Uncategorized

Хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилик масаласи – давлат сиёсати даражасида

Жамият ҳаётининг қай даражада кечиши, ривожланиш сари қўйилаётган қадамлар, қолаверса, исталган ҳаракатдан кутиладиган натижалар албатта кўп жиҳатдан ижтимоий муносабатлар билан бевосита боғлиқ.

Жамият ҳаётининг қай даражада кечиши, ривожланиш сари қўйилаётган қадамлар, қолаверса, исталган ҳаракатдан кутиладиган натижалар албатта кўп жиҳатдан ижтимоий муносабатлар билан бевосита боғлиқ. Айнан шу муносабатлар ҳаётимизнинг барча жабҳалари – меҳнат фаолияти, оила, маҳалла, ўқиш, мулоқот ва бошқа турли жараёнларни бошқариб келади.

Хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилик масаласи ҳам мазкур жараёнларда муносабатларни қонунан тартибга солиниши билан аҳамиятли.

Сўнгги йилларда Президентимиз томонидан хотин-қизлар масалаларига, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, маиший ҳаётдаги муаммоларини ҳал қилиш, иқтидори ва имкониятларини кўрсатиш учун қулай шароит яратилмоқда. Оилада, жамиятда, айниқса, хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасида ижтимоий муносабатларда ҳам, қонунчиликда ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида маъқулланган ҳамда Президентимиз томонидан имзоланган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг мақсади хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш, соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишдан иборат. Бундан ташқари, у кўплаб масалаларга ойдинлик киритиш, фаолиятда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Бугунги кунда фаол истеъмолда бўлган гендер сўзининг тушунилиши ва қўлланиш ҳолатларидаги нотўғри талқин ва тасаввурлар мавжудлигини айтиш жоиз. Хусусан, гендерни аёллар мавзуси ёки уларнинг устунлигига оид тушунча деб қараш кузатилади. Албатта, бу тўғри эмас. Гендер – бу хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ҳамда фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим, илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳати эканлиги мазкур қонунда аниқ ёзиб қўйилган. Бу масалага оид тушунчаларга берилган тегишли изоҳларнинг мавжудлиги ижтимоий муносабатларни тартибга солишда энг муҳим жиҳатлардан бири ҳисобланади.

Қонунда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг асосий принциплари сифатида қонунийлик, демократизм, жинси бўйича камситишга йўл қўйилмаслик, очиқлик, шаффофлик белгилаб берилган.

Эндиликда бу йўналишда норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш, такомиллаштириш ҳамда ривожлантириш муҳим бўлиб, бу доирада давлат дастурлари, миллий ҳаракатлар режалари ва стратегияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш энг муҳим вазифалар ҳисобланади. Чунки ушбу ҳужжатларни яратиш, аниқ ижро механизмларини ишлаб чиқиш орқали хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар бўйича ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, жамият, давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирокини таъминлаш, масъулиятли оналик ва оталикни шакллантириш каби йўналишларда фаолият ташкил этилади.

Қонуннинг қабул қилиниши давлат бошқарувида аёлларнинг эркаклар билан тенг шароитда иштирок этишини, айниқса, раҳбарлик лавозимларида ҳам ишлаши мумкинлиги кафолатлайди. Шунингдек, қонунда ҳокимият вакиллик органларига сайловларда ҳам сиёсий партиялар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатишда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги таъминланиши белгилаб қўйилди.

Жамиятда аёлларнинг камситилишига йўл қўядиган, асоссиз тенгсизлик натижасида ҳаётида қийинчиликлар келиб чиқаётган оилаларнинг ҳам борлиги ачинарли ҳол, албатта. Таъкидлаш жоизки, оилавий муносабатларда, айниқса, болалар тарбиясида она ҳам, ота ҳам бирдек масъулдир. Қонунда бу борада ҳам эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари аниқлаб берилган бўлиб, уларнинг тенг мажбуриятларга эга эканлиги ёзиб қўйилган. Бу борада аёллар ва эркаклар никоҳининг ихтиёрийлиги, мажбурий ва эрта никоҳларга йўл қўйилмаслиги, эр-хотинларнинг шахсий ва мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари тенглиги кабилар шулар жумласидандир.

Бола туғилиши муносабати билан ҳақ тўланадиган таътил олишда ота ҳам, она ҳам тенг ҳуқуққа эга. Болага қараш бўйича таътилнинг давомийлиги ота-онанинг ихтиёрига кўра улар ўртасида тақсимланиши, бунда ота-она таътилдан қисмларга бўлган ҳолда фойдаланишлари мумкинлиги ҳам айнан гендер тенгликнинг ифодасидир.

Қонун таълим, илм-фан, маданият ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини ҳам акс эттирган. Таъкидлаш жоизки, ушбу соҳаларда мамлакатимизда аёллар фаол меҳнат фаолиятни олиб борадилар. Таълимнинг барча босқичларида, илмий-тадқиқот, тиббиёт соҳаларида меҳнат қилаётган аёллар кўпчиликни ташкил этиши маълум.

Эндиликда турли таълим дастурларига гендер мавзусини жорий этиш орқали фуқароларнинг гендер хабардорлигини оширишга кўмаклашиш, жинслардан бирининг устунлиги ғоясига асосланган нотўғри тасаввурлардан холи ўқув адабиётларини тайёрлаш ва чоп этиш, гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлаш масалалари бўйича аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ахборот-маърифий тадбирларни ташкил этиш каби фаолият йўналишларида кўплаб ишларни амалга ошириш зарур бўлади.

Олий таълим муассасаларининг таълим дастурлари ва малака ошириш курсларида гендер тенглик масалаларига оид курсларнинг ишлаб чиқилиши ва амалга киритилиши ёшларимизни мазкур қонунда кўзда тутилган масалаларни тўғри талқин қилиш, ҳаётда ўзаро ҳурмат асосида фаолият юритишга ўргатади.

Гендер тенглик жамият ривожида муҳим бўлган ижтимоий муносабатларда долзарб аҳамиятга эга эканлиги бугунги кунда янада яққол намоён бўлмоқда.

Зухриддин Мавлонов

                                                                      Сурхондарё вилоят суди судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan