Uncategorized

Вилоят ҳокими ҳал бўлмаган муаммоларни назоратга олди

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Музработ туманидаги Наврўз маҳалласида аҳоли билан учрашиб, сайёр қабул ўтказди.

Секторлар, алоқадор ташкилот ва корхоналар раҳбарлари ҳам иштирок этган очиқ мулоқотда 170 дан ортиқ фуқаронинг 220 га яқин мурожаати тингланиб, уларни ҳал этиш йўллари изланди.

– Президентимиз сизларнинг бугунги ҳаётдан рози бўлиб яшашларингиз учун барча шароитларни яратмоқда, – деди Тўра Боболов. – Барча даражадаги раҳбарларнинг халқ билан очиқ мулоқот қилиб, дарду-ташвишини тинглаётгани, муаммоларини ечишга кўмаклашаётгани ҳам ана шундай эзгу мақсадга қаратилган. Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 23 июль куни аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борадаги ишлар натижадорлигини ошириш юзасидан яна муҳим вазифалар белгилаб берилди. Шу асосда биз фуқаролар мурожааатларини тинглаш бўйича сифат ва самарадорликка эришиш учун тегишли чора-тадбир белгилаб, график ишлаб чиқаяпмиз. Уни ижтимоий тармоқларда ҳам эълон қилиб, ҳар бир ҳудудга кириб борамиз. Ҳафтада икки кун мурожаатчилар билан ишлаб, муаммоларингизни маҳаллада ечиш йўлларини излаймиз.

Сайёр қабулда фуқаролар ички йўлларни, мактабни таъмирлаш, тоза ичимлик суви билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашиш, автокредит олиш, бандлик масаласини ҳал этиш, мактабгача таълим муассасаси қуриш, ўзини ўзи банд қилиш учун беда ўриш аппарати олишга кўмаклашиш каби масалаларда мурожаат этди. Жумладан, Маданият маҳалласида яшайдиган Очил Нормуродов ҳудудда мактабгача таълим муассасаси барпо этиш масаласини ўртага ташлади. Бу таклиф мутасадди раҳбарлар иштирокида кўриб чиқилгач, маҳаллада икки ойда 120 ўринли боғча қурилиши белгилаб олинди. Ўзини ўзи банд қилишга кўмаклашишни сўраб мурожаат этган уч нафар ёшга шу ернинг ўзида беда ўриш аппарати, икки фуқарога ногиронлик аравачаси топширилди.

– Фарзандларимиз бизнинг келажагимиз, – дейди Наврўз маҳалласида яшовчи фуқаро Қ.Тўхтаева. – Уларнинг барча шароитларга эга мактабда таълим олиши келгуси ҳаётини белгилашда муҳим ўрин тутади. Маҳалламиздаги мактаб таъмирталаб бўлиб қолган. Бугунги очиқ мулоқотда шу масалани ўртага ташлаб, вилоят ҳокимидан таълим муассасасини таъмирлашга кўмаклашишни сўрадим. Дардимни эшитган ҳоким бобо бу фикримни қўллаб-қувватлаб, уни шунчаки таъмирлаш эмас, балки инвестиция дастурига киритиб, тубдан таъмирлаш ғоясини илгари сурди. Бу менга ҳам жуда маъқул бўлди.

Сайёр қабулда 64 та мурожаат жойида ҳал этилди. Ечими вақт талаб этадиган масалалар бўйича муддат белгиланиб, ижроси назоратга олинди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan