Uncategorized

Қадри баланд халқнинг қадди ҳам баланд бўлади

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 14 декабрида Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида “Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган — шу халқ.

Барчамизга туз-насиба берган ҳам — шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам айнан шу халқ. Шундай экан, биз, биринчи навбатда, ким билан мулоқот қилишимиз керак — одамларимиз билан. Ким билан бамаслаҳат иш тутишимиз керак — аввало, халқимиз билан. Шунда халқимиз биздан рози бўлади. Халқ биздан рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади”, деганида барчамизнинг кўнглимиз равшан тортган эди.

Шеърият мулкининг султони Алишер Навоий: “Эл поясин англай десанг асрорини бил, Кўнглидаги муддаосин изҳорини бил” деганидек, Давлатимиз раҳбари ишни кўнгилдан, халқ кўнглини тафтиш қилишдан, ҳар бир инсоннинг қадр-қимматини кўтаришдан  бошлади.

2017 йил мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинди. Шундай бошланган йилнинг бош шиори мамлакатда яшовчи инсонларга фаровон турмуш яратиш, оғирини енгил қилиш, меҳр улашишга йўналтирилди. Унинг дастурига халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилади, деган тамойил асос қилиб олинди. Бундан ташқари, 2016 йилнинг 28 декабрида Президентнинг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ Президентнинг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси ташкил этилди.

Ҳа, шундай қилиб мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ислоҳотларни инсон ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқаришдан, халқ билан давлат ўртасига ишонч кўпригини ўрнатишдан бошлади. Инсон ҳуқуқларининг уч ўзагидан бири бўлган Ўзбекистон фуқароларининг сиёсий ҳуқуқларини, айнан мурожаат қилиш ҳуқуқини амалга оширишлари учун кенг ва тенг шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Юртдошларимиз мурожаатларига – ўз фикр-мулоҳазалари, ўйлари, дард-ташвишлари, орзу-армонларига Президент даражасида эътибор қаратилаётганлиги ҳар бир инсон учун муҳим аҳамият касб эта бошлади. Пировардида, одамларнинг ҳаётга, давлатга, жамиятга, келажакка ишончи ортиб бормоқда. Барчамиз, ҳаётнинг мавжуд аччиқ ҳақиқатларига юзма-юз келиб, реал воқеликнинг шиддатли тўлқинида ёниб ишлаш мумкин эканига рўй-рост шоҳид бўлмоқдамиз. Буларнинг барчаси, аввало, муаммоларга тик қараб, уларни бир четдан ҳал қилишга киришилганидан, ватанпарварликдан, халқчилликдан, шижоат ва жасоратдан далолатдир.

Шижоатли инсонни кўрсанг, шижоатли бўлгинг келади. Бундай улуғвор янгиликлар, жасоратлар албатта, ижод аҳлини ҳам қўлга қалам олишга даъват этди. Халқ қабулхоналари ва Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида “Халқ қабулхоналари — адиблар нигоҳида” лойиҳаси доирасида ёзувчи ва шоирлар, публицистлар юртимиз ҳаётидаги ўзгаришлардан илҳомланиб, халқ орасига уюштираётган сафарлари, бўлиб ўтаётган учрашувлар ҳамда суҳбатларида одамларимизнинг шукроналик кайфияти акс этмоқда.

Учрашувлардан бир ҳақиқат аёнки, демократик ва инсонпарвар давлат қуриш, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш, Ватанимиз иқтисодий қудратини юксалтириш, пировардида, халқимизни ҳаётдан рози қилиш, унинг янада фаровон яшаши учун барча шарт-шароитларни яратишдек стратегик мақсадларимизга фақат ва фақат халқ билан тиллашиш орқалигина эришиш мумкинлиги яққол намоён бўлмоқда.

Тўғри-да! Президентимизнинг кўплаб қарор ва фармонларида ҳам ўз ифодасини топаётган масалалар аслида халқимизнинг қалбида сақлаб юрган орзулари эмасмиди?! Очиғини айтиш керак, инсон кексайган сайин иззатталаб, меҳрталаб бўлиб қолади. Мана шундай кекса инсонларни қадрлаш, йўқлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиб туришга, кечаги меҳнаткаш – бугунги нуроний-фахрийлар ҳурматини жойига қўйишга қаратилган чора-тадбирлар, “Меҳнат фахрийси”, “Маҳалла ифтихори” каби кўкрак нишонларини таъсис этиш ҳақидаги фармонлар кўпчиликнинг дилини яйратди. Бир пайтлар ватан учун, халқ учун фидокорона меҳнат қилиб, кимга мурожаат қилишини билмай уйида ўтирган уруш қатнашчилари, меҳнат фахрийлари иззат-икром топа бошлади.

Шунингдек, иқтисодиётнинг тамал тошини қўядиган илм аҳли – академиклар, профессор-ўқитувчиларга алоҳида эътибор қаратилмоқда, улар эъзозланмоқда, заҳматли меҳнатлари муносиб қадрланмоқда. Ёш авлод учун барча даражадаги таълим олиш шароитлари кун сайин кенгайиб бормоқда.

Шу заминда туғилиб ўсган, шу ватанни ватан деб, шу юртни юртим деб яшаётган юртдошларимизнинг бир қисми неча йиллар қалбида оғир бир дард билан яшади. Бу дард “фуқаросизлик” дарди эди. Давлатимиз раҳбари уларнинг ҳам қалбига йўл, дардига малҳам топди. Президентимизнинг ҳеч бир инсонни эътиборидан четлатмаганлигини бир неча минглаб киши Ўзбекистон фуқароси бўлиш бахтига муяссар бўлганида ҳам кўриш мумкин. Бугунги кунда Ўзбекистондек жаннатмакон юртнинг фуқароси деган шарафли номни кўксида кўтариб юриш дарди билан эзилиб ётган юракларни дард эмас, муҳаббат, Ватанга муҳаббат, унинг адолатпарвар раҳбарига бўлган муҳаббат эгаллади.

Президентимизнинг 2017 йилдан бери афв этиш билан боғлиқ 21 та фармони асосида беш минг беш юз нафардан ортиқ жазо муддатини ўтаётган шахслар афв этилганлиги ҳам, оқлов ҳукмлари чиқариш  судлар амалиётида тез-тез кўриниб қолгани ҳам бежиз эмас. Буларнинг таг-замирида инсон қадри мужассам.

Мамлакатимиз раҳбарининг инсонпарварлик ғояларидан яна бирини мисол келтириш мумкин. Президентнинг сиёсий иродаси-ю одилона ва оқилона сиёсати туфайли Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги тўсиқлар олиниб, давлатлараро ўтиш йўллари байрамона руҳда очилди. Азал-азалдан бир-бирига меҳр қўйган қардош халқлар ўртасида яқин қўшничилик муносабатлари, борди-келди бошланди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши ва унинг самарали ижро этилиши ортидан ислоҳотларнинг юқори натижаларига эришилди. Унинг натижаларидан қаноат топган халқимиз 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини жуда кўтаринки руҳда кутиб олишди.

Очиғини айтсам, халқимизнинг юрагидан жой олган дастурлар буюк бобомиз Алишер Навоийнинг қуйидаги мисраларини бот-бот ёдимизга солаверади:

Одами эрсанг демагил одамий,
Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами.

Ҳа, Президентимиз халқнинг қалбига катта йўл солди. Ва бу йўл оддий йўл эмас, меҳр ришталарига айланган чароғон кўнгил йўлидир. Зеро, қадри баланд халқнинг қадди ҳам баланд бўлади.

Абдукамол РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan