ЖАМИЯТ

Ҳадя шартномаси билан боғлиқ вужудга келадиган ҳуқуқий муносабатлар ва уларнинг тартибга солиниши.

Битимларнинг бир тури ҳисобланган ҳадя шартномаси фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар орасида алоҳида аҳамият касб этади.

Фуқаролик қонунчилигида ҳадяшартномасига қуйидагича таъриф берилган бўлиб, яъни бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи) га ашёни текин мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятни олади ёхуд унга, ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талабини) беради ё бериш мажбуриятни олади ёхуд уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилади ёинки озод қилиш мажбуриятини олади.

Ҳадя шартномаси реал бўлсада, айни пайтда ҳадя қилувчи ҳадя олувчига келгусида ҳадя қилиш қилиш мажбуриятини олади.

Ҳамма ҳолларда ҳам ҳадя шартномаси вужудга келавермайди. Агарда ашё ёки мулк муқобил берилганда ё бўлмаса, муқобил мажбурият мавжуд бўлган ҳолларда шартнома ҳадя деб тан олинмайди. Бу ҳолат ҳадя шартномасининг тамойилларига зиддир.

Ушбу ҳолатда агарда битим бошқа битимни ниқоблаш мақсадида тузилган бўлса (кўзбўямачилик битими), тарафлар ҳақиқатда назарда тутган битимга доир қоидалар қўлланилади(ФКнинг 124-моддаси).

Амалиётда фуқаролар томонидан олди-сотди муносабатларини ниқоблаш мақсадида ҳадя шартномасини тузиш ҳолатларини кўпроқ учратиш мумкин.

Ҳадя шартномасининг яна бир муҳим жиҳати борки ушбу қоида бошқа шартномавий муносабатларда учрамайди. Яъни, бирон – бир ашёни ёки мулк ҳуқуқини текинга бириш ёки бирон – бир шахсни мажбуриятдан озод этишни ваъда қилиш, агар ваъда тегишли шахсда берилган бўлса ва келажакда аниқ шахсга ашё ёки мулкий ҳуқуқни текинга бериш ёки уни мулкий мажбуриятдан озод қилиш мақсади аниқ кўриниб турган бўлсагина, ҳадя шартномаси деб тан олинади(ФКнинг 502-моддаси).

Ҳадя шартномаси бир томонлама, реал, текинга тузиладиган шартнома ҳисобланади. Ҳадя бу ҳадя олувчининг таклиф қилинган мулкий ҳуқуқни қабул қилишга розилик беришда ифодаланади, айнан шу белгиси билан ҳам ҳадя қарз шартномасидан фарқ қилади.

Ҳадя билан боғлиқ келиб чиқадиган ҳуқуқий муносабатлар иштирокчилари албатта муомала лаёқатига эга бўлишлари шарт ҳисобланади.

Ҳадя шартномасининг шаклига доир қоидалар Фуқаролик кодексининг 504-моддасида белгилаб қўйилган. Ушбу талабларга риоя этмаслик ҳадя шартномасининг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.

Бундан ташқари, фуқаролик қонунчилигининг битимларни ҳақиқий эмаслигига оид 113-128-моддалари қоидалари талаблари ҳам ҳадя шартномасига тааллуқлидир.

Фуқаролик қонунчилиги эр ва хотинлар ўртасида ҳадя шартномасини тузилишини чекламайди ҳадя қилинган мол – мулк, ашё ёки мулкий ҳуқуқ ҳадя олувчининг шахсан ўзигагина тегишли бўлади. Оила қонунчилигида белгилаб қўйилганидек эр–хотиннинг  никох давомида (ёки никохга қадар) ҳадя хисобига ортирган мол – мулклари улардан ҳар бирининг ўз мулки хисобланади(Оила кодекси 25-моддаси). Бинобарин, ундан ҳақ ундиришга ёки бошқача тарзда ўзлаштиришга фақат мулкдорнинг розилиги билангина йўл қўйилади.

Ҳадя нарсаси топширилгунига қадар ҳадя олувчи исталган вақтда қабул қилишдан бош тортишга ҳақлидир. Агарда ҳадя ёзма шаклда тузилган ёки давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса, уни қабул қилишни рад этиш ҳам ёзма шаклда бўлиши ёки давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Ҳадя шартномаси тузилганидан кейин ҳадя қилувчининг моддий аҳволи жиддий оғирлашган бўлса, у келажакда ҳадя олувчига ашёни ёки мулк ҳуқуқини бериш ё бўлмаса, уни мулкий мажбуриятдан озод этиш ваъда қилинган шартномани бажаришдан бош тортиш ҳуқуқига эга.

Қонунда ҳадя шартномасини бекор қилиш асослари қатъий белгилаб қўйилган бўлиб, у кенгайтириб талқин этилиши мумкин эмас.

Ҳадя шартномасини қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

– Ҳадя олувчи ҳадя қилувчининг, унинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлиғига қарши атайлаб жиноят содир қилган ҳолларда;

– Ҳадя олувчи ҳадя қилувчини қасддан ўлдирган тақдирда;

– Агар ҳадя олувчининг ҳадя қилувчи учун катта номулкий қийматга эга бўлган ҳадя буюмга нисбатан муомаласи унинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши хавфини солса;

– Манфаатдор шахснинг талабига биноан суд якка тадбиркор ёки юридик шахснинг банкротлик тўғрисидаги қонунчилик қоидаларини бузиб, банкрот деб эълон қилинишидан олдинги бир йил ичида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ маблағлар ҳисобидан қилган ҳадясини бекор қилиши мумкин.

Ҳадяни юқоридаги асослар бўйича бекор қилиш суд тартибида амалга оширилади.

Бундан ташқари, ҳадя шартномасида ҳадя олувчи ҳадя қилувчидан олдин вафот этган тақдирда ҳадя қилувчининг ҳадяни бекор қилиш ҳуқуқи шарт қилиб қўйилиши мумкин.

Ҳадя бекор қилинган тақдирда ҳадя олувчи ҳадя қилинган ашёни, агар у ҳадя бекор қилинган пайтда асл ҳолатда сақланиб қолган бўлса, қайтариши лозим.

Шуни ҳам эътиборга олиш лозимки, ҳадя шартномасини бажаришдан бош тортиши ва бекор қилиш ҳақидаги қоидалар оғзаки тузилган шартномаларга нисбатан қўлланилмайди.

Қонун ҳадя шартномаси билан боғлиқ ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг ворислик тартибида ўтиши борасида айрим қоидаларни белгилаб қўйган. Унга кўра, агарда ҳадя шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ҳадя шартномасига мувофиқ ҳадя ваъда қилинган ҳадя олувчининг ҳуқуқлари унинг меросхўрларига (ҳуқуқий ворисларига) ўтмайди.

Агар ҳадя шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ҳадя шартномасига мувофиқ ҳадя беришни ваъда қилган шахснинг мажбуриятлари унинг меросхўрларига (ҳуқуқий ворисларига) ўтади.

Фуқаролар ҳадя шартномасини  ҳадя шартномасининг мақсадига мувофиқ тарзда тузса, мол-мулкнинг (ашёнинг) тақдирини ҳал этувчи қарорни қабул қилишда қонунчилик нормаларига амалга қилса, ушбу борада амалиётда вужудга келаётган турли хил низоларнинг олди олинган бўлур эди.

Б.Мустафаев

Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди судьяси                         

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan