Uncategorized

Қайтим ўрнига берилган «сақич» ёки «конфет» сизга ёқмаса, нима қилиш керак?

Кунига ҳеч бўлмаганда, 1 марта савдо дўконларида нақд пулга харид қиламиз.

Пулни берганингиздан сўнг, бизга пулда қайтим бериш ўрнига бизга турли товарлар бериб юбориш одат тусига кириб қолган. Биз шундай ҳолларда нима қилишимиз керак?

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан берилган маълумотларга кўра, амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасига кўра, олди-сотди амалга оширилганда истеъмолчига касса ёки товар чеки берилади. Товарни касса ёки товар чекини бермасдан сотиш тақиқланади.

Aмалдаги тартиб қоидаларга кўра, сотувчи истеъмолчи учун тўловларни нақд пулда ёки нақд пулсиз шаклда амалга ошириш имкониятларини таъминлаб бериши керак.

Истеъмолчи тўловни нақд пулда амалга ошириши эса, унга қайтимни ҳам нақд пулда қайтарилишини тақозо қилади. Ушбу ҳолатда сотувчи истеъмолчидан сўрамасдан, ҳеч қандай истисноларсиз, истеъмолчининг қўлига қайтимни нақд пулда тутқазиши лозим. Aгар истеъмолчи майда пулдаги қайтим ўрнига бирор бир товар беришни сўраши бундан мустасно.

Aгар, сизга савдо ва хизмат кўрсатиш обектларида нақд пулда тўловлар амалга оширилгач, қайтим ўрнига бошқа товарлар зўрлаб тиқиштирилса, қайтимни нақд майда пулда беришдан бош тортишса, ушбу ҳолат амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ги қонуннинг 21-моддасида кўрсатиб ўтилган қонунбузилиши ҳолатини келтириб чиқаради.

Бундай ҳолда Сиз Марказий банкнинг 71 коди билан 2000044 ишонч телефонига ёки Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилишингиз мумкин,дейилади хабарда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan