ЖАМИЯТ

Сайлов комиссиялари фаолиятига жалб этилган фуқароларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш масалалари бўйича изоҳ берилди

Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатларни умумлаштирган холда қуйидагилар маълум қилинади:

– асосий иш жойига эга бўлган ва комиссия фаолиятига жалб этилган фуқароларимизга уларнинг асосий иш жойларида иш ҳақларини тўлиқ сақланган ҳолда сайлов ишларига жалб этилиши белгиланган;
– асосий иш жойига эга бўлган холда комиссия фаолиятига жалб этилган фуқароларимизга транспорт ва бошқа харажатлар учун комиссия раисларига 500 минг сўмдан, бошқа аъзоларга 250 минг сўмдан (бу солиқ чегирилгандан кейин қўлга тегадиган миқдор) компенсация тўланиши белгиланди.

Бунда, асосий иш жойига эга ва компенсация тўловлари амалга оширилган комиссия аъзоларига уларнинг асосий иш жойларида иш вақти ва иш ҳақи сақланган ҳолда тегишли ҳисоб-китоблар амалга оширилади.

– комиссиялар фаолиятига жалб этилган ишсиз бўлган ва нафақадаги фуқароларга (раис – 9 разряд бўйича, раис ўринбосарларига 8 разряд бўйича ва бошқа аъзоларга, шунингдек оператор ва техник ходимларга 4 разряд бўйича) уларнинг ҳақиқий ишлаган кунларидан келиб чиқиб табель асосида бир марталик иш ҳақи тўловлари амалга оширилади.

Бунда, шу тарзда табель асосида иш хақи ҳисобланиши белгиланган ходимларга юқорида келтирилган компенсация тўловлари (раисга 500 минг сўм, бошқа аъзоларга 250 минг сўм) кўзда тутилмаган;

– барча комиссия фаолиятига жалб этилган фуқароларга (раис, ўринбосар, аъзолар, бошқа техник ходимлар) сайловларнинг овоз бериш кунида (22 декабрь куни кундалик харажати тарзида овқат пули) ҳар бир ходимга бир марта 22,3 минг сўм тўланиши, шунингдек фақат такрорий овоз бериш кўзда тутилган округларда (5 январь куни кундалик харажати тарзида) қўшимча равишда хар бир ходимга 22,3 минг сўм тўланиши белгиланган. (Демак, кундалик харажатлар фақат такрорий овоз бериш белгиланган округларда икки марта, яъни 44,6 минг сўм тўланади, бошқа округларда эса бир марта 22,3 минг сўм тўланади).

Таъкидлаш жоизки, молиявий йил якунида харажатлар сметаларини қайта тасдиқланиши, тегишли ҳокимликлар ҳисобхоналардаги иш юкламасининг йил якунида кўпайгани, шунингдек айрим округлардаги такрорий овоз бериш жараёнлари сабабли табеллар топширилишида узайишлар бўлганлиги муносабати билан бир қатор ҳудудларда жалб этилган ишсиз, нафақадаги ва бошқа фуқароларга иш ҳақи ҳисобланишида кечикишларга йўл қўйилмоқда.

Тегишли ҳокимликларнинг бухгалтериялари томонидан ушбу тўловлар жорий йилнинг январь ойида тўлиқ ҳисобланиб, етказилиши таъминланади.

 

Марказий сайлов комиссияси аъзоси  А.Ибодуллаев