ЖАМИЯТ

МУЛК, МУЛК ҲУҚУҚИ ТУШУНЧАСИ ВА МАЗМУНИ

Мамлакатимизда бозор муносабатлари қарор топиши ўз навбатида, мулкий муносабатлар тизимида бир қатор янги қоидалар вужудга келишига замин яратди.

Айниқса, бозор муносабатлари қонуниятлари ҳисобланган талаб ва таклиф, ракобат қонуниятлари билан ҳамоҳанг бўлган мулк шаклларининг тенглиги, мулкнинг дахлсизлиги, ҳар кимнинг мулкдор бўлишга ҳақлилиги, мулкдорнинг ўз мулкидан ўз хоҳиш ва манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилиши каби тамойилларнинг ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланганлиги хусусий мулкчилик ва тадбиркорлик фаолиятига кенг йўл очиб берди.

Жамиятнинг иқтисодий негизи мавжуд мулкчилик муносабатларига асосланади. Шу сабабли мулк нафақат юридик мазмунга, балки иқтисодий маънога ҳам эга. Кишилар меҳнати билан яратилган ёки табиат томонидан инсонларга ўзига хос тарзда “такдим этилган” бойликлар ҳар доим мулк бўлиб келган.

Мулк эгаси бўлиш ёки бўлмаслигига қараб, кишиларнинг жамиятдаги мавқеи, аниқроғи ижтимоий – иқтисодий мақоми вужудга келади.

Мулкчилик муносабатлари – жамиятдаги бойликларни ўзлаштириш хусусидаги иқтисодий муносабатлардир.

Мамлакатимизда бозор муносабатларини шакллантириш, мулкчилик муносабатларини тубдан қайта кўриб чиқишни тақозо этади. Шахснинг мулкдан бегоналашувига асосланган ижтимоий алоҳида имтиёзли мавқега барҳам берилди.

Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясининг 65-моддасида фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиши, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлашлиги мустаҳкамлаб қўйилди.

Мулкни ўз хоҳишига кўра ва ўз манфаатини кўзлаб эгаллаш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек, мулк ҳуқуқини ҳар қандай бузилишлардан бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқи тушунчаси мулк ҳуқуқининг мазмунини ташкил этади. Субъектив мулк ҳуқуқининг мазмунини ташкил этадиган элементлар мулк эгасига қонун билан белгиланган доираларда берилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Мулкчилик тўғрисида”ги қонунида белгиланишича, мулкдор ўзига тегишли мол-мулкка ўз ихтиёрига кўра эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Шу маънода мулкдор ўз мулкига бўлган ҳуқуқларини ихтиёрий равишда ўз хоҳишига кўра амалга оширади.

Мулкдорнинг ўз хоҳиши деганда, унинг ўз эрки, иродаси билан ўзининг манфаатларини кўзлаб, бировнинг (учинчи шахсларнинг) тайзиқисиз, зўрлашсиз ҳаракат қилиши назарда тутилади. Агар мулкдорга нисбатан бундай ҳолатда зўрлик, тазйиқ кўрсатилган бўлса, қонун мулкдорнинг хоҳиш-иродасини эркин амалга оширишни кафолатлайди ва муҳофаза қилади. Айни вақтда мулкдорнинг ўз хоҳишига кўра иш тутиши қонун, инсоф ва адолат доирасида амалга оширилиши лозим.

Мулкдор мулкий ҳуқуқини уз хоҳишига кура амалга оширишда унинг манфаати ётади. Бу манфаат бевосита унинг ўзига, яқинларига ёки бошқаларга тааллуқли бўлиши мумкин. Масалан, ота-она вояга етмаган фарзанди номига банкка омонат пул маблағи кўйганда ҳам, гарчи бунда учинчи шахснинг манфаати кўзлагандай бўлса, ҳам, аслида мулкдорнинг ҳаракати замирида ота-она сифатидаги бурч ётади. Мулкдорнинг ўз хоҳишига кўра ёки манфаатига зид равишда мулкий битимлар тузишга мажбур қилиниши, умумий қоида, бўйича бундай битимлар ҳақиқий саналмаслигига сабаб бўлади.

Мулкдор ҳуқуқлари ва ваколатларининг чегараси Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясининг 66-моддасида белгилаб қўйилган бўлиб, унга асосан, Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 174-моддасига асосан, ўзига қарашли мол-мулкни сақлаш, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мулк эгасининг зиммасида бўлади. Агар мулкдор бу мажбуриятни бажармаса, баъзи ҳолларда унинг мулкий ҳуқуқлари чегаралаб қўйилиши ёки мол-мулк ундан олиб қўйилиши ҳақида даъво олдиндан огоҳлантирмасдан ҳам қўзғатилиши мумкин.

Мулк ҳуқуқининг мазмунида нафақат мулкдорнинг ҳуқуқлари, балки мол-мулкни сақлаб туриш бурчи ҳам ётади.

БАХТИЁР МУСТАФАЕВ,Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan