ЖАМИЯТ

Киберхафвсизлик – шахс ва маълумот хафвсизлиги

Киберхафвсизлик нима? Ўзи у бизга нега керак? Ҳозирги кунда ахборот технологияларининг ривожланиши инсониятга қанча қулайлик олиб келаётган бўлса, шу қадар шахс ва маълумот хафвсизлигига ҳужумлар сони ортмоқда.

Дунё миқиёсида ахборот технологияларининг ривожланиши, ХХI аср – ахборот технологиялар асри бўлганлиги, инсонларга қанчалик қулай бўлган бўлса, шунчалик уларнинг ҳаёти ва шахсий маълумотларига бўлган хафвсизликнинг камайишига олиб келди. Инсонлар ўртасида электрон пуллар ишлатилиб, уларнинг қанча қулайлиги ортган бўлса, уларга нисбатан ҳужум ҳам шу даражада ортди. Айнан ушбу  соҳалардаги хафвсизлик “Киберхафвсизлик” билан таъминланади.

Кибермаконда содир бўлаётган жиноятлар сони ҳозирги кунга сезиларли даражада ошди. Кибермакондаги жиноятларнинг бошқа жиноятлардан фарқи бу жиноятни шахс масофадан содир қилади, инсон бу жиноятни ўз кўзи билан кўрмайди, бу жиноятда инсон  ҳаётига эмас балки маълумотларига ҳужум бўлади. Шунинг учун бу каби жиноятларга қарши курашиш учун мамлакатда самарали иш олиб борувчи органлар тизимини яратишни тақазо қилади.

Ўзбекистон Республикасида ҳам шу кунгача “Киберхафвсизлик” масаласи бўйича қонун ҳужжатлари етарли даражада эмас эди. Чунку бу тушунча ва бу каби жиноятлар яқин ўтган йилларда жуда авж олиб кетди. Шу сабабли  Ўзбекистон Республикасида  киберхавфсизлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, кибержиноятларни олдини олиш, киберҳужумдан ҳимояланиш мақсадида Олий Мажлис томонидан 2022 йил 15апрелда “Киберхафвсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди ва кучга кириш жорий йилнинг 17 июл санаси этиб белгиланди.

Қабул қилинган қонунда киберхафвсизлик соҳасидаги муҳим тушунчаларнинг тўлиқ маънолари очиб берилди.  Қонунда киберхафвсизлик соҳасидаги муносабатларни ўз принциплари орқали тартибга солиш белгиланди. Бу принципларни қонунийлик; кибермаконда шахс, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишнинг устуворлиги; киберхавфсизлик соҳасини тартибга солишга нисбатан ягона ёндашув; киберхавфсизлик тизимини яратишда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокининг устуворлиги; Ўзбекистон Республикасининг киберхавфсизликни таъминлашда халқаро ҳамкорлик учун очиқлиги каби принциплар ташкил қилади.

Ундаги ягона давлат сиёсатини Ўзбекистон Республикаси Президенти белгилайди. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органидир.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматига киберхавфсизлик соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва давлат дастурларини ишлаб чиқиши, киберхавфсизлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириши, киберхавфсизлик ҳодисалари юзасидан тезкор-қидирув тадбирларини, терговга қадар текширувларни ва тергов ҳаракатларини амалга ошириш, киберхавфсизлик ҳодисаларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этиш ҳамда уларга нисбатан тегишли чора-тадбирларни, шу жумладан уларнинг оқибатларини тугатиш бўйича ташкилий-техник чора-тадбирларни кўриши, фавқулодда вазиятларда ахборот тизимлари ва ресурсларини киберҳимоя қилиш ҳамда киберхавфсизлик соҳасидаги бошқа масалалар бўйича чора-тадбирларни ўз ичига олган режаларни ишлаб чиқиши, киберхавфсизликни таъминлашга доир ишларни, шунингдек муҳим ахборот инфратузилмаси обектларида киберҳужумларнинг олдини олишга, уларни аниқлашга, оқибатларини тугатишга доир ишларни ташкил этиши, муҳим ахборот инфратузилмаси объектларининг киберхавфсизлигини таъминлашга доир талабларни белгилаши каби бир қанча янги вазифалар юклатилди.

Киберхафвсизлик субъектларининг ўз киберхавфсизлигини таъминлаш мақсадида ваколатли давлат органидан кибертаҳдидлар, дастурий таъминотдаги, ускуналар ва технологиялардаги заифликлар тўғрисидаги маълумотларни олиши, киберҳужумлардан ҳимоя қилиш воситалари ва усуллари, шунингдек, уларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш усуллари тўғрисида ваколатли давлат органидан маълумотлар ва маслаҳатлар олиши ўз киберхавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириши каби  ҳуқуқлари белгиланди.

Бу каби қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда киберхафвсизликни таъминлаш ва кибержиноятчиликнинг олдини олиш бўйича муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Зеро, шу қонун орқали кибержиноятчилик ва киберҳужумни олдини олиниши ушбу қонун ҳужжатининг бизга нақадар муҳим эканлигини исбот қилиб кўрсатади.

Низомжон Холиёров, Олтинсой туман адлия бўлими бошлиғи

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan