
Инсон учун хотиржамлик ва саломатликдан ортиқ неъмат йўқ. Аммо ҳаёт одам боласини баъзан оғир хасталик ва чорасизлик билан синайди.
Қизириқлик Баҳодир Абдурасулов ва синглиси Нозигул ота-онасидан эрта ажралди. Оғир хасталик уларни ота-онасидан бирин –кетин маҳрум қилди. Ўша йиллари Баҳодир 10 ёш, синглиси эса 7 ёшда эди.

-Дунёда ота-онадан ёш айрилиш, бу энг оғир мусибат. Аввал отам, 8 ойдан сўнг онам оғир хасталикдан оламдан ўтишди, яъни бир йилда ҳар икки меҳрибонимиздан айрилдик. Ўша кунларни эсласам, худди тушга ўхшайди. Дунёда синглим иккимиз ҳеч кимсиз қолгандекмиз гўё. Мен учинчи синфда ўқир эдим, синглим ҳали мактабга ҳам бориб улгурмаган эди,-дейди биз билан суҳбатда Баҳодир.
Баҳодир билан суҳбатлашар эканмиз, унинг катталардек фикр юритиши, қийинчиликларга қарамасдан доим жилмайиб туриши, маъноли қарашлари унинг ақллилигига амин бўлдик.
-Бобомиз бизни ўз қарамоғига олдилар. Биз тоғамлар, янгаларимиз, уларнинг фарзандлари билан бирга яшай бошладик. Орадан бироз вақт ўтгач, бобом бизни Термиз шаҳридаги 12-сонли Меҳрибонлик уйига жойлаштирди. У ерда синглим иккимиз беш йил яшадик, таҳсил олдик. Дарвоқе, Нозигул биринчи синфда ўқишни Меҳрибонлик уйида бошлаган. У ерда шароитлар яхши, мураббийлар дарсларни юқори даражада олиб борар, ҳамма нарса етарли эди. Лекин ота-она меҳри, уларнинг бу дунёда йўқлиги бизни чуқур қайғуга солади. Начора, ҳаёт экан кўникамизда,-дейди Баҳодир.

Жўрабек ва Нафиса Йўлдошевлар оиласи Баҳодир ва Нозигулга бегона эмас, тоғаси ҳамда янгаси ҳисобланади. Болаларнинг ота-онаси, кейин қарамоғига олган бобоси оламдан ўтгач, уларни ўзларига фарзанд қилиб (патрионатга) олишди. Ўзларининг уч нафар фарзанди бор, эндиликда эса болалари беш нафарга етди. Уларга қўлдан келганча ғамхўрлик қилиб келишмоқда.
-Фарзандларимнинг ҳар бирининг ўз дунё қараши бор. Оиламиз бошлиғи билан уларнинг тарбиясига, ўқишига алоҳида эътибор берамиз. Баҳодир ва Нозигул ота-онасидан эрта жудо бўлишди. Улар оламдан ўтгач, биз билан бироз муддат бирга яшашди. Сўнг қайнотам уларнинг ўқиши, тарбиясини ўйлаб Меҳрибонлик уйига топширдилар. Байрамларда, вақти-вақти билан уларнинг ҳолидан хабар олиб турдик. Болалар уйлари тугатилгач, уларни Қумқўрғонлик бир оила ўз қарамоғига олишмоқчи бўлишди. Болалар эса сизлар билан, укамлар билан бирга яшаймиз, майли шароити бўлмаса ҳам сиз билан бирга кетамиз, дейишди. Кўнглим алланечук бўлиб кетди, чунки уларга меҳрим тушиб бўлганди. Анчадан буён шу ҳақда ўйлаб юрардим, қайнсинглим фарзандлари менга ҳам бегонамаску, ахир. Турмуш ўртоғим билан келишиб уларни фарзандликка, патрионатга олдик,-дейди Нафиса Нормуродова.

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка, васийликка (ҳомийликка, патронатга) олган оилага болаларни яшаш даврида, вояга етгунига қадар асраб олган ота-оналарга давлат томонидан мунтазам ёрдамлар кўрсатилади. Ҳукуматимиз томонидан Баҳодир ва Нозигулга ҳам моддий ва маънавий кўмак берилиб келинмоқда. Аммо яшаш хонадони таъмирталаб, шароитлари ҳам ҳаминқадар эканлиги кўнглимизни бироз хира қилди.



-Мен туман марказий шифохонасида ҳамшира, турмуш ўртоғим эса мактабда қоровул бўлиб ишлайдилар. Худога шукр, нолимаймиз, болаларга мунтазам равишда давлатимиз томонидан ёрдам бериб келинмоқда. Лекин, уларга шароитни янада яхшилашимиз учун кредит олмоқчимиз,-дейди Нафиса Нормуродова.

-Қизириқ туманида жами 25 нафар чин етим бўлиб, шулардан икки нафари патрионатга олинган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августдаги ПҚ-6275-сонли қарорига асосан Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган, вояга етмаганлар оилада тарбия топиши учун Меҳрибонлик уйидан қайтарилган. Оилавий шароити, болаларнинг таъминотини яхшилаш мақсадида Абдурасулов Баҳодир ва Абдурасулова Нозигуллар патрионатга тайинланган. Ҳар ойда ҳукуматимиз тонидан 1 млн 233 минг сўмдан пул маблағлари ҳар бир болага бериб келинмоқда, жумладан Баҳодир ва Нозигулга ҳам берилади. Бундан ташқари “Меҳр дафтари” платформасига киритганмиз, уларнинг камчилиги, қизиқиши, шароитидан келиб чиқиб катта фарзанди Баҳодирга ноутбук, Нозигул тикувчиликка қизиққанлиги учун тикув машинаси олиб беришга рўйхатга қўйганмиз. Уларга тез кунда ноутбук ва тикув машинаси етиб келади. Келгусида бу оиланинг яшаш шароитларини яхшилаш борасида ҳам амалий кўмак бермоқчимиз,-дейди биз билан суҳбатда Қизириқ тумани ҳокимлиги болаларни ҳимоя қилиш шуъба мудири Бобур Раҳматов.
Баҳодир келажакда стомотолог, Нозигул эса шифокор бўлмоқчи. Уларнинг келгусида аъло баҳоларда ўқиб, ушбу касбнинг етук мутахассислари бўлиб етишишига тилакдошмиз.

Ҳаёт синовлардан иборат. Ҳаммамиз синовларни бошдан кечирган, кечираётган инсонлармиз.
Болалар уйидан бола асраб олиш ҳар кимни ҳам қўлидан келавермайди. Айниқса бир вақтнинг ўзида бир нечта бола асраб олиб тарбия қилиш осон иш эмас.

Йўлдошевлар оиласи бошлаган ушбу олийжаноб ишга муваффақият тилаган ҳолда, унга доимо кўмакдош бўлишга ҳамда оила аъзосига айланган ушбу ўғил-қизнинг маънавиятли ва ватанпарвар бўлиб, келажакда юртимиз ривожланишига ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшадиган фарзандлар бўлиб камол топишига умид қиламиз.
Мазкур мақола Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди грант маблағи асосида «Нигоҳ» лойиҳаси доирасида тайёрланди.