ЎЗБЕКИСТОН

Ўзбекистонда дастлабки 3 ойда 37 та фоторадар ва кузатув камераси ишга туширилди

Улардан 4 таси хавфсиз камарини, 33 таси эса тезликнинг меъёрдан ошириб юборганлик ҳолатини текширади.

Коррупсияга қарши курашиш агентлиги 2022-йилда ўрнатилган фоторадар ҳамда интеллектуал кузатув камералари тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилди. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, президентнинг тегишли фармони билан очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган 33 турдаги ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати тасдиқланган. Улар орасида Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатилган аниқ манзиллар ҳамда улар томонидан қайд этиладиган йўл ҳаракати қоидабузарлигининг тури ҳақидаги маълумотларни фуқаролар учун очиқ эълон қилиб бориш тартиби белгиланган.

Коррупсияга қарши курашиш агентлиги томонидан мазкур маълумотларнинг очиқланиш ҳолати бўйича мунтазам мониторинг олиб борилмоқда.

Маълум бўлишича, республика ҳудудидаги автомобил йўлларида 2022-йил биринчи чорагида жами 37 та янги фоторадар ҳамда кузатув камералари ишга туширилган. Улардан 4 таси хавфсизлик камарини тақмаслик ёки ҳайдовчиларнинг телефондан фойдаланганлик ҳолатини аниқловчи кузатув камераси, 33 таси эса ҳаракат тезлигини белгиланган меъёрдан ошириб юборганлик ҳолатини аниқловчи фоторадар қурилмалари ҳисобланади.

Янги ишга туширилган фоторадар ҳамда кузатув камералари ҳудудлар кесимида қуйидагича:

Сурхондарё вилоятида – 10 та;
Хоразм вилоятида – 7 та;
Қашқадарё вилоятида – 5 та;
Тошкент шаҳарида – 5 та;
Фарғона вилоятида – 4 та;
Тошкент вилоятида – 4 та;
Бухоро вилоятида – 2 та.
Ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, Коррупсияга қарши курашиш агентлиги томонидан Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига президентнинг ПФ-6247-сон фармони талабларини сифатли ижро этиш (талаб этилган маълумотларни ўз расмий веб-сайтида белгиланган муддатларда, тўлиқ жойлаштириш) бўйича тегишли кўрсатмалар берилган.

Аввалроқ Бухорода махсус радар мосламаси билан жиҳозланган автомобиллар фаолият кўрсата бошлагани, Ўзбекистонда ЙПХ ходими тасвирини унинг рухсатисиз тарқатиш тақиқланиши мумкинлиги, Тошкентда мактаб ва боғчалар атрофида тезликни 30 кмдан оширган ҳайдовчилар орасида тушунтириш ишлари олиб борилаётгани хабар қилинганди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan