ЖАМИЯТ

МИРИШКОР ДЕҲҚОНИ ОШҚОВОҚДАН 35 КИЛОГРАММ БЎЛГАН ҲОСИЛНИ ЕТИШТИРИШ УДДАСИДАН ЧИҚДИ

Барчамиз севиб томоша қиладиган «Абдуллажон» филмининг эсда қоларли кадрлардан бири пайкалда ўстирилган катта-катта қовун ва тарвузлардир. Кинони томоша қилиш жараёнида бу ҳаёт эмас, кинода, деган гапларни айтганимиз ҳам айни ҳақиқатдир.

Излаган имкон топар деганидек, Сурхондарё вилояти Шўрчи туманининг миришкор деҳқони Х.Қурбонов ошқовоқдан 35 кг ча бўлган ҳосилни етиштириш уддасидан чиқди. Холбой Қурбонов оиласи билан 11 сотих томорқасида деҳқончилик қилишни бошлаганига ҳам кўп йиллар бўлди. Йиллар давомида мўъжазгина томорқасига меҳрини берган Холбой акага бугун Она ер ҳам ўз мўжизасини кўрсатди. Томорқада экилган ошқовоқлар 35 кг ча ҳосил берди.

-Апрел ойида ошқовоқ экиб, доимгидек парвариш қилишни бошладик, – дейди Х.Қурбонов. – Вақт ўтгани сари, ошқовоқ ниҳоли униб чиқиб, кунлар, ойлар давомида ҳосили йириклашиб борарди. Тўғриси, ошқовоқнинг 35 килограмм ҳосил берганини кўриб, даставвал ўзим ҳам ишонмадим. Пайкалдан 35 килограммлик 4-5 дона ошқовоқ ҳосилини олгач, меҳр билан ишланса, ҳеч қачон томорқа ўз эгасини мукофотсиз қолдирмас экан. Англаганим шу бўлдики, ерни алдамасангиз, ер ҳеч қачон сизни ноумид қолдирмайди.

Албатта, ерни эъзозлаган, уни ҳар қарачидан унумли фойдаланган киши ҳеч қачон кам бўлмайди. Аксинча, қилган ҳалол меҳнати эвазига унинг турмуш фаровонлиги яхшиланиб, даромади кўпаяди. Ердан самарали фойдаланаётган миришкор деҳқон экиндан мўъжиза ҳосил қилишга мувоффақ бўлди. Зеро, қилинган меҳнат ҳеч қачон эътиборсиз, мукофотсиз қолмайди.

Нигина ШОЕВА, журналист

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan