Uncategorized

Оилавий зўравонлик – миллат шаънига доғ

Оилада зўравонлик тушунчаси ўзбек тилига хуқуқий ислоҳот сифатида энди кириб келаётган янги атама ҳисобланади.

Оиладаги зўравонлик бу эр-хотин ёки бошқа яқин муносабатдаги кишилардан бирининг иккинчисига нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки молиявий зўравонлик кўрсатишидир. Одатда, бу турдаги зўравонлик остида бир томон оиладаги бошқа аъзоларининг хаёти устидан назоратни ушлаб туришга бўлган интилиши ётади. Оилавий зўравонлик қурбони кўпчилик ҳолларда аёл киши ёки ёш болалар бўлади, аммо эркаклар ҳамда қариялар орасида ҳам жабрланувчилар йўқ эмас.

Оилавий зўравонликларнинг кенг тарқалган айрим кўринишлари қуйидаги ҳолларда, хусусан, эрнинг хотинини уриши, руҳий камситиш, унинг насл-насабини, оилавий шароити ёки ота-онаси ёхуд қариндошлари қилган ишлари туфайли айблаб, ҳақоратлаши, эрнинг хотинини жинсий зўрлаши, жинсий камситиши, молиявий жиҳатдан чеклаш, аёлининг ўқишига ёки ишлашига қаршилик кўрсатишида намоён бўлади.

Ўзбекистон Республикаси 1995-йилда “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида” ги Конвенцияни ратификация қилган. Шундан бери Ўзбекистон БМТ қошидаги Инсон хуқуқлари қўмитасига ушбу Конвенцияда кўтарилган масалаларни амалга ошириш юзасидан уч марта ҳисобот берган. Ҳар уч ҳисобот юзасидан ҳам «Инсон ҳуқуқлари қўмитаси» Ўзбекистонда аёлларнинг нотенгликка юз тутиши, патриархал стреотипнинг мавжудлиги ҳамда кўплаб аёллар оилада зўравонлик қурбони бўлишини таъкидлаб, ҳукуматдан буларга қарши чоралар кўришини сўраган.

Оилавий можароларни ҳал қилишга маҳалла вакилларининг жалб қилиниши яхши амалиёт, чунки оиладаги ички муаммолар, дастлаб, маҳалла вакиллари орасида муҳокама қилинса ва томонларга тўғри ва етарли насиҳат қилинса, муаммо кучайишининг олдини олиниши ва натижада зўравонликка чек қўйилиши мумкин. Аммо амалиётда бу тизим кутилганидек самарали ишлаяпди деб бўлмайди. Кўп ҳолатларда маҳалла оқсоқоллари масалага юзаки ёндошиб, муаммони ҳал қилиш ёки жабрланувчини ҳимоя қилиш ўрнига, барча айбни жабрланувчига юклайди. Ўзбекистоннинг аёллар  камситилишига қарши халқаро Конвенцияга қўшилгани ва мустақиллик йилларида аёлларга давлат даражасида юксак эҳтиром кўрсатилганлиги жуда қувонарли ҳолат, албатта. Аммо оиладаги зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, уларни тугатиш хамда жабрланувчиларинг зарур хуқуқий ҳимоя билан таъминлаб, айбдорларга муносиб жазо бериш масаласида ҳал қилинадиган ишлар кўп.

Ҳозирги кунда оилаларда юзага келаётган зўравонликлардан жабр кўраётганларнинг аксарияти аёлларни  ташкил қилиб келмоқда, шу сабабли зўравонлик қурбонлари бўлган аёллар мурожаат қилиши мумкин бўлган ишонч телефонлари ва бўлимлари ташкил этилган.

Оиладаги зўравонликларда, асосан, аёллар жабр кўраётганликлари ва муаммонинг ечими, одатда, эркаклар қўлида эканлиги уқтирилиши лозим. Бундан ташқари, зўравонликка учраётган аёлларга қандай қилиб ўзларини ҳимоя қилиш йўллари , бундай ҳолатларда кимга ва қачон мурожаат қилиш, қаердан ёрдам олиши мумкинлиги тўғрисида керакли маълумотлар берилиши керак.


Дилором Алмуратова , Сурхондарё вилоят суди судьяси                                                      

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan