СПОРТ

Халқаро бокс ассоциацияси президентлиги учун яна сайлов ўтказиладими?

Хабар берганимиздек, жорий йил май ойининг иккинчи ўн кунлигида Истанбулда Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) президентлиги учун ўтказилган сайловда ташкилотнинг амалдаги раҳбари Умар Кремлёв ғалаба қозонганди. Ўшанда унга рақиблик қилишга тайёргарлик кўрган нидерландиялик Борис ван дер Ворст сайловга киритилмагани ортидан Спорт арбитраж суди (CAS) томонидан суриштирув бошланган.

Куни кеча CAS ушбу масала бўйича эълон қилган қарорга кўра, нидерландиялик даъвогарнинг IBA президентлиги учун номзодини қўйиш ҳуқуқи таъминланган. Бу ҳақда “insidethegames” сайти хабар тарқатди.

Мазкур қарордан сўнг Кремлёв IBA директорлар кенгашига ташкилот президентлиги учун янги сайлов ўтказиш тўғрисида хат ёзгани ҳамда кенгаш уни қўллаб-қувватлагани хусусида баёнот берди.

Бунга жавобан, ван дер Ворст “бу IBAда олимпия ўйинлари тизимида иш бошлаш учун илк муҳим қадам бўлди, энди бокснинг Олимпия оиласида мустаҳкамланиши учун курашни давом эттираман”, дея таъкидлади.

Бокс теграсида бундай “шамол эсиши” ушбу спорт турининг Халқаро олимпия қўмитаси олдидаги ҳақ-ҳуқуқи мустаҳкамланишига қай даражада ёрдам беради? Мутахассислар фикрича, бу саволга 24 июнь куни Лозаннада ўтадиган Халқаро бокс ассоциацияси директорлар кенгашининг навбатдаги йиғилишида қисман жавоб олиш мумкин.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan