022 йил 20-23 июль кунлари Озарбайжон Республикаси Шуша шаҳрида Халқаро медиа форум бўлиб ўтди. Тадбир Озарбайжон Медиани ривожлантириш агентлиги томонидан мамлакат матбуот куни муносабати билан илк бор ташкил этилди. Унда Туркия, Россия, Европа иттифоқи, Марказий Осиё мамлакатларининг ахборот соҳаси расмийлари, давлат идораларининг юқори мартабали мутасаддилари ва журналистлар иштирок этди.
Форумда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджанов ҳам маъруза билан қатнашиб, тадбирнинг аҳамияти, икки томон ОАВлари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг муҳим йўналишлари хусусида фикр билдирди, шунингдек, Ўзбекистонда ОАВ ҳуқуқлари ва сўз эркинлигини таъминлаш ҳамда жамиятдаги ролини ошириш, ахборот хизматларини такомиллаштириш орқали давлат органлари фаолияти шаффофлиги ва очиқлиги, халқ олдида ҳисобдорлигини йўлга қўйиш борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар тўғрисида маълумот берди.
Маълумки, жорий йил 20 июнь куни Тошкентда АОКА ҳамда Озарбайжон Медиани ривожлантириш агентлиги ўртасида англашув меморандуми имзоланган эди. Форум мобайнида ушбу меморандумда белгиланган вазифа ва мақсадларни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари юзасидан ҳам ташаббуслар илгари сурилди.
Халқаро тадбир доирасида турли жабҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган долзарб мавзулар бўйича мулоқот сессиялари ташкил этилди. Ахборот соҳасида бирдамлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш муҳимлиги такъидланиб, мазкур форум бу борада тажриба алмашиш ва имкониятлардан самарали фойдаланиш учун ўзига хос платформа бўлиши қайд этилди.
Форум якунида ахборот соҳаси ва юқори технологияли замонавий медиани ривожлантиришда ўзаро ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш, мулоқотлар кўламини кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.