Uncategorized

ИДга алоқаси борлиги учун қидирилаётган шахс Ўзбекистонга олиб келинди

ДХХ «Ислом давлати» билан алоқаси борлиги учун қидирилаётган шахсни Ўзбекистонга қайтарди. Унинг Сурия ва Ироқдаги жангларда ҳамда Марказий Осиё давлатларидан бирида терактга тайёргарлик кўришда қатнашгани хабар қилинди.

Халқаро террористик ташкилотларга алоқадорлиги учун қидирувда бўлган шахс хориждан Ўзбекистонга олиб келинди, дея хабар қилди ДХХ ахборот хизмати.

Қайд этилишича, «И.О.» 2014 йилнинг февраль ойида мавсумий ишлаш мақсадида Россияга боради ва Интернет тармоғи орқали халқаро террористик ташкилотлар аъзолари билан алоқага киришади.

Натижада уларнинг таъсири остида «И.О.» яшаш манзилига қайтиб келиб, икки нафар фарзандини ота-онасига қолдиради ҳамда рафиқаси билан бирга 2015 йилнинг март ойида Украина орқали дастлаб Туркияга, сўнгра Сурия ҳудудига ўтиб, «Ислом давлати» халқаро террористик ташкилоти сафига қўшилади.

Шу таъриқа у 2015−2021 йиллар давомида Сурия ва Ироқ давлатларидаги террористик ташкилотлар сафида жанговар ҳаракатларда қатнашади.

Шунингдек, у жорий йилнинг сентябрь ойида Марказий Осиё давлатларининг бирида амалга оширилиши керак бўлган қўпорувчилик ҳаракатида иштирок этиши лозим эди.

Ҳозирда «И.О.»га нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan