Uncategorized

НАВРЎЗ – ҚАДИМ ҚАДРИЯТЛАР ТАРОВАТИ

Янгиланиш, яшариш фасли бошланди. Шукуҳли бу кунларда эса юртимизда Наврўз умумхалқ байрами кенг нишонланади. Наврўз сайлидан қайтаётган деҳқону боғбонлар дала томон ошиқар экан, «Қадаминг қутлуғ келсин, Наврўз», дея ният қилишади. Наврўз — бунёдкорлик, бирдамлик ва ризқ-рўз байрамидир.

Наврўзи оламни биз барча Шарқ халқлари қатори азал-азалдан, аниқроғи, минг йиллар давомида нишонлаб келмоқдамиз. Демак, Наврўз кеча ёки бугун шаклланган байрам эмас, балки ўзида минг бир тарихни мужассам этган, инсонларни меҳр-мурувватга, диёнатга бошлаган, адолат ва инсонийлик тамойилини намойиш этган қутлуғ айёмдир.

Бу дилбар фаслда табиатнинг фусункорлиги ва  уйғониши билан ўзимизни янгитдан туғилгандек ҳис қиламиз, қалбларимиз пок ниятларга тўлиб, бутун вужудимизда эзгу ниятлар жўш уради. 

Ушбу  байрам мунособати билан Термиз шаҳридаги 15-умумий ўрта таълим мактабида байрам тадбирлари ўтказилди. 

Тадбир ўтказилган таълим маскани  байрам тадбирининг мазмунига мос тарзда байрамона, яъни шиор, гуллар, шарлар билан безатилган. Бошловчилар тадбирни кириш сўзи билан очиб бергач мактаб директори Халк таълими аълочиси Солижон Тошмуродов  сўзга чиқди. С. Тошмуродов  ўз сўзида барча йиғилганларни бугунги қўшалоқ байрам тадбири билан табриклади. Шундай сўнг ўкувчилар томонидан бахор ва Наврузни тараннум этувчи шеърлар ёд айтилди, дилрабо куй кўшиқлар ижро этилди.

Байрам сайли давомида синфлар ўртасида  “Наврўз – яшариш ва янгиланиш байрами” мавзуида баҳор гуллари танлови, “Наврўз айёмининг ранглардаги жилоси” номли деворий газеталар танлови, “Наврўз – умумхалқ қадрияти” мавзуида мохир куллар  танлови, “Наврўз – ризқ, шукроналик ва шодлик байрами” мавзуида баҳорий таомлар танлови, “Азиз ватандошлар – ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!” мавзуидаги маърифий тақдимот танловлари бўлиб ўтди. Ушбу танловлар маълум мезонлар асосида баҳоланиб борилди.

Байрам тадбирлари  давомида “Наврўз – халқ ўйинларига мададкор ” номли спорт мусобақалари ҳам бўлиб ўтди. Мусобақа “Ҳаракатли ўйинлар эстафетаси” (қиз болалар иштирокида), “Тош кўтариш” (ўғил болалар иштирокида), “Оқ теракми – кўк терак” (қиз болалар иштирокида), “Арқон тортиш” (ўғил болалар иштирокида) каби шартлар асосида бўлиб ўтди. 

Танлов шартлари белгиланган мезонлар асосида баҳоланиб, ғолиблар мактаб маъмуриятининг  диплом ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни Наврўз айёми билан яна бир бор табриклаб, ўзимизнинг қалбимиздаги энг самимий тилакларимни изҳор этамиз. Наврўзи олам юртимизга тинчлик-омонлик, бахту саодат, қут-барака олиб келсин. Ҳар бир оила, ҳар бир  хонадонда яхши кунлар, тўй-томошалар кўп бўлсин. Осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч, халқимиз омон, ҳар кунимиз Наврўз бўлсин, деймиз.

Комилжон Жўраев, Одил Эшболтаев

Термиз шаҳридаги 15-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчилари

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan