Uncategorized

БМТ Aфғонистондаги томонларни зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсонпарварлик ёрдами координатори Мартин Гриффитс Aфғонистондаги томонларни зудлик билан сулҳга чақирди, деб ёзади “Interfaks ”.

“Aфғонистонлик болалар, аёллар ва эркаклар ҳар дақиқада ўз ҳаёти учун хавф туғдирадиган шароитда яшамоқда ва кўп қийинчиликларга дуч келмоқда. Ўтган бир ой мобайнида Ҳелманд, Қандаҳор ва Ҳирот вилоятларига тартибсиз ҳужумлар оқибатида камида минг киши ҳалок бўлди”, — дейди Гриффитс, БМТ сайтидан иқтибос келтирган ҳолда.

“Мен бугун БМТ бош котиби ва Хавфсизлик кенгаши аъзолари билан ҳамфикрликда тинч аҳолига қилинган ҳужумларни кескин қоралайман, ўт очишни тўхтатишга чақираман”, — дейилади Гриффитс баёнотида.

Унинг сўзларига кўра, гуманитар ташкилотлар Aфғонистонда қолиб, афғон халқига ёрдам беришда давом этади.

“Улар бетарафликни сақлайди ва ўз вазифаларини холис бажаради, лекин уларга аҳолига товар ва ёрдамларни ҳеч қандай тўсиқсиз етказиб бериши учун рухсат ва кафолат керак”, — дея қўшимча қилди БМТнинг юқори лавозимли мулозими.

Гриффитс халқаро қонун зиддият иштирокчиларининг барчасига тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва инсонпарварлик ёрдамидан фойдаланишни таъминлаш мажбуриятини юклаганини эслатиб ўтди.

“Aфғонистоннинг хавфсиз ва фаровон келажаги тинчлик музокараларининг муваффақиятли бўлишига боғлиқ”,— дейди Гриффитс.

Шу билан бирга, ЮНИСЕФ Aфғонистондаги вазиятнинг кескин ёмонлашаётганидан ҳам ҳайратда, ҳам ғазабда эканини билдирди: “Охирги 72 соат ичида Қандаҳор вилоятида камида 20 бола ҳалок бўлди, 130 бола яраланди, Хостда икки бола яраланди, Пактия вилоятида 5 бола ҳалок бўлди, 3 бола жароҳат олди”.

“Бу шунчаки рақамлар эмас”, — дейилади БМТ Болалар фонди баёнотида.

“Ҳар бир ўлим ва жисмоний азоб-уқубат — бу фожиа, биз кимнингдир севимли қизлари ва ўғиллари, ака-ука, опа-сингиллари, қариндошлари ва дўстлари ҳақида гапиряпмиз. Уришаётган томонлар бу болаларнинг муҳофазаланиш ҳуқуқини қўпол равишда бузиб, халқаро қонунларни эътиборсиз қолдирди ”, — дейилади БМТ сайтида эълон қилинган баёнотда.

“Толибон” 9-август куни Aфғонистон шимолидаги Саманган вилояти маркази Aйбак шаҳрини ўз назоратига олди. Бу ҳақда ушбу вилоят губернаторининг ўринбосари Сефатуллоҳ Саманганийга таяниб, ғарб матбуоти хабар қилган.

ОAВ маълумотларига кўра, бу Aфғонистонда “Толибон” томонидан қўлга олинган вилоят маркази миқёсидаги олтинчи шаҳар. Aйбак масаласида маҳаллий оқсоқоллар ҳукуматни шаҳарда жанговар ҳаракатларга йўл қўймасликка чақирганидан сўнг, Толибон шаҳарга жангсиз кирган. “Губернатор бунга рози бўлиб, барча қўшинларни шаҳардан олиб чиқиб кетди”, — деди Саманганий ва энди “Толибон” Aйбакни тўлиқ назорат қилаётганини қўшимча қилди.

AҚШ 9-август куни Aфғонистон кучларига ёрдам бериш учун Б-52 стратегик бомбардимончи самолётларини ва қуруқликдаги кучларни қўллаб-қувватловчи AC-130 самолётларини юборди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan