Uncategorized

Мамлакатимизда бензин нархининг ошиши нималарга боғлиқ? – Мутасаддилар жавоб берди

Бугунги кунда дунё бўйича нефть ва бензин нархининг ошиб бориши кузатилмоқда.

 Албатта, бундай ҳолат мамлакатимиздаги нефть ва бензин нархига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. 

Куни кеча “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти матбуот хизмати томонидан бензин нархининг ошгани юзасидан расмий муносабат билдирилди. 

Мамлакатимизда бензин нархининг ошишига қайси омиллар сабаб бўлганини билиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг Ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов билан боғландик. 

– Жаҳон бозорида нефть ва бензин нархи ошиб бормоқда. Айтингчи, нархдаги бу каби кескин ўзгаришлар нималарга боғлиқ? 

– Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жаҳон бозорида “Brent” маркали нефть нархининг ўзгариши бутун дунёдаги бензин ва бошқа нефть маҳсулотлари нархларининг ўсиши ёки тушишига таъсир этувчи муҳим омиллардан. Бу ҳолат ўз-ўзидан бензин нархининг ошишига сабаб бўлади. Дейлик, бугун АҚШда бензин рекорд даражада қимматлаган. Германия, Швеция, Нидерландия, Исландия, Греция, Дания, Финляндия, Норвегия, Бельгияда бир литр бензин нархи 2.242-2.564 АҚШ долларини ташкил этяпти. Лекин яна бу давлатларда бензин нархлари ошиб бормоқда. 

Мисол тариқасида келтирадиган бўлсак, йил бошига нисбатан нефть хом ашёси котировкаси 1,3 баробарга (1 баррели учун 115 доллар), Европа давлатларида АЁҚШдаги бензин чакана нархи 1,2 – 2,0 баробарга ошиб тарихий антирекордлар янгиланди. 

– Жаҳонда бензин нархининг ошиши мамлакатимиз бозорига қай даражада таъсир қилади? 

– Мазкур саволга жавоб беришдан олдин мамлакатимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган чораларга эътибор қаратсак. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларда нефть-газ саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган беш йилда мазкур соҳа бўйича қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётгани ҳам бу каби муаммоларга ечим излаш билан боғлиқдир. 

Хусусан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан табиий газ, нефть ва газ конденсати қазиб чиқариш, нефть-газ маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичлари ижроси бажарилиб, истеъмолчиларнинг табиий ва суюлтирилган газ, нефть маҳсулотларига бўлган талабини қондириш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда. Бунинг учун жойларда янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Табиий газ ва газ конденсати қазиб чиқарилиши йўлида барча кучлар ва захиралар сафарбар этилмоқда. 

Минг афсуски, бутун жаҳонда кузатилаётган кескин нарх ошиши Ўзбекистондаги автобензин нархига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунга қарамай, нархлар тебранишининг олдини олиш учун ишлаб чиқариш кўрсаткичлари оширилиб, қайта ишлаш бўйича янги имкониятлар ишга солинмоқда. 

Биргина жорий йилнинг 5 ойлиги бўйича фактларга аҳамият қаратайлик. “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 623,9 минг тонна суюқ углеводородлар қазиб чиқарилиши белгиланган бўлса, амалда 657,5 минг тонна қазиб чиқарилди. Бу прогнозга нисбатан 105,4 фоизни ташкил этди. Жамият тасарруфидаги нефтни қайта ишлаш заводларида 603,1 минг тонна углеводород хомашёси қайта ишланиши белгиланган бўлса, амалда 626,1 минг тонна (прогнозга нисбатан 103,8 фоиз)ни қайта ишланди. 

Бензин ишлаб чиқариш бўйича қуйидаги рақамларни келтириш мақсадга мувофиқдир. Ўтган беш ойда 353,9 минг тонна автобензин ишлаб чиқарилиши белгиланган. Амалда эса 381,4 минг тонна автобензин ишлаб чиқарилган. Бу прогнозга нисбатан 107,8 фоизни ташкил этди 

– Айрим ҳолларда автомобиль бензини нархининг ошишида “Ўзбекнефтгаз” АЖни айбдор қилишади. Бунга қандай изоҳ берасиз? 

–Тўғри таъкидладингиз, бу бўйича “Ўзбекнефтгаз” АЖга таъна-дашномлар ёғилади. Бироқ бу тўғри эмас. “Ўзбекнефтгаз” АЖ табиий газ, нефть ва газ конденсати қазиб чиқариш ва нефть-газ маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Жамият бензин нархини белгиламайди, аксинча, биржа савдоларида иштирок этади. 

Шу маънода айтиш жоизки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқа хусусий тадбиркорлар қаторида оддий ва тенг иштирокчи. Масалан, мамлакатимизда жамиятнинг АЁҚШлари 25 фоизга етмайди. АЁҚШларнинг 75 фоиздан ортиғи хусусий компаниялар ҳиссасига тўғри келади. 

Ишлаб чиқарувчилар томонидан автомобиль бензини биржа савдолари орқали реализация қилинади. Президентимизнинг 2020 йил 4 апрелдаги “Нефть-газ тармоғининг молиявий барқарорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан автомобиль бензини ва дизель ёқилғиси Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси савдоларига бошланғич нархларда қўйиб борилмоқда. Масалан, 1 тонна автобензин барча солиқлар билан бирга 3 миллион сўмни ташкил этади. 

– Айни кунда АИ-80 маркали автомобиль бензинининг биржа савдосида ва АЁҚШларда нархи қанча? “Ўзбекнефтгаз” АЖ АЁҚШларида АИ-80 маркали автомобиль бензини неча сўмга ошди? 

– Юқорида таъкидлаганимиздек, жаҳон бозорида “Brent” маркали нефть нархининг ўзгариши бутун дунёдаги бензин ва бошқа нефть маҳсулотларининг нархларини ўсиши ёки тушишига таъсир этади. Шу билан бирга, мамлакатимизда “Ўзбекнефтгаз” АЖдан ташқари хусусий компаниялар ҳам биржа савдоларида ишлаб чиқарган автобензинини тақдим этиб келмоқда. 

АИ-80 маркали автомобиль бензинининг биржа савдоларидаги ўртача нархи йил бошида 1 тоннаси учун 7,0 – 7,3 миллион сўм (1 литри учун 5 300 – 5 500 сўм) миқдорида шаклланган бўлса, бугунги кунда 8,4 – 8,7 миллион сўм (1 литри учун 6 300 – 6 500 сўм) миқдорида шаклланмоқда. 

Тошкент шаҳридаги йирик АЁҚШларда 1 литр АИ-80 маркали автобензин нархи “UNG Petro” – 6 800 сўм, “IBR”, “Miss”, “Poytaxt Oil” – 6 800 сўм, “Mustang” – 6 900 сўм, “LUK Oil” – 6 990 сўм, “Intran servis” – 7 000 сўм, “TAT neft” – 7 400 сўмни ташкил этмоқда.

 “Ўзбекнефтгаз” АЖ АЁҚШларида АИ-80 маркали автомобиль бензини 6500 сўмдан 6800, яъни 300 сўмга ошган. 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan