Uncategorized

Президент интервьюсида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар эътирофи

“Халқимиз менга ишонч билдирди, ана шу юксак ишончни оқлаш, эл-юртимизга муносиб ҳаёт шароитини яратиб бериш – мен учун ҳаётимнинг маъно-мазмунидир”.

Ш.М.Мирзиёев

2021 йил 17 август куни Президентимиз Ш.М.Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” ижтимоий-сиёсий газетасига “Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда” сарлавҳали интервью бердилар.

Ушбу интервью давлатимиз раҳбари томонидан босма оммавий ахборот воситаларига берилган биринчи интервью эканлиги билан ҳам тарихий аҳамиятга эга бўлиб ҳисобланади.

Интервью аввалида юртбошимиз истиқлол йилларида мамлакатимизда сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларни эътироф этиш, айниқса сўнгги йилларда аҳолини узоқ йиллардан буён қийнаб келган “прописка”, “хорижга чиқиш учун стикер”, мажбурий меҳнат, пахта ва ғаллага давлат буюртмасини белгилаш каби эски тартиблардан воз кечиш бўйича ғоят муҳим қарорлар қабул қилинганлигини таъкидлаш билан бирга, давлатимиз олдида турган муҳим вазифалар, ислоҳотларнинг галдаги устувор йўналишларига тўхталиб ўтдилар.

Жумладан, ислоҳотлар жараёнида “халқ давлат идорларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиш керак” деган муҳим конституциявий тамойилни жорий этишга устувор аҳамият берилаётганлиги, барча бўғиндаги мансабдор шахслар фуқаролар билан юзма-юз учрашиб, уларнинг дарду ташвишлари билан қоғозда эмас, амалда жиддий шуғулланаётганлиги, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишда аждодлар меросига таянган ҳолда содда ва ҳаётий талаблардан келиб чиқилаётганлиги, хусусан “Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик бўлиши керак” деган ғояни амалга ошириш бошланганлиги ва энг муҳими ортга қайтмайдиган демократик ислоҳотлар сари дадил қадам ташланаётганлиги таъкидланди.

Президентимиз мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотларнинг олтита устувор йўналишлари ҳақида фикр билдириб, жумладан, ижтимоий сиёсат мамлакатимизда давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири бўлиб келганлиги ва келгусида ҳам шундай бўлиб қолиши, иқтисодий тараққиёт соҳасида ўсиш нуқталарини аниқлаш ва уларга алоҳида аҳамият қаратиш Янги Ўзбекистон иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш муҳим роль ўйнаши, ҳозирги глобал пандемия даврида аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, жумладан, тадбиркорларни ўз муаммолари гирдобига ташлаб қўймаслик, қишлоқ хўжалигида туб ўзгаришларни амалга ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аграр секторни замон талаблари асосида ривожлантириш, пандемия даврида халқимизнинг соғлиги ва ҳаётини асраш ҳамда маънавий-маърифий ишларни кучайтириш масалалари долзарб эканлиги айтиб ўтилди. 

Юртбошимиз тадбиркорлик ҳақида фикр юритиб, ҳар бир тадбиркорлик тузилмаси ортида қанча-қанча инсонларнинг иш ўрни, оилаларнинг даромади, бугунги ва эртанги тақдири турганлиги, барчамиз тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш – фуқаролар, халқимиз фаровонлигини оширишнинг энг самарали йўли, Янги  Ўзбекистонни барпо этишнинг пировард мақсади эканлигини таъкидлаб ўтдилар.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари бугунги куннинг раҳбар кадри қандай бўлиши лозимлиги ҳақида сўз юритиб, асосий талаб – одамларни тушуниш, уларнинг қувончу ташвишлари билан яшаш, ён-атрофдаги вазиятга оддий халқнинг кўзи билан қараш ва баҳо бериш, эл-улусдан ажралиб қолмаслик кераклиги, шундагина ҳудуд ёки тармоқни бошқариш ва муҳим қарорлар қабул қилишда аниқ самара бўлиши, ҳар бир раҳбарнинг фаолият мезони – бу халқнинг орзу-умидларини ўзи учун асосий мақсад қилиб, уларни изчиллик билан рўёбга чиқаришдан иборат бўлиши лозимлигини билдирдилар.

Бундан ташқари, Президентимиз кейинги йилларда туб ислоҳотлар даврига қадам қўйган мамлакатимизда тараққиёт кушандаси бўлган иллат – коррупцияга қарши изчил кураш олиб борилаётганлиги, 2020 йилда турли даражадаги мансабдорлар томонидан содир этилган жиноятлар учун 1723 шахс жиноий жавобгарликка тортилганлиги, улар томонидан етказилган зарар
500 миллиард сўмни ташкил этганлиги, 2021 йилнинг беш ойида эса 1696 нафар мансабдорга нисбатан жиноий иш очилганлиги, етказилган зарар 450 миллиард сўмни ташкил этаётганлиги, ҳеч шубҳасиз, бу моддий зарарлар айбдорлардан ундириб олиниши ва коррупция балосини жамиятимиз ҳаётидан йўқ қилишга қаратилган сиёсат келгусида ҳам қатъий давом эттирилишини айтиб ўтдилар.

Интервью якунида Юртбошимиз барча ватандошларимизни яқинлашиб келаётган Энг улуғ ва энг азиз айём – Мустақиллик байрами билан муборакбод этиб, Янги Ўзбекистон жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон мамлакатга айланишини тилаб қолдилар.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Президентимиз томонидан “Янги Ўзбекистон” газетасига берилган ушбу интервью давлат раҳбарининг амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларга бағишланган нуқтаи-назарлари бўлиб ҳисобланади.   

                                                                          Асқар Мамараимов

                                                                                 Шеробод туманлараро иқтисодий судининг раиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan