ДУНЁ

Оқ уй Трампнинг уйидаги тинтувга муносабат билдирди

Оқ уй АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трампнинг уйида тинтувлар ўтказилиши ва ундан бир қатор махфий ҳужжатлар топилишига аралашмаётганини маълум қилди. Бу ҳақда «ABC news» хабар берди.

АҚШ маъмурияти матбуот котиби Карин Жан-Пьер бу бўйича гапирган.

«Ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига, терговга келсак, Адлия вазирлиги тўлиқ мустақилликка эга. Жо Байден буни сайловолди кампаниясида ва президент сифатида айтган. Биз аралашмаймиз, бизга бу ҳақда хабар берилмайди», — деган у.

Унинг таъкидлашича, ишни тергов қилаётган АҚШ Адлия вазирлиги тўлиқ мустақил ва Оқ уйнинг аралашувидан холи.

Ўз навбатида, Трамп Флоридадаги қароргоҳидан тинтувда топилган махфий ҳужжатларни қайтаришни талаб қилган. У Федерал қидирув бюроси ходимлари адвокат махфийлиги остидаги ҳужжатлар солинган қутиларни, ижроия ҳокимиятининг имтиёзлари билан ҳимояланган бир қатор қоғозларни олиб кетганини айтган.

«Мен бу ҳужжатларни зудлик билан олиб кетган жойга қайтаришни чин дилдан сўрайман. Раҳмат!», — деб ёзган Трамп ўзининг  Truth Social ижтимоий тармоғида.

АҚШ собиқ президентининг уйида тинтув ўтказилгандан сўнг Федерал қидирув бюроси ходимлари  11 та махфий ҳужжатлар тўпламини топган. Ҳужжатларнинг баъзиларида «ўта махфий» белгиси қўйилган ва улар фақат махсус давлат муассасаларида сақлашга мўлжалланган.

Қидирув ордерига кўра, Трампда ҳукумат сирининг энг юқори даражаларидан бири бўлган «TS/SCI» белгиси ва «Франция президенти ҳақидаги маълумотлар» белгиси бўлган ҳужжатлар аниқланган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan