Uncategorized

Жанубга муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитлар Ватанга қасамёд қабул қилди

2022 йил муддатли ҳарбий хизматни Жанубий-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинларида ўз йигитлик бурчини ўташ учун келган ёшлар юртимизни ҳимоя қилишга аҳд қилиб, Ватанга қасамёд қабул қилди.
Шу муносабат билан Хайраобод ва Термиз гарнизонларида жойлашган ҳарбий қисмларда ўтган тантанали тадбирда Жанубий оператив қўмондонлиги, Сурхондарё вилоятининг шаҳар ва туман хокимлиги вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари, Қуролли Кучлар фахрийлари иштирок этди.

Тантанали марш садолари остида майдонга Ўзбекистон республикаси ва Мудофаа вазирлиги байроқлари олиб кирилди.
Шундан сўнг янги чақирилган муддатли ҳарбий хизматчилар она юртимизнинг сарҳадларини, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини сўнгги нафаси қолгунча ҳимоя қилишга онт ичиб, Ватанга қасамёд қабул қилишди.

Ҳарбий оркестр садолари остида Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси куйланди.

Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи полковник Пўлатжон Сативалдиев Ўзбекистон Респуликаси мудофаа вазирининг аскарларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Айтиш жоизки, Ватанга қасамёд ҳар бир ватанпарвар, юртсевар йигитнинг ўз Ватани ва халқига бўлган меҳру муҳаббати, садоқатининг ёрқин ифодасидир.
“Бугунги кун аскари – ҳеч шубҳасиз, халқимизнинг фахри ва ғуруридир. Барчангиз “Ватан ҳимоячиси” деган юксак мақом эгаси сифатида ота-онангиз, яқинларингизни фахрланиш тимсолига айландингиз.

Хизматингиз давомида Сурхондарё вилоятининг бой миллий тарихий меросини чуқур ўрганиб, ҳарбий касбни мустаҳкам эгаллаб, профессионал кўникмангизни ва билим савиянгизни доимо ошириб боришингизни сўрайман”, – дейди Термиз гарнизонида иштирок этган Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи ўринбосари подполковник Мухаммеджон Кдирниязов ўз нутқида.

Таъкидлаш жоизки, ўтган икки йил мобайнида пандемия билан курашиш, Коронавирус юқумли касаллиги тарқалишининг олдини олиш мақсадида юртимизда карантин қоидалари кучайтирилгани сабаб, тантанали тадбирда муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари ва яқинлари иштирок эта олмаган эди. Бу йилги чақирилувчиларнинг содиқлик онтини ичиш маросимидаги қувончига уларнинг яқинлари ҳам шерик бўлди.

Шунингдек, сўзга чиққанлар йигитларни ҳаётида бир марта бўладиган унутилмас кун муносабати билан табриклаб, уларга юксак ишонч билдиришди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг аскарларга совғаси сифатида тақдим этилган “Ўзбекистон тарихи” ва “Темур тузуклари” китоблари йигитларнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтиришга замин яратади.

Термиз гарнизони Маънавият ва маърифат марказининг ҳарбий оркестри, бахшилар, фолклор жамоаси ҳамда хонандалар томонидан ижро этилган миллий куй ва қўшиқлар тантанага байрамона руҳ бағишлади.

Тантанали тадбирдан сўнг ор-номусини ўртага қўйиб, қасамёд қилган аскарлар шарафига байрамона дастурхон ёзилди, яқинлари билан дийдор кўришиши учун шароитлар яратилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan