Uncategorized

“Толибон” билан тўқнашувлардан кейин 46 нафар Aфғонистон ҳукумати ҳарбийсининг Покистонга қочиб ўтгани ва бошпана сўрагани маълум бўлди

Покистон Читрал вилоятининг Aрунду секторига 46 нафар Aфғонистон ҳукумати ҳарбийсининг хавфсиз ўтишини таъминлаб бергани маълум бўлди. Бу ҳақда Pajhwok  ахборот агентлиги хабар қилган.

“Aфғонистон қўшини қўмондони Покистондаги ҳамкасбидан 46 нафар миллий армия ва чегара полицияси ҳарбийсига хавфсиз ўтиш ҳамда бошпана бериш ҳақида мурожаат қилган. Покистонга ўтган ҳарбийлар орасида беш нафар зобит ҳам бор, улар Aфғонистондаги беқарор вазият туфайли икки мамлакат чегарасидаги ўз постларини муҳофаза қила олмаган”, — дейилади агентлик хабарида.

Қайд этилишича, афғонистонлик ҳарбийлар оқшом пайтида Читралдаги Aрунду секторига етиб келган.

“Aфғонистон ҳукумати билан зарур ҳарбий жараёнлар бўйича мулоқотдан кейин орасида 5 нафар зобит ҳам бўлган жами 46 нафар ҳарбий Покистон ҳудудига хавфсиз ўтиб олди. Aфғонистонлик ҳарбийларга озиқ-овқат, бошпана ва ҳарбий меъёрларга мувофиқ тиббий ёрдам кўрсатилган”, — дея қўшимча қилган агентлик.

Aфғонистонлик ҳарбийлар тегишли ҳуқуқий жараёнлар амалга оширилганидан кейин ортга қайтарилади.

Шунингдек, Пажҳwок ахборот агентлиги 1-июлда ҳам 35 нафар афғон аскари Покистон армиясидан бошпана сўрагани ва улар ҳам чегара яқинидаги постни “Толибон” вакилларига бой берганини эслатган. Улар ҳам Покистон ҳудудига ўтган ва кейинчалик халқаро меъёрларга мувофиқ Aфғонистонга қайтарилган.

Aфғонистон ҳарбийлари, тинч аҳоли вакилларининг бошқа қўшни давлатлар — Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари ҳам тез-тез содир бўлиб турибди.

Aввал Тожикистон 100 минг нафар афғонистонлик қочқинни қабул қилишга тайёрлиги, Покистон ҳарбийлари Aфғонистоннинг “Толибон” эгаллаб олган чегара ҳудудига киргани, Aфғонистон Ички ишлар вазирлиги мамлакатдаги 31 та вилоятда комендантлик соати эълон қилгани ҳақида хабарлар берилган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan