Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг рафиқаси Ли Соль Чжу ва холаси Ким Кёнг Хуи давлат оммавий ахборот воситаларида кўриниш берди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.
Маълум қилинишича, КҲДР етакчиси рафиқаси ва холаси билан Пхеньяндаги Мансудаэ бадиий театрида Янги йилга бағишланган бадиий спектаклни кўриш учун ташриф буюрган. У охирги марта 9-сентябрда, мамлакат ташкил топгани муносабати билан ташкил этилган тадбирда эри билан кўриниш берганди.
«Ким театрнинг томошабинлар залида рафиқаси Ли Соль Чжу билан пайдо бўлганида, томошабинлар ‘Ура!’ дея шов-шув кўтарди», дейилади хабарда. Телевизион кадрларда анъанавий қизил-қора ханбок либосида Ли кўрсатув давомида Ким билан суҳбатлашиб, табассум қилаётгани, эр-хотин санъаткорлар билан суратга тушиш учун саҳнага чиққани акс этган. Тасвирда, шунингдек, Кимнинг холаси ва ҳукмрон Ишчилар партиясининг собиқ юқори лавозимли амалдори Ким Кёнг Хуининг 2020 йил январидан бери биринчи марта Ли билан бирга ўтириб, театр томоша қилаётганини кўриш мумкин.