ЎЗБЕКИСТОН

Термизда “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди

Халқимизда «Қари билганни пари билмас», деган нақл бор. Дарҳақиқат шундай. Пиру бадавлат отахонлар, кайвони онахонлар истиқомат қилаётган хонадонларнинг бугунги кунда файзи бўлакча. Улар яшаётган хонадонга қадам қўйишингиз билан “Қариси бор уйнинг париси бор” эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қиласиз. Ҳаётнинг паст баланд йўлларини босиб ўтган нуронийларнинг бой тажрибаси, угити ёшлар учун ибрат мактабидир. Таъқидлаш керакки ёш авлодни ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда, уларга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун моҳиятини етказишда кекса авлод вакилларининг ҳиссаси бениҳоя каттадир.

Жануби ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Термиз гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирга маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги маъсул ходими Маъмуржон Шукуров, Мудофаа вазирлиги жамоатчилик кенгаши Сурхондарё вилоят бўлими, Ўзбекистон ёшлар агентлиги Сурхондарё вилояти бўлими, фахрийлар, нуроний отахон-онахонлар, ёшлар ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этдилар.

Дастлаб меҳмонлар ҳарбий оркестр куй садолари остида ҳарбий қисм ҳудудида тантанали кутиб олинди. Шундан сўнг, меҳмонларни ҳарбий хизматчиларга яратилган қулайликлар ва шароитлар билан яқиндан таништириш мақсадида ҳарбий қисм бўйлаб саёҳат ташкил этилди. Иштирокчилар учун ҳозирги кунда Қуролли Кучларимизда фойдаланаётган жанговар техника ва қурол-аслаҳа кўргазмаси намойиш этилди. Ҳарбий хизматчи ўз маҳоратини ошириш, жанговар шайлигини доимий тарзда назорат қилиш учун яратилган ПКСТ ўқув синфи, буюк саркардалар ва давлат арбобларини ўзида мужассам этган Амир Темур ва Жалолиддин Мангуберди ўқув хоналари, ҳарбий қисм музейи тарихи ҳамда замон талабларига асосланиб жиҳозланган ўқув бинолар буйлаб сайёҳат қилинди.

Уч авлод учрашувининг асосий тадбири ҳарбий қисмнинг маънавият марказида ташкил этилди. Унда сўзга чиққан нуронийлар ўзларининг ҳаётий тажрибаси ва касбий фаолиятида ортирган тажрибалари борасидаги қимматли мулоҳазалари билан ўртоқлашишди. Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 мартдаги “Оила ва хотин қизлар билан ишлаш, махалла ва нуронийларни қўллаб-қуватлаш тизимини такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Маҳалла ва нуронийларни қўллаб қуватлаш вазирлиги фаолиятинини ташкил этиш туғрисида”ги Қарорида белгиланган вазифалар хусусида сўз борди. Бир гуруҳ нуроний отахон – онахонлар, фахрийлар ҳамда ҳарбий пенсионерлар Республика маҳалла ва нуронийларни қўллаб қувватлаш вазирлиги томонидан тақдирландилар.

  • Маҳалла кексалари, нуронийлари иштирокида ўтказилаётган бундай учрашувлар кексаларимизга ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиш, ўз тажрибаларини фойдали ишларга йўналтириш ва одамлар учун керакли эканликларини ҳис этиш имконини беради. Қолаверса, ёшлар урф-одатларимизни эъзозлаш, қадр-қимматимизни асраб-авайлашни ўрганишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир, дейди Хаджаев Шокир ҳожи бобо.

Нуроний отахону онахонлар ёшлар билан сухбатлашиш давомида кекса авлод вакиллари бой ва ибратли ҳаёт тажрибаси, амалий билим ва кўникмаларини ёшларга тарғиб этишди.

III даражали сержант Акбар АҲМЕДОВ, Термиз гарнизони

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan