Куни кеча, 17 декабрь санасида маҳаллий оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси томонидан Orginfo.uz сайти яратувчиси Бобурмирзо Ҳамроқулов устидан Ички ишлар вазирлигига шикоят қилгани ҳақида хабар берилди.
Бу эса кенг жамоатчилик вакилларининг жумладан қатор блогерларнинг тандиқий муносабатларига сабаб бўлди. Қуйида ушбу хабардан сўнг эълон қилинган постлар умумлаштирилган ҳолда эътиборингизга ҳавола этилмоқда.
Отабек Бакиров, иқтисодчи-блогер
Статистика қўмитаси бизнес билан чатишиб кетган муттаҳам амалдорлар ҳимоясига чиққанга ўхшайди.
Фойдаланувчилар биладики, stat.uz сайти орқали хўжалик субъекти тўғрисида маълумот олиш имкониятлари атайин чекланган. Яъни қўмита сайти юридик шахсларнинг манзили, раҳбари ва таъсисчилари билан боғлиқ маълумотларни акс эттиради холос.
Қўмитанинг сайтидан фарқли ўлароқ Orginfo.uz сайти юридик шахс, унинг раҳбари ва таъсисчиларининг аффилланган шахсларини ҳам биратўла кўрсатиш имкониятлари мавжуд. Сайт дастурчи Бобурмирзо Ҳамроқулов томонидан яратилган.
Қарангки, статистика қўмитаси Orginfo.uz сайти яратувчиси устидан ИИВга шикоят қилипти.
Шунақа чидамаслик бўладими? Бу нима ўзи? Статистика қўмитаси кимни ҳимоя қилаяпти?
Ваколатларини шахсий ва қариндош уруғи билан бойиш учун ишлатиб ётган, бизнес билан чатишиб кетган, ҳар қадами манфаатлар тўқнашувидан иборат амалдорлар кети очилиб қолаётганидан шунчалар ташвишдами?
Қачондан буён очиқ маълумотлар асосида сервис яратиш қонунбузарлик бўлиб қолди?
Уят қисқаси. Янги Ўзбекистонни шарманда қилиш учун яна нималар қилмоқчисизлар?
Зафарбек Солижонов, ҳуқуқшунос-блогер
18+ пост: Статистика қўмитасига напалм.
orginfo.uz сайтини яратган дастурчи йигит ҳимоясига ҳар бир фаол шошишилиши керак. Бефарқ бўлмайлик. Шу вақтгача бир қанча ноқонуний ёки адолатга тўғри келмайдиган маълумотлар олинишида ва уларнинг жамоатчиликка хабар қилинишида бу боланинг ҳиссаси катта бўлди. Respect!
Статистика қўмитасида эса ичи комплексга тўла раҳбарлар ишлайди, шекилли. Братлар, от минганники. Мактабда ҳам чиройли қизлар шустрый болларники бўлган. Нормал боллар буни қабул қилган. Лекин сизлар ўзи шунақа бўлолмай, қизсиз қолиб, кўйлаги кир, шимининг тиззаси оқариб кетган, «устоз, фалончиев фалончиев билан юради» деб чақимчилик қиладиган гнида пацанларни эслатяпсизлар, бу ишингиз билан.
Жаа тепага қараб адолатни айтолмаяпсизми, ҳақиқатни гапираётганларнинг платформасига ҳам бурун суқманг. Тарих ҳаммасини эслаб қолади. Сизларни ҳам. Ишаноринг!
Хушнудбек Худойбердиев, ҳуқуқшунос-блогер
Статистика қўмитаси ўзи шунча йиллардан буён эплолмаётган ишни қилган orginfo.uz сайти асосчиси устидан шикоят киритибди.
Айблов эса асоссиз.
Бу қанақа сайт?
Интернетда orginfo.uz деган сайт бор. Унда корхона, ташкилотлар ва МЧЖлар, уларнинг таъсисчилари, директори, очилган санаси ва бошқа маълумотларни олиш мумкин. Бу сайт оддий бир дастурчи ўзбек йигити томонидан яратилган. Сайтдаги маълумотлар осмондан олинмайди, тўқиб чиқарилмайди ёки қандайдир хакерлик усули орқали ўғирлаб олинмайди. Шунчаки Давлат статистика қўмитасининг stat.uz сайтидаги ОЧИҚ ВА РАСМИЙ МАЪЛУМОТЛАР базасидан олади.
orginfo.uz афзаллиги нимада?
Хўш, orginfo.uz сайти шунчаки Статистика қўмитаси базасининг дубликати бўлса, унда нима муаммо? Гап шундаки, Статистика қўмитаси сайтидан маълумот қидириш жуда қийин ва ноқулай. Масалан, stat.uz сайтидан бирор МЧЖ ҳақида маълумот олиш учун унинг СТИР (ИНН) рақамини билишингиз керак. Бундан ташқари МЧЖ таъсисчиларининг бошқа фирмаларини топиб бўлмайди. Ёки исм-шариф орқали маълумот топишнинг ҳам иложи йўқ.
orginfo.uz сайтида эса аксинча, амалдорларнинг исм-фамилияларини ёки шунчаки фирма номларини ёзган ҳолда маълумотларни осон ва қулай топиш мумкин. Бундан ташқари бу сайт Интеллектуал мулк агентлигининг савдо белгилари бўйича очиқ базаси билан ҳам интеграция қилган. Шунчаки оддий мисол мана бу.
Муаммо нимада?
Статистика қўмитаси ўзининг қўлидан келмаган ишни қилгани учун orginfo.uz сайтидан хафа бўлган шекилли, устидан шикоят қилибди. Бунга асос қилиб, orginfo.uz сайти ҳар 10 кунда янгиланиши, бу муддат ичида айрим фирмалар маълумоти ўзгариб қолган бўлиши, бу эса икки хил маълумотни кўрган инвесторлар ва бошқаларда ишончсизлик пайдо қилишини айтишибди.
У қанақа аҳмоқ инвесторки, давлатнинг расмий ташкилоти базаси бўла туриб, ҳар 10 кунда янгиланадиган ва бу ҳақида огоҳлантириб ёзиб қўйган норасмий сайтга ишонса? Хуллас, емаган баҳона.
Ундан кўра, айрим коттаконларга шубҳали тендерларда ғолиб бўлаётганда, давлатнинг катта мулкларини сотиб олаётганда ёки бошқа ҳолатларда журналистлар, блогерлар ва кенг аҳоли осонгина уларнинг бизнеси ҳақида маълумот топаётгани ёқмаяпти, деб қўя қолинглар.
Нима айб қўйилмоқда?
orginfo.uz сайтини яратган дастурчи Бобурмирзо Ҳамроқуловга нисбатан Андижон вилояти Асака тумани ИИБ томонидан МЖтКнинг 202-2-моддаси (ёлғон ахборот тарқатиш) бўйича маъмурий иш очилибди. Аммо бу айб мутлақо асоссиз қўйилган, деб ҳисоблайман. Ички ишлар ходими ёки шошиб қолган, ёки малакасизлик қилган.
202-2-моддада шундай дейилади: «Шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш».
Хўп, orginfo.uz сайтида қандай ёлғон хабар тарқатилган? Ва бу маълумот кимнинг қадр-қимматини камситибди? «Миллиард туда, миллиард суда» қилаётган коттаконларнингми?
Яна бир гап: давлат ташкилоти, умуман олганда бирорта юридик шахс қадр-қиммати камситилгани ҳақида шикоят қила олмайди. Чунки ташкилотнинг қалби бўлмайди ва ўз-ўзидан қадр-қиммати ҳам йўқ. Бу модда билан иш очиш учун ўша қадр-қиммати камситилган ШАХСнинг шахсан ўзи ариза ёзиши керак. Хўш, ким шикоят ёзган? Шунақа ариза борми ички ишлар қўлида?
Коррупцияга қарши курашга қарши кураш
Статистика қўмитасининг бу иши Ўзбекистон жамиятида коррупцияга қарши курашаётганлар, очиқлик ва шаффофлик асосида давлат мулкини талон-торож қилаётганларни фош қилаётганларга қарши кураш бўлибди. Яъни очиқликни эмас, ёпиқликни хоҳлаётганларнинг иши бу. Ўзининг маълумотини ўзидан яхшироқ ва қулайроқ бераётганига алами келганларнинг иши бу.
Умуман бугунги Янги Ўзбекистон сиёсати шамолига ва оқимига қарши иш.
Умид қиламанки, Андижондаги судьяларимиз бу ҳолатда адолат ва қонун томонда бўлишади, ҳамда турли босимларга учишмайди. Дастурчи йигитнинг ҳаракатларида ҳеч қанақа ҳуқуқбузарлик йўқлигини баралла айта олишади. Бунга ишонаман.
Ўзининг 40 мингдан ортиқ обуначисига эга бўлган “Tentakminds” телеграм каналида қуйидаги сатирик характердаги танқидий пост эълон қилинди.
Бир нарса қилиш керак.
– Ҳамма бизни миллиардлаб пул ювадиган компанияларимиз, уларнинг бир-бирига боғлиқлиги ҳақидаги маълумотларни билиб қоляпти. Нимадир қилиш керак.
– Улар бу маълумотларни қаердан оляпти?
– orginfo.uz сайтидан.
– orginfo.uz қаердан оляпти?
– stat.uz очиқ маълумотларидан олиб маълумотларни қулай ва корхоналарнинг маълумотларини эгаларининг бошқа корхоналарга алоқадорлиги билан чиқариб беряпти.
– Ҳа, унда, нимадир қилиш керак. Яхшиси ўша orginfo.uz сайтининг яратувчиси устидан милицияга ариза берамиз.
– Каллангга қойилим, зўр.
