ДУНЁ

АҚШда бир неча юз миллион доллар миқдоридаги ишсизлик нафақаси пуллари ўғирланди

Фирибгарларнинг уюшган жиноий тўдаси Вашингтон ва бошқа 6 та штатда ишсизлар номидан сохта мурожаатлар қилиб миллионлаб долларни ўзлаштирган.  Бу ҳақда якшанба куни The New York Times газетаси маҳаллий ҳукумат идоралари ва АҚШ яширин хизматларининг маълумотларига таяниб, хабар берди.

Мақолада айтилишича, фирибгарлар америкалик мутасаддиларнинг пандемия сабабли жуда банд бўлиб қолишганидан фойдаланган. Улар меҳнатга лаёқатли кишилар номидан ёрдам пули учун сўровлар уюштирган. Фуқароларнинг телефон рақамлари, яшаш манзиллари, ижтимоий суғурта ва банк карталарининг рақамларини эса хакерлик воситасида коронавирус тарқалишидан анча олдин қўлга киритишган. Маблағлар ёлғон сўровларга асосан аксарият ҳудудларда  тўғридан-тўғри банк карталарига юклаб берилган.

Газетанинг маълумотига қараганда, ёрдамга эҳтиёжи бўлмаган АҚШ фуқаролари ўзларининг электрон манзилларига улар учун нафақа пули ажратилгани ҳақидаги хабар келганини телефон қилиб билдирганидан сўнг вазият очиқланган.

Ўтган ҳафтада АҚШ Меҳнат вазирлиги апрел ойида мамлакатда ишсизлик кўрсатгичи рекорд даражага яъни 14,7% га етганини маълум қилган эди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan