Uncategorized

Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини юқори савияда очиқ, ошкора ўтказишга пухта ҳозирлик кўрилмоқда

Вилоятда муҳим сиёсий жараённи Сайлов кодексига мувофиқ ташкил этиш ва ўтказиш учун 860 та сайлов участкаси тузилиб, участка сайлов комиссиялари таркиби тасдиқланди. Пандемия шароитида карантин талабларига риоя этилган ҳолда комиссия аъзолари учун ўқув-семинарлари ташкил этилиб, билим ва кўникмалари оширилмоқда.  

– Миллий қонунчилигимизда белгиланганидек, ўзини-ўзи бошқариш органлари, муассаса, корхона, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар участка сайлов комиссияси аъзолигига ҳудудда обрў-эътиборга эга номзодларни тавсия этди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ сайлов комиссияси раиси С.Сатторов. – Улар халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари сессиясида муҳокама қилиниб, тасдиқлаш учун округ сайлов комиссиясига тақдим этилди. Номзодлар сайлов кодекси доирасида кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди. Шу кунларда барча участка сайлов комиссиялари жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик ишларини бошлаб юборган. Уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиришга яқиндан кўмаклашяпмиз.  

Округ сайлов комиссиясидан олинган маълумотларга кўра, участка сайлов комиссияларида 10 минг 449 аъзо фаолият юритмоқда. Уларнинг 6 минг 772 нафари илгари ҳам сайловларда иштирок этиб, етарли тажриба тўплаган турли соҳа вакилларидир.  

Термиз шаҳридаги 269- сайлов участкаси муҳташам «Термиз» давлат музей-қўриқхонаси биносида жойлашган. Сайлов куни бу ерда Меҳриобод маҳалласи фуқаролари ўз хоҳиш иродасини эркин ифода этади. Айни пайтда комиссия аъзолари сайловчиларнинг овоз бериши учун барча қулайликларни яратмоқда.

–Комиссиямиз таркиби 11 кишидан иборат, – дейди 269-участка сайлов комиссияси раиси Насиба Хушшиева. – Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни қонунчилигимизда белгиланган мезонлар асосида ўтказиш учун календарь иш режа тузиб олдик. Навбатчилар рўйхатини шакллантирдик. Эндиликда ягона электрон рўйхат асосида уйма-уй юриб, сайловчиларимизни қайта хатловдан ўтказишни бошлаймиз. Хуллас, участкамизда сайловни очиқ, ошкора ўтказиш учун барча шароит яратилади. Бунинг учун участкамиз Сайлов кодексида белгиланганидек жиҳозланмоқда.

Жорий йилнинг 24 октябрь куни Денов тумани аҳолиси 117 сайлов участкасида овоз беради. Бунинг учун участка сайлов комиссияларига 1 минг 587 нафар аъзо жалб этилган. Уларнинг 1 минг 266 нафари аввалги сайловларда ҳам иштирок этган.  

651-сайлов участкаси Қорабоғтепа маҳалласидаги 41-умумтаълим мактабида фаолият юритмоқда. Сайлов куни бу участкада 1 минг 750 нафар сайловчи ўз хоҳиш-иродасини эмин-эркин ифода этиши кутиляпти.

–Мамлакатимизда Президент сайлови илк марта Сайлов кодексига мувофиқ ўтказилмоқда,–дейди 651- участка сайлов комиссияси раиси Лола Раҳмонова.–Бундай масъулиятли вазифани миллий қонунчилигимиз доирасида бажаришимиз учун барча шароит мавжуд. Комиссиямиз фаолият бошлаган дастлабки кунда тегишли йиғилиш ўтказиб, иш режа тузиб олдик. Вазифаларни белгиладик. Сайлов участкамизнинг ўзида семинар ташкил этиб, билим ва кўникмаларимизни мустаҳкамладик. Сайловчилар хатловини ўтказиш учун аъзоларимизни кўчаларга тақсимлаб чиқдик. Иш режамиз асосида фаолият юритиб, сайловни юксак савияда ўтказамиз.

Айни пайтда вилоятнинг олис ва чекка туманларидаги сайлов участкаларида ҳам мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий кампания– Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик ишлари уюшқоқлик билан давом этмоқда.  

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan