ЖАМИЯТ

Сурхондарёда 82 та маҳаллада болалар боғчаси умуман мавжуд эмас

Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 5 апрелдаги “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори давлат-хусусий шериклик лойиҳалари учун кенг имкониятлар яратди. Бугун нафақат марказларда, балки чекка туманлар, қишлоқ ва овулларда ҳам янги, замонавий, кенг қулайликларга эга боғчалар барпо этилмоқда.

Шу йилнинг 23-25 май кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзолари Сурхондарё вилояти мактабгача таълими тизимида давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиладиган нодавлат боғчалар, тизимда олиб борилаётган амалий чора-тадбирлар ва уларнинг самарадорлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳолатини ўрганган эди.

Ўрганиш давомида сўнгги 5 йилда вилоятда нодавлат МТТга қамраб олинган болаларнинг улуши 2017 йилдаги 0,2 фоиздан 40,6 фоизга етгани маълум бўлди. 191 та давлат-хусусий шерикчилик битимлари имзоланган бўлиб, шундан 14 минг 385 ўринли 177 тасига 2018-2021 йиллар давомида давлат мақсадли жамғармалари ҳисобидан 282,8 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилган.

Шунингдек, ташаббускорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 480 ўринли 6 та лойиҳа амалга оширилмоқда. 825 қувватга эга 8 та лойиҳа учун 17,85 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилиши кутилмоқда. Давлат-хусусий шерикчилик асосида фаолият юритаётган 151 та МТТдан 148 тасига 251,1 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлса, қолган 3 та лойиҳа кредит маблағларини жалб қилмаган ҳолда амалга оширилган.

Фаолиятини бошлаган 151 та давлат-хусусий шериклик ташкилотларининг умумий қуввати 13 минг 200 ўрин бўлиб, 11 минг 533 нафар бола қамраб олинган. Бу қувватга нисбатан 87,4 фоизни ташкил этмоқда.

Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг йиғилишида Мактабгача таълим вазирлигининг “Давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиладиган нодавлат боғчалар борасида тизимда олиб борилаётган амалий чора-тадбирлар ва уларнинг самарадорлиги тўғрисида”ги ахбороти эшитилар экан, соҳадаги ишларга тўхталиб ўтилди.

Қайд этилганидек, Президентимизнинг 2021 йил 10 июндаги “Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2021 йилда қуввати 2 минг 150 ўринга мўлжалланган 19 та давлат-хусусий шерикчилик лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган. Бугунги кунда 15 та хусусий шериклар билан давлат-хусусий шерикчилик битимлари имзоланиб, молиялаштириш манбалари аниқланган.

2018-2019 йилларда оилавий МТТлар сони 228 та, қуввати 5 минг 621 ўринли бўлиб, қамраб олинган болалар сони 5 минг 608 нафарни ташкил этган бўлса, 2021 йилга келиб, қуввати 47 минг 929 ўринга тенг 1 минг 768 та оилавий МТТларда 42 минг 667 бола қамраб олинди. Энг муҳими, 2019 йилга нисбатан оилавий МТТлар сони 1 минг 540 тага оширилди.

Ўрганиш давомида Сурхондарё вилоятидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида 2 минг 642 нафар педагоглар бўлиб, уларнинг 769 нафари олий, 1 минг 873 нафарини ўрта махсус маълумотлилар ташкил этиши, ўрта махсус маълумотли кадрларнинг 295 нафари эса номутахассис эканлиги аниқланган. Шунингдек, вилоятдаги мавжуд 721 та МФЙдан 82 тасида умуман МТТлар мавжуд эмас. Бандихон, Денов, Олтинсой туманларида болаларни мактабгача таълим билан қамров даражаси 50 фоиздан паст бўлиб қолган.

Эшитув давомида депутатлар ўрганиш чоғида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича қандай ишлар қилингани билан қизиқди. Мутасаддилар депутатларнинг вилоятдаги ўрганишларидан сўнг, соҳада сезиларли ўзгаришлар бўлганини, мавжуд муаммо ва камчиликлар бартараф этилганини маълум қилди. Халқ вакиллари соҳадаги муаммоларни ҳал этиш, жойларда болаларни МТТларга қамровини кенгайтириш бўйича ўз таклиф-тавсияларини билдирдилар.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan