳарбий бўлмоқчи, Жасмина эса шифокорликни танлаган. Ота-оналар эса уларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

-Болаларнинг ҳар бири билан индивидуал ишлаймиз, чунки уларнинг ҳар бирининг ўз дунёқараши бор. Тўғри бошида озгина қийинчиликлар ҳам бўлди. Уларнинг бир-бири билан тортишиб қолиши, бизнинг оилага кўникиши бизга бироз қийин туюлгандек бўлди. Аммо, буларнинг барчаси ортда қолди, фарзандларим билан ҳар куни суҳбатлашаман, нима муаммоси бор, мактабда ўқишлари қандай, ҳозир ўз фарзандларимдек бўлиб қолишган. Айниқса, оилада қиз фарзандларимиз бўлмаганлиги учунми, асраб олган қизларимга кўпроқ эътибор қаратамиз. Уларнинг менга, онасига меҳрибонлиги кўриб қувонаман,-дейди Комилжон Ҳошимов.

Эслатиш жоизки, қонунчиликга кўра “Оилавий болалар уйи”га берилган болаларни яшаш даврида, вояга етгунига қадар асраб олган ота-оналарга давлат томонидан мунтазам ёрдамлар кўрсатилади.

Болалардаги қувонч мени ҳам тўлқинлантириб юборди. Улар билан суҳбатлашиб, бир муддат болалигим эсга тушди. Кичкинтойлар оила бағрида шундай хурсанд-ки таърифга тил ожиз.

1942-йил Иккинчи жахон уруши даврида Шомаҳмудовлар оиласи 16 нафар болани асраб олгани барчамизга аён. Шундай очарчилик замонларида, оғир даврларда ҳам бола асраб олган ўзбегимга қойил қоламиз, албатта. Бугун Ватанимиз тинч, замонамиз фаровон. 9 нафар ўғил-қизлар Ҳошимовлар оиласига келганидан, ота-она меҳрига сазовор бўлганидан бениҳоя хурсанд.

Мазкур мақола Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди грант маблағи асосида «Нигоҳ» лойиҳаси доирасида тайёрланди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan