Uncategorized

Ўзбекистонда 13 турдаги касалликларга қарши режали эмлашлар ўтказиб келинади

Юртимизда жорий йил коронавирус инфекциясига қарши аҳолини оммавий эмлаш жараёни ўтказилиши режалаштирилмоқда, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Хўш, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими иммунизация ва вакцинация тадбирларини ташкил этиш бўйича қандай амалий тажрибага эга?

Биламизки, вакцинация-эмлаш жараёни юқумли касалликлар профилактикасида энг самарали усуллардан бири ҳисобланади.

Миллий профилактик эмлашлар календарига мувофиқ, мамлакатимизда 13 турдаги юқумли касалликларга – дифтерия, кўкйўтал, қоқшол, сил, вирусли гепатит В, полиомиелит, қизамиқ, қизилча, эпидемик паротит, ротавирус, пневмококк, гемофилиус инфлюенца (ХИБ) инфекцияси, бачадон саратонига қарши режали эмлашлар олиб борилади.

Аҳолини бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши эмлаш, айнан ушбу юқумли касалликларни камайтириш, касаллик ўчоқларини жиловлаш ва тугатиш, уларнинг элиминациясига эришишда асосий восита хисобланади.

Давлатимизда хавфсиз, сифатли ва ўз вақтида тўлиқ иммунизация тадбирларини ўтказилишига катта ахамият берилади.

Жумладан, ҳозирги кунда Ўзбекистонда режали профилактик эмлашлар 3 минг 138 та эмлаш пунктларида олиб борилади, чақалоқларни силга ва гепатит В га қарши эмлаш эса туғруқ комплексларида амалга ошириб келинмоқда.

Охирги ўн йилда бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши профилактик эмлашлар билан қамраб олиш даражаси 95-98 фоиздан юқори кўрсаткичларда бўлиб турибди. Мамлакатимизда 2003 йилдан буён эмлашдан сўнг ножўя холатлар рўйхатга олинмаган.

Иммунизация тадбирларининг мунтазам ва самарали олиб борилиши натижасида 1996 йилдан буён республикамизда ёввойи полиовируслар келтириб чиқарадиган полиомиелит касаллиги тугатилди ва Ўзбекистон Республикаси 2002 йилда “Полиомиелитдан ҳоли бўлган ҳудуд” деган, 2017 йилда эса “Қизамиқ ва қизилчанинг 36 ойлик элиминациясига эришган ҳудуд” номли халқаро сертификатларни олишга мушарраф бўлди.

Албатта, коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш жараёнлари ҳам мамлакатимизда муваффақиятли амалга оширилишиши шубҳасиз. Айни пайтда бу борада кенг кўламли амалий ишлар бажарилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan