Uncategorized

Мексикада наркобарон Эл Чапо ўғли ҳибсга олинди

Мексика полицияси ҳарбийлар билан биргаликда Синалоа наркокартелининг тахминий раҳбари, наркобарон Эл Чапонинг ўғли Овидио Гусман-Лопесни ҳибсга олди. Шундан сўнг, наркокартел аъзолари Кулиакан шаҳрида тартибсизликларни уюштиришди.

Синалоа губернатори Рубен Рочанинг айтишича, эрта тонгдан тушгача давом этган тартибсизликлар давомида 12 та отишма содир бўлган, натижада 7 нафар ҳуқуқ-тартибот ходими ҳалок бўлган, яна 21 нафари яраланган.

Тинч аҳоли орасида 11 киши яраланган, улардан 3 нафари ҳалок бўлган. Бундан ташқари, шаҳарда 25 та талон-тарож қилиш, шунингдек, 250 та машинага ўт қўйиш ҳолатлари қайд этилган, кейинчалик улар кўчаларни тўсиб қўйиш учун ишлатилган.

Бундан ташқари, маълум қилинишича, наркокартел азолари Овидио Гусман-Лопесни олиб кетишга халақит бериш учун самолётларга ўқ узган. Кейинроқ вазият барқарорлашган.
Мексика расмийлари гиёҳванд моддалар картелининг етакчиси деб тахмин қилинган шахс пойтахт Мехикога олиб борилганини тасдиқлади. Энди у Қўшма Штатларга экстрадиция қилинади.
2019 йилда Овидио Гусман-Лопес худди шундай операция давомида ҳибсга олинган эди, аммо кейин наркокартел аъзолари шаҳарда кенг кўламли тартибсизликлар уюштиришди, бир қанча ҳарбийларни гаровга олишди, шунингдек, наркобаронни ҳибсга олган полициячилар гуруҳини қуршаб олишга муваффақ бўлишди. Шундан сўнг, расмийлар қон тўкилишини тўхтатиш учун Овидио Гусман-Лопесни қўйиб юборишган эди.
2022 йил декабр ойида АҚШ расмийлари Овидио Гусман-Лопес ва унинг уч ака-укасини ҳибсга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 5 миллион доллар мукофот таклиф қилди.
Хоакин Гусман (Эл Чапо) дунёдаги энг машҳур наркобарондир. У Мексикада икки марта қамалган ва ҳар иккаласида ҳам қочиб кетган. Охирги марта қамоқдан 2015 йилда ерости туннелидан фойдаланган ҳолда қочган.
Эл Чапо қочиб кетганидан 6 ой ўтиб Мексикада яна ҳибсга олинди ва 2017 йилда АҚШга экстрадиция қилинди. 2019 йил июл ойида АҚШ федерал суди наркобаронни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan