Uncategorized

Қирғизистонда 5 та мактабда теракт содир этмоқчи бўлган 6-синф ўқувчиси ушланди

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида 6-синф ўқувчиси 5 та мактабда теракт содир этмоқчилиги ҳақида хабар берди. Бу ҳақда «Akipress» маълум қилди.

Маълум қилинишича, у ТikТоk’даги аккаунтига Бишкекдаги бир нечта мактабларга режалаштирилган ҳужумлар ҳақида хабар берувчи таҳдидли видео жойлаган. Фойдаланувчининг 23 ноябрдаги ушбу пости мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси пойтахт бошқармаси ходимлари томонидан назоратга олинган.

Қўмита матбуот хизматининг маълум қилишича, ТikТоk’даги ушбу саҳифа пойтахт мактабларидан бирида 6-синфда ўқийдиган, 2009 йилда туғилган 12 ёшли болага тегишли экани аниқланган. Тергов пайтида ўқувчи буларнинг барчасини безорилик ниятида қилганини таъкидлаган. Мазкур факт Қирғизистон Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми (Террорчилик акти тўғрисида қасддан ёлғон хабар бериш) билан рўйхатга олинган. Ҳозирда қўмита ушбу ҳодисага алоқадор бошқа шахсларни қидирмоқда.

«Фуқаролар бундай хатти-ҳаракати билан хавф келтириб чиқармоқда, аҳоли ўртасида ваҳима қўзғатиб, мамлакатга келган меҳмонларга ноқулайлик туғдирмоқда. Бу каби ахборотни текшириш учун катта куч, пул ва вақт сарфланади. Бундан ташқари, муассаса ва транспортларнинг иш вақти ҳам бузилади. Бундай хабарларни текшириш чоғида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эътиборини террорчилик актларини содир этишнинг реал таҳдиди ҳолатларидан чалғитиш хавфи мавжуд. Жиноят кодексида бундай ‘ҳазилларʼ жиноят сифатида таснифланади», дея қўшимча қилган давлат Миллий хавфсизлик қўмитаси.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan