Uncategorized

ЧИГИТКА ОФАТ КЕЛТИРАДИ

Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтган илмий  амалий ўқув –  семинар  ўз ишини якунлади.

Чигиртка ва тут парвонасига қарши курашиш бошқармасининг 2022 йилда амалган ошириладиган иш режасига мувофиқ, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий тадқиқот институти олимлари ва илмий ходимларидан ташкил топган ишчи гурух  Сурхондарё вилоятида бўлдилар. 

Ушбу  илмий  амалий ўқув –  семинар  Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг  инспекторлари ҳамда ҳудудий чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизматларининг раҳбар ва мутахассисларини илмий салоҳиятини ошириш мақсадида  “Ўзбекистонда тарқалган зарарли чигиткалар  турлари ва уларга қарши самарали кураш чора-тадбирлари” мавзусида  ўтказилди.

Унда Чигиртка ва тут парвонасига қарши курашиш бошкармаси бошлиғи Б. Худойқулов  маълумот ўрнида  таъкидладики,  хозирда Африка ва Марказий Осиё давлатларида саҳро чигирткаси ёппасига кўпайиб, 15 миллион гектар майдонда кўчиб юрибди. Афғонистон, Эрон, Судан, Эфиопия, Миср давлатларига саҳро чигирткалари келтирган зарар 500 миллион доллардан ошиб кетган. Чигирткалар барча қишлоқ хўжалик ўсимликларини зарарлайди. Ёппасига кўпайган йилларда ток ва мевали дарахтларнинг барглари билан ҳам озиқланади. Ушбу зарарли ҳашаротлар Ўзбекистон ҳудудида қадим замонлардан буён мавжуд. Тарихий маълумотларга кўра, ўтган асрнинг биринчи ярмида кўплаб очарчиликларга сабаб бўлган. Демак, улар келтирадиган иқтисодий зарар жуда йирик бўлиши мумкин. Мисол учун, 1982 йилда юртимизда Марокаш чигирткаси ёппасига кўпайиш оқибатида 40 минг гектар пахта, 30 минг гектар ғалла ва 10 минг гектар майдонидаги томорқа экинлари нобуд бўлган. 2009 йилда эса қўшни давлатлардан марокаш чигирткасининг ёппасига учиб ўтиши оқибатида биргина Музработ туманида 2000 гектар майдондаги пахта ҳосили барбод бўлган.

Маълумотларга караганда,  айни вақтда юртимизда 150 дан ортиқ чигиртка тури тарқалган бўлиб, тўда ҳосил қилиб яшовчи Марокаш, Осиё ва воҳа чигирткалари шулар сирасидандир.

– Шу кунларда юртимизда марокаш чигирткаси кенг тарқалгани ҳисобга олиниб, кимёвий кураш олиб борилаётган майдонларда асосий эътибор марокаш чигирткасига қаратилмоқда. Бу турдаги чигирткалар кенг тарқалган тарихий майдонларнинг аксарият қисми давлатлараро трансчегаравий ҳудудларга тўғри келади. «Бу оилага мансуб қизил саҳро чигирткалари ҳам хавфли бўлиб, улар жуда йириклиги билан ажралиб туради. Хусусан, катталиги 7 сантиметр бўлган бу ҳашаротлар шамол ёрдамида 2-6 минг километр масофагача бемалол учиб ўта олади. Булар учиб узоқ ҳудудларга, мамлакатдан мамлакатга кўчиб ўтиши учун қанот чиқариб, вояга етиши керак. Бунга эса чигирткаларга қарши кураш хизмати асло йўл бермайди,- дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти илмий ходими, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори профессор Н. Туфлиев.

Куннинг иккинчи ярмида  ўқув семинар қатнашчилари билим салоҳиятлари тест синовлари асосида баҳоланди.

Шунингдек,  илмий ишчи гурух жанубий вилоятнинг кўшни давлатлар билан чегарадош туманларида бўлиб, адир ва чўл худудларда  чигиртка уруғ кўзачаларининг ривожаланишини олдини олиш  бўйича  назорат кузатув ишларини олиб борди. 

Якунига етган  илмий  амалий ўқув –  семинарда қайд этилдики, вилоятимизда зарарли чигирткаларга қарши кураш хизматлари мавжуд. Кураш тадбирларини муваффақиятли ўтказиш бўйича техника, ёқилғи мойлаш материаллари ва кимёвий воситалар заҳираси яратилмоқда.

Акмал Мардонов, Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи ўринбосари

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan