СПОРТ

«Коня-2021»: олтин медалларимиз сони 1 тага кўпайди

Хабар берганимиздек, Туркиянинг Коня шаҳрида давом этаётган Ислом бирдамлиги ўйинларида кеча ўзбекистонлик енгил атлетикачи 15 ёшли Шарифа Давронова 14,30 метр натижа қайд этиб, пешқадамга айланганди.

Бироқ, ҳакамлар қарори қизил чизиқни кесиб ўтган туркиялик Туғба Данишмасга ғолиблик тақдим этилганди.

Афсуски, ўша вазиятда ҳакамлар хатога йўл қўйди. Ўзбекистон ва Озарбайжон терма жамоалари томонидан билдирилган эътирозларга муносабат билдирилмади. Стадионга йиғилган мухлислар гувоҳлигида Туғба Данишмас ғолиб сифатида эътироф этилди.

Мусобақа қоидасига биноан шикоят киритиш ҳуқуқидан унумли фойдаланган Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси мураббийлар штаби мазкур ҳолат юзасидан ўз вақтида ҳакамлар қўмитасига раддия тақдим этди.

Ҳолат экспертлар томонидан кўриб чиқилди. Туркиялик спортчи техник хатоликка йўл қўйгани видео тасвирни қайта кўриш орқали аниқланди ва унинг натижаси бекор қилинди, дея хабар берди Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.

Бу эса ҳақли равишда ҳамюртимиз Шарифа Давронованинг олтин медали билан тақдирланишига олиб келди.

Энди Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобидаги олтин медаллар сони 11 та эмас, 12 тадан иборат.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan