ЖАМИЯТ

Термиз шаҳар ҳокимлигидан расмий муносабат: … кўрсатма берилиб, ижроси назоратга олинди

Термиз шаҳар ҳокимлиги 2020 йилнинг 9 январь куни Diyor24.uz интернет сайтида эълон қилинган “Термиз шаҳар ҳокимининг ваъдалари амалга ошмаяпти” сарлавҳали мақола юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

  • Мақолада келтирилган, Термиз шаҳрида йўналишли линияларда ҳаракатланаётган автобусларда йўл кира ҳақи асоссиз оширилган деган эътирозга жавобан, Сурхондарё вилоят ҳокимининг 2019 йил 4 октябрдаги “Термиз шаҳар йўловчи ташиш транспортида йўловчилар ташиш тарифларини белгилаш тўғрисида”ги Қ-518-сонли қарори асосида амалга оширилганлигини маълум қиламиз. Монополия қўмитасининг Термиз шаҳар ҳокимининг ушбу қарори қонун ҳужжатларига зидлиги ҳақидаги қарори ҳам эълон қилинганлиги, аммо буларнинг ҳеч бирига Термиз шаҳри матбуот хизматининг расмий муносабати эълон қилинмаганлиги борасидаги фикрга келсак, Термиз шаҳри матбуот хизмати томонидан 05.07. 2019 йилда «Дамас»лар мажороси. Термиздаги ҳолат тафсилотлари» сарлавҳа остида чиқиш қилиниб, унда шаҳар ҳокимлигининг «Термиз шаҳрида автобус хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси борасида ахборот ёритилган. (Кун.uz сайти орқали батафсил танишишингиз мумкин.)
  • Хусусан, йўналишли таксилар билан боғлиқ масала юзасидан Сурхондарё вилоят ҳокими Т.Боболов раислигида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтган.
    Йиғилишда Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари, адлия ва монополия органларининг Термиз шаҳар ҳокимининг 2019 йил 13 июндаги «Термиз шаҳрида автобус хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори юзасидан билдирилган эътирозлари ҳам муҳокама этилиб, қайд этилган қарорни қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берилган.
    Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлар ва ОАВларида йўловчилар томонидан келтирилган эътирозлар эътиборга олиниб, шаҳримиздаги йўловчи ташиш фаолиятини янада яхшилаш ва аҳолига сифатли автотранспорт хизматлари кўрсатишни кенгайтириш борасида Сурхондарё вилояти Транспорт бошқармаси томонидан мазкур соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар ўртасида мунтазам равишда ўтказилаётган тушунтириш ва тарғибот ишлари самараси ўлароқ, 2019 йилнинг октябрь ойида Транспорт вазирлиги қошида очилган “Автотранс Ангор” унитар корхонаси томонидан қўшимча равишда яна 30 та янги “ISUZU” русумли автобуслар сотиб олиб келинди.
    Ушбу автобусларни Термиз шаҳрини туманлар билан боғлаш мақсадида 2 та (иккита) янги йўналиш очиб, ШИ-1 “Термиз ҳалқаро аэропорти-Истиқлол майдони” (Намуна МФЙ, Автошохбекат, «Юбилейний» бозори, ТерДУ орқали йўналиш яқин кунларда ишга туширилиши режалаштирилган), ШИ-3 “Термиз ҳалқаро аэропорти-Шимолий автошоҳбекати” (Тиббиёт академияси, Яшил дунё бозори, Мангузар МФЙ орқали) ҳамда ШИ-9 “Термиз автошоҳбекати-Тутзор Минимаркети” (Вилоят ҳокимлиги, Тиббиёт академияси, Тахта бозор ва Дарё порти орқали) автобус йўналишларига қатнов йўлга қўйилган.
    Сурхондарё вилояти Транспорт бошқармаси томонидан Термиз шаҳар кўчалари ёқасидан енгил металл конструкциядан қурилиши режалаштирилган “Оралиқ автобус бекатлари” шаҳарнинг И.Каримов кўчасида 2 та, «Тараққиёт» кўчасида 2 та, «Фидокор» кўчасида 4 та, «Истиқлол» кўчасида 3 та, Ибн Сино кўчасида 4 та “Ақлли бекат”лар қурилиш ишлари ҳозирги кунда давом этаётган бўлиб, жорий йилнинг 2-чорак бошига қадар ишга тушурилиши режалаштирилган.
    Шунингдек, ОАВ ларда йўловчи ва ҳайдовчилар томонидан келтирилган эътирозлар эътиборга олингани йўқ, деган эътирозга келсак, бу борада Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг нашри ҳисобланмиш «Термиз оқшоми» газетасининг 2019 йил 15 январдаги № 1 (530) сонида турли йўналишларда фаолият олиб бораётган автобус ва «Дамас» русумидаги автомашиналар ҳайдовчиларининг тартибсиз, йўл ва хавфсизлик қоидаларига зид равишда ҳаракатланаётгани тўғрисида «Бекатини излаётган автоуловлар тошбақаларни ҳам ортда қолдирмоқда» номли фотоайблов, 2019 йилнинг 14 майидаги № 9 (548) сонида эса «Пул қуваётган «учар»лар!» номли мақола чоп этилган.

Шу ва бошқа ҳолатларнинг (жумладан, айрим ҳайдовчиларнинг автобус ҳаракатланаётган вақтда телефондан фойдаланаётгани ҳақидаги эътироз) олдини олиш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинди.

Термиз шаҳар ҳокимлиги
матбуот хизмати

PS: Расмий муносабатлар юзасидан фикрларингиз, эътироз ёки қўшимчалар бўлса, уларни ДИЁР24бот да қабул қиламиз.