ДУНЁ

«Толибон» қўмондони Тожикистонни бир ҳафта ичида босиб олиш билан таҳдид қилди

«Толибон» қўмондонларидан бири Тожикистонни агар Афғонистон ички ишларига аралашишни бас қилмаса, бир ҳафта ичида босиб олишлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди, деб ёзади Asia Plus Афғонистоннинг «Хаште субх» газетасига таяниб.

2 август куни ушбу газетанинг Тохар вилоятидаги маҳаллий манбаси маълум қилишича, толибларнинг «Омари» 217-армия корпуси қўмондони ўринбосари мулла Жан Муҳаммад Ҳамза «Толибон» ҳукуматининг Тахорда ташриф билан бўлиб турган вазирларидан бирининг олдида шундай баёнот қилган.

«Толиблар корпуси қўмондони ўринбосари Душанбени огоҳлантирди, агар Тожикистон Афғонистоннинг ички ишларига аралашишни бас қилмаса, Россия эса Тожикистонни қўллаб-қувватлаб унинг орқасида турмаса, унда  толиблар бу мамлакатни бир ҳафта ичида эгаллаб олади», — дея маълум қилди газета манбаси.

Тожикистон ҳукумати мулла Жаннинг баёноти юзасидан изоҳ берганича йўқ.

Бу «Толибон»га яқин шахслар Тожикистонни Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик ҳақида огоҳлантириши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас.

Аввалроқ Афғонистон собиқ бош вазири ва мамлакатдаги Ислом партияси асосчиси Гулбиддин Ҳикматёр Тожикистон «афғон мухолифатига бошпана тақдим этиш орқали, Афғонистонга уруш эълон қилди», — деган эди.

Ҳикматёрнинг бу баёноти «Толибон»  ҳукуматининг расмий шахслари томонидан очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлангани йўқ.

«Толибон» вакили Забиҳулло Мужоҳид Афғонистондан қўшни мамлакатларга ҳужумларга йўл қўймасликлари ҳақида бир неча марта айтиб ўтган.

Афғонистонда ҳокимият тепасига толиблар келганидан буён Тожикистон улар билан ҳеч қандай алоқалар ўрнатгани йўқ, у барча озчиликларларнинг талаблари ва инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда инклюзив ҳукумат тузилишини ёқлаб келмоқда.

Тахмин қилинишича, «Афғонистоннинг ички ишларига аралашув» деганда «Толибон» Тожикистоннинг айнан шу позициясини назарда тутмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan