Кейинги кунларда “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасига (давлат тилида иш юритишни таъминламаган мансабдорларига нисбатан жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи) қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасининг муҳокамаси анча қизғин кечмоқда. Дарҳақиқат, бу миллий масала. Ўзбек деган миллатни ўзининг атрофида бирлаштириб, мавжудлигини таъминловчи асосий омил – ўзбек тили ҳақидаги масала. Миллий мақомга кўтарилган масалаларнинг эса катта-кичиги бўлмайди. Ўз миллати, тилига бефарқ бўлмаган ватандошларимиз мазкур муҳокамада иштирок этишмоқда.
Шу муносабат билан “Diyor24.uz” веб сайти ижодий жамоаси адабиётшунос олим, филология фанлари номзоди Умид ХЎЖАМҚУЛОВнинг мавзуга алоқадор қуйидаги мақоласини эълон қилишга жазм этди. Мақолани ўқиб, ўзингиз хулоса чиқаринг…
“Diyor24.uz” веб сайти таҳририяти
ЧАЛИНМАГАН ҲУШТАК: ёхуд тил, маданият ва маънавият муносабати
Эл орасида одамни ҳурматга етаклайдиган, унинг фазилатларига олмос кўз бўлиб зеб берадиган сифатлардан бири маданийликдир. Одамда агар шу фазилат бўлмаса, у ҳурматини йўқотиши, эл назаридан қолиши ва субутсизлик сари юз тутиши ҳеч гап эмас. Аммо, кишиларнинг маданият тушунчаси борасидаги қарашлари амалда бир-биридан анчайин фарқ қилади. Баъзан қарашлардаги фарқ бир-бирини инкор ҳам этади. Натижада, айримлар томонидан умумэътироф этган маданият тушунчасининг зидди бўлган баъзи ҳодисалар маданиятлилик белгиси сифатида эътироф этилмоқда.
Таажжуб: бу тушунча шунчалар мавҳум ва муракабмики, кишиларнинг бу борадаги қарашлари бир-биридан шунчалар фарқ қилса? Бизнингча, қарашлардаги фарқнинг бу даражада номувофиқлиги маданият тушунчасининг моҳиятини аниқ англамаслик ва унга ёндош бўлган айрим тушунчаларни аралаш тушуниш билан боғлиқ.
***
Айримлар маданийликни инсонларнинг маърифатлилик даражаси билан белгилайдилар. Бу қарашни инкор этиб бўлмайди, аммо мутлақо тўғри дейиш ҳам қийин. Илму-маърифат маданийликни оширади, мустаҳкамлайди, бироқ бу унинг бирдан бир шарти эмас. Мен ҳаётда шундай инсонларни биламан: олими замон, соҳасининг етук мутахассиси. Аммо улар билан мулоқотга киришсангиз, манманлик ва суҳбатдошига нисбатан беписанд муносабатни кўриб, тезроқ мулоқотни якунлаш пайида бўлиб қоласиз. Чунки уларнинг табиатида маърифат булоғининг сувидан озиқланувчи сифатлар билан бирга кибр чашмасининг майидан баҳраманд бўлган қусурлар ҳам мавжуд.
Уларни нари борса, олим дейиш мумкиндир, лекин том маънода зиёли одам дейиш адолатдан бўлмайди. Яна орамизда шундай инсонлар ҳам борки, улар олий таълим берувчи ва ҳатто касб-ҳунарга ўргатувчи бирор бир таълим муассасасида ўқимаган. Бироқ, улар билан гаплашсангиз, хуш муомаласи ва табиатидаги самимийликдан, мағизи бутун фикр-мулоҳазаларидан ҳузур қиласиз. Ҳар доим улар билан суҳбатни соғиниб яшайсиз. Бундай инсонларни нари борса, ўқимаган дейиш мумкиндир, аммо уқимаган дейиш адолатдан бўлмайди.
Ёки маданийликни ташқи кўриниш, кийим-кечак ва ўзига оро бериш каби фазилатлар билан боғлаб тушунадиганлар ҳам мавжуд. Тоза-озода кийиниш, ўзига оро бериш ҳам маданийликни кичик унсурлари сифатида унга хизмат қилиши мумкин, аммо ўша кийим ичидаги инсоннинг сийрати ва тийнати унинг ташқи кўринишига мос бўлмас экан, бу унсурлар ҳеч нарсани ҳал қилиб бера олмайди. Мен шундай инсонларни биламан: уларнинг кийган кийимларига, ташқи кўринишларига ҳавас қиласиз.
Аммо улардаги ўзидан кўра одмироқ кийинган кишиларга нисбатан беписанд муносабат, инсоний ҳурматни унинг кийган либосига қараб кўрсатиш, оиласида эса саранжом-саришталик ва ўзаро ҳурмат-иззатнинг ҳаминқадар эканлигини кўриб, уларга нисбатан дастлаб пайдо бўлган ҳавасингиз бир зумда тумандек тарқаб кетади. Уларни кийинишига нисбатан нари борса, замонавий дейиш мумкиндир, аммо бошқа сифат билан улуғласак, адолатдан бўлмайди.
Яна шундай инсонлар борки, улар далада қора терга ботиб меҳнат қиладилар, соч-соқоли ўсиқ ва парваришсиз, кийимлари эса яғир ва кир. Лекин уларнинг рўзғорига қарасангиз, саришталик ва озодаликни, оиласида эса ўзаро ҳурмат ва аҳилликни кўрасиз. Бундай инсонларни нари борса, замон билан ҳамнафас эмасликда “айб”лашингиз мумкиндир, аммо миллий қадриятларимизни билмасликда айбласак, адолатдан бўлмайди.
Ана энди айтинг: кибр майидан сипқорган олим маданиятлими ёки ўқимаган бўлса-да, суҳбатини соғинадиганингиз ўша кишими? Ёки сипо кийиниб, ўзига оро бериб юрган, аммо тийнатида манманлик мавжуд олифта маданиятлими ё яғир ва кир кийимда далада меҳнат қилиб, оиласини рисоладагидек тутиб турган ўша деҳқонми? Сизнинг жавобингиз ўша кибор олимнинг ёки сипо олифтанинг қарашларига қанчалик мос? Агар мос бўлмаса, билингки, сиз умумэътироф этган маданийлик тушунчасини тўғри англаяпсиз. Демак, сиз билан бу мавзуда суҳбатимизни давом эттирсак бўлади.
***
Демак, маданийлик илму-маърифатли бўлиш ёки кийим-кечак ва ташқи кўринишга, замонавийликка бирмунча боғлиқ, аммо уларга мутлақо асосланувчи тушунча эмас экан. Маданийлик кўпқиррали тушунча бўлиб, ушбу тушунчаларнинг барчасини ва яна бир қанча тушунчаларни ўзида бирлаштириш билан воқе бўлади.
Модомики, гап маданийлик ва маданиятли инсон тушунчалари ҳақида борар экан, яна бир жиҳатга тўхталмасликнинг иложи йўқ. Гап бугунги кунда анчайин авж олган она тилимизга нисбатан ҳурматсизлик ва беписандлик ҳақида бормоқда. Аввало шуни айтиш керакки, бу мавзу борасида матбуотда етарли даражада тарғибот-ташвиқот олиб борилмоқда. Шунга қарамай жамоатчиликнинг бу масалага нисбатан эътиборсизлиги ташвишланарли. Жамоатчилик бош қўшмас экан, бу масалада кутилган натижага эришиб бўлмайди. Чунки тил моҳият эътибори билан умумий бўлса-да, унинг оқибати бўлмиш нутқ соф хусусий ҳодиса ҳисобланади. Хусусий ҳодисаларга дахл қилиш борасида эса бир оз андиша ва чекловлар мавжудки, айни шу жиҳат жамоатчиликнинг тилдан ўз билганларича истифода этишига сабаб бўлмоқда.
Шу масалага нисбатан бефарқ бўлмаган бошқа ҳамфикрларим каби мен ҳам бугун кўча-кўйдаги афиша ва рекламаларда урчиб бораётган имло хатоликларига тўхталмоқчи эмасман. Бу бартараф этилиши ўта лозим бўлган жуда муҳим муаммо. У ҳақда жудаям кўп гапирилмоқда. Мен бугун масаланинг моҳиятига, тилнинг табиати билан боғлиқ айрим жиҳатларга ва яна шу масала билан боғлиқ маданият борасидаги айрим нотўғри қарашларга эътибор қаратмоқчиман.
***
Тил табиатан осонликка интилади ва бизга қандай гапириш қулай бўлса, шундай гапирамиз. Инсон учун адабий тилда гапиришдан кўра ўз шевасида гапиришнинг қулайлиги шундан. Бироқ, бу эркинлик тилга нисбатан беҳурматлик қилишга изн бермаслиги керак. Миллий тилнинг мавжудлиги ва унга ҳурмат кўрсатиш, умуман, бу ҳодисанинг нима эканлигини тушуниш кишига юксак маънавий қониқиш ҳиссини берадики, буни маданиятлиман деган киши яхши англайди. Демак, маданият ва миллий тил бир-биридан узоқ тушунчалар эмас экан. Инсоннинг ўз она тилига ҳурмати ва шу тилни қай даражада билиши унинг маданиятидан дарак беради.
Маданиятни том маънода тушунган ҳар қандай инсон ўз она тилисининг софлиги, унинг жаҳон тиллари орасидаги мавқе-мартабаси, эътирофи ва тантанаси учун ўзини масъул ҳисоблайди. Бундай инсонлар қайси тилда гаплашсалар, ўша тилнинг софлигини сақлайдилар. Уларнинг маданияти тилга ҳурмат ва ундан қай тарзда фойдаланишида намоён бўлади. Аммо бугунги кунда тилимизда анчайин авж олган бир муаммо бор. Бу айрим кишиларнинг ўзбекча гапириб русча, русча гапириб ўзбекча сўзларни аралаштиришлари билан боғлиқ. Айримлар буни кичик муаммо деб ўйлашлари мумкин.
Лекин бунинг ортида миллий қиёфасизлик масаласи ётганини ўйлаб кўрганмисиз? Аввало, бу ҳодиса ҳар иккала тилни ҳам бузиш ва унинг юзига оёқ қўйишдан бошқа нарса эмас. Аслида бундай “ямоқчилик”ка на Пушкин ва Лермонтовни шараф аршига кўтарган рус тили, на Навоий ва Бобурни ҳурмат ва эътирофнинг ҳадди аълосига муносиб кўрган ўзбек тили муҳтож эмас. Бу иккала тил ҳам баъзи диди бузуқ маҳмадоналар қўллаётгандек, бирининг “кучи етмай” қолганда, иккинчисининг “ёрдами”га эҳтиёж сезмайди.
Иккала тил ҳам ҳар қандай фикрни баён қилиш учун етарли сўз заҳирасига, ўша фикрни гўзал ва таъсирли ифодалаш учун эса ўз нафосатига эга. Энг ёмони, ўз фикрларини гўёки “ширу шакар” қилиб баён этаётган ўша кишилар бу ишларини замонавийлик, маданият деб тушунишларидир. Бу нотўғри қараш, аслида, моҳият эътибори билан уларнинг фикрларига мутлақо зид бўлиб, маданият эмас, маданиятсизлик белгисидир.
Бир неча хорижий тилларни билиш замонавий дунёда қанчалик аҳамиятли эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Бугунги кунда ёшларнинг хорижий тилларда бийрон гаплашишларини кўриб уларга ҳавас қиламиз. Аммо бир неча тилларни билиш инсонга фикрни ифодалашда ўша тиллардан қориштириб фойдаланиш ҳуқуқини бермайди. Ўзини, миллатини, тилини ва шу билан бир қаторда ўзга тилларни ҳурмат қилган киши бу каби номақбул ишни ўзига эп кўрмайди.
Икки тилни қориштириб гаплашишнинг ижтимоий оқибатлари тилнинг табиатига хос қуйидаги ҳодисалар билан боғлиқ: биринчидан, тил онг ва тафаккур билан чамбарчас боғлиқ. Бу икки тушунча бир-бирини тақазо этади ва бири иккинчисисиз мавжуд бўла олмайди. Тафаккур жараёни онгимизда тил элементлари кўринишида кечади. Сўз ва бошқа тил унсурлари тушунча сифатида онгда тафаккур юритиш воситаси сифатида намоён бўлади.
Бу жараён тил унсурларисиз амалга ошмайди. Аммо ўша тафаккур юритиш жараёни қайси тилда амалга оширилади? Мутахассислар тафаккур юритиш жараёни кишининг она тилида амалга оширилади, деб таъкидлайдилар. Бироқ, бизнингча, бу фикр бироз шубҳали. Сабаби она тили инсонга ирсий йўл билан ўтмайди. Тил ижтимоий ҳодиса сифатида ҳаёт давомида ўзлаштириладиган жараёндир. Шундай экан, инсоннинг қайси тилда тили чиқса, у ёшлигидан қайси тилни ўзлаштирса, унинг учун қайси тилда мулоқот қилиш осон бўлса, ўша тилда фикрлайди, дейиш тўғрироқ бўлади; иккинчидан, тилдан қанчалик кўп фойдаланилса, унинг имкониятлари янада ошиб, сайқал топиб, ривожланиб бораверади.
Эскириш тушунчаси тилга нисбатан тескари ишлайди. Яъни ундан қанчалик кўп фойдаланилса, у бойиб, янгиланиб боради, аксинча, ундан фойдаланилмаса, у эскириб, йўқолиб бораверади. Ер куррасида 6000 га яқин тиллар мавжуд бўлиб, шулардан 1400 таси йўқолиб кетиш арафасида турибди. Бу тилларнинг йўқолиб кетишига шу тил эгаларининг ўзга тилларни ўз тилидан устун қўйиши, ўз она тилларини менсимаганликлари, унинг софлиги ва тараққий этиши учун курашмаганликлари сабаб бўлмоқда; учинчидан, тил доимий равишда ўзгариб турадиган ижтимоий ҳодисадир.
Бу ўзгаришлар ижобий ёки салбий бўлиши мумкин. Тилдаги ифода имкониятларининг ошиши, лексик сатҳининг кенгайиши ва адабий тил имкониятларининг мустаҳкамланиши ижобий ҳолат сифатида шу тил эгаларининг саъй-ҳаракатларига боғлиқ. Тил софлигининг бузилиши, вульгаризм ва варваризмларнинг фаоллашуви, адабий тил мавқеининг пасайиши кабилар салбий жиҳатлар бўлиб, бу ҳам шу тил эгаларининг масъулиятсизлиги натижасида содир бўлади. Бунга кучли тилларнинг кучсиз тилларни истило қилиши билан боғлиқ табиий жараённи ҳам қўшсак бўлади.
Йўқолиб кетишга маҳкум бўлган тил эгалари мана шу жараёнларни тўғри англамаганликлари ва унга қарши чоралар кўрмаганликлари улардаги миллий тилларнинг маҳв бўлишига сабаб бўлмоқда. Демак, тилнинг доимий мавжуд бўлиши ва ривожланиши учун у доимо фаоллик билан амалда қўлланилиши, бошқа тилларнинг унга салбий таъсирларини бартараф этиш керак бўлади. Тилдаги ҳар қандай жараён, хоҳ у салбий, хоҳ ижобий бўлсин, аста-секинлик билан ўзининг ижтимоий оқибатларини намоён қилади.
Худди шунингдек, ўзбек ва рус тилларини қориштириб гаплашиш билан боғлиқ бир қараганда унчалик жиддий кўринмаган муаммо аста-секинлик билан она тилимиз мавқеининг пасайиши, географиясининг торайиши, сўзлашувчилар сонининг камайиши, миллатдошларимизда тилимизнинг нафосати ва гўзаллигини ҳис этмаслик билан боғлиқ янги ижтимоий оқибатларни келтириб чиқаради. Энг ачинарлиси, миллатдошларимиз орасида ўзга тилда тафаккур юритадиган кишиларнинг кўпайишига олиб келади. Уларнинг ўзга тилда тафаккур юритиши эса миллий фожиадир. Инсон тафаккур тарзининг ўзга тилда амалга ошиши бу миллий қиёфанинг йўқолиши сари қўйилган мудҳиш қадам ҳисобланади.
***
Абдулла Қаҳҳор бир пайтлар ўзбек тили билан боғлиқ муаммолар ҳақида гапирар экан, “Ҳайдовчи қоидани бузса, милиция ходими ҳуштак чалиб жаримага тортади, лекин тилимизни бузиб гапираётганларга нега жарима йўқ? Уларга ҳуштакни ким чалади?”, деб ёзган эди. Севимли ёзувчимиз агар ҳаёт бўлганларида, мен шундай жавоб берган бўлардим: “Устоз, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиб, унинг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланди, аммо қоидабузарларга ҳамон ҳуштакни ким чалиши масаласи кун тартибидан тушган эмас. Ҳуштакни биз ўзимиз чалмасак, яна ҳам тўғрироғи, миллат олдидаги масъулиятимиз, маданиятимиз ва виждонимиз чалмаса, уни биров келиб чалмайди. Чунки ҳуштак ўзгаларнинг эмас, ўзимизнинг қўлимизда”.
***
Инсоннинг сийратида гўзаллик, сувратида ўша гўзалликка мослик, тийнатида самимийлик ва софлик, табиатида ахлоқий сифатлар бўлиши лозим. Бунга яна тилга нисбатан ҳурмат ҳам қўшилса, бундай сифатга эга инсонларни том маънода маданиятли инсон дейиш мумкин.
Кейинги бир неча кунда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасига (давлат тилида иш юритишни таъминламаган мансабдорларига нисбатан жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи) қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Шубҳасиз, мен Қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлайман. “Миллатидан қатъий назар Ўзбекистон фуқароларига давлат ташкилотларида ишлашлари учун давлат тилини билишларини мажбурий шарт сифатида киритиш”ни таклиф ҳам қилдим.
Шу пайтгача бу борада биз ҳаддан ортиқ бағрикенглик қилиб келдик. Яхши фазилатлар ҳам агар меъёридан ортиқ бўлса, қусурга айланади. “Давлат тили тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган бағрикенглик бунинг исботи. Агар бугун бу борада чоралар кескинлаштирилмаса, яна 30 йилдан кейин ҳам давлат тилимизнинг мавқейи ҳозирги даражада қолаверади. Ҳатто, бундан ҳам аянчли аҳволга тушади.
Мазкур Қонун лойиҳасини нотўғри талқин қилаётганлар бошқа мамлакатларнинг қонунларида аслида йўқ, бизда эса мавжуд миллий тил борасидаги бағрикенгликни сурбетларча суистеъмол қилишмоқда. Бу чориғи билан тўрига чиқаётган етим ҳақидаги мақолни эслатади одамга.
Умид ХЎЖАМҚУЛОВ,
филология фанлари номзоди.