ЎЗБЕКИСТОН

Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида савдо ҳажми 6 фоизга ўсди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан жорий йилнинг биринчи ярми учун кўчмас мулк бозоридаги ҳолат таҳлил қилинди. Маълумотларга кўра, Ўзбекистон кўчмас мулк бозоридаги савдо ҳажми 6 фоизга ўсган.

Хусусан,  Ўзбекистонда жорий йилнинг биринчи ярмида 126 минг дона кўчмас мулк олди-сотди шартномалари расмийлаштирилди. Бу 2021 йилнинг ушбу даврига (119 минг) нисбатан 6 фоизга кўп.

Ҳудудлар кесимида жорий йилнинг 6 ойи давомида энг юқори ўсиш суръатлари Хоразм (24 фоиз), Бухоро (22 фоиз), Сурхондарё (16 фоиз), Жиззах (13 фоиз), Наманган (13 фоиз), Қашқадарё (12 фоиз) ва Фарғона (11 фоиз) вилоятларида кузатилди.

Шу билан бирга, кўчмас мулк бозоридаги олди-сотди шартномалар сонининг нисбатан паст ўсиш суръатлари Тошкент вилоятида (-7фоиз) қайд этилди, Сирдарё вилоятида (-1 фоиз) фаолликнинг бирмунча пасайиши кузатилди.

Пойтахтда жорий йилнинг биринчи ярмида кўчмас мулкни сотиб олиш ва сотиш бўйича тузилган шартномалар сони бироз ошди (+1 фоиз) ва 37,446 тани ташкил этди.

Ўтган йилнинг мос даврида кўчмас мулк олди-сотдисининг 21 фоизи ипотека кредитлари орқали молиялаштирилган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткич 28 фоиздан ошди. Шу билан бирга, бирламчи бозорда 45 мингга яқин янги уй-жойлар қуриб топширилган (ўсиш 32 фоиз). 

Иккиламчи уй-жой бозоридаги нархлар…

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилнинг биринчи ярмида иккиламчи бозорда ўртача уй-жой нархлари 7,1 фоизга ўсди.

Ҳудудлар кесимида жорий йилнинг биринчи ярмида уй-жой кўчмас мулк нархларининг энг катта ўсиш суръатлари Тошкент (15,6 фоиз), Навоий (15 фоиз), Сурхондарё (13,3фоиз) ва Сирдарё (11,5 фоиз) вилоятларида кузатилган, Наманган (-13,3 фоиз) ва Самарқанд (-1,3фоиз) вилоятларида уй-жой нархлари пасайган.

Йил бошидан буён Тошкент шаҳрида иккиламчи бозорда уй-жой нархлари 11,3 фоизга ошган (биринчи чоракда 6,5 фоизга; иккинчи чоракда 4,3 фоизга ўсган). Шу билан бирга, уй-жой нархининг ўсиши барча туманларда қайд этилди. Энг катта ўсиш Мирзо-Улуғбек (18,7 фоиз), Яккасарой (16 фоиз) ва Яшнобод (14,3 фоиз) туманларида кузатилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan