Uncategorized

Тожикистон президентининг жиянлари онасининг вафотидан кейин соғлиқни сақлаш вазирини дўппослади

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг уч нафар жияни шифокорлар ва мансабдорларни қаттиқ дўппослади, деб хабар бермоқда “Радио Озоди” ўз манбаларига таяниб. Ҳодиса 20-июл куни, уларнинг онаси, президентнинг синглиси Қурбонби Раҳмонованинг ўлимидан кейин содир бўлган.

Нашр маълумотларига кўра, 64 ёшли Қурбонби Раҳмонова коронавирусга чалинган ва Тожикистон президенти ижро аппарати қошидаги тиббий марказда даволанган.

Президентнинг синглиси учун атайлаб Германия, Россия ва Ўзбекистондан тажрибали мутахассислар таклиф қилинган. Унинг ўлимидан икки соат аввал улар тожикистонлик шифокорларнинг беморни даволаш услубини нотўғри деб атаган.

“Бу хулоса Қурбонби Раҳмонованинг фарзандларида ғазаб ва норозилик уйғотди: Фахриддин, Фаррух ва Зиёдали Сафаровлар онасининг ўлимидан кейин дарҳол ўша ерда бўлган шифокорларга ва тиббиёт соҳаси мансабдорларига ташланган. Уларни фақат президентнинг тўнғич ўғли Рустам Эмомали тинчлантира олган”, — дея нашр манбаси маълум қилди.

Тожикистон соғлиқни сақлаш вазири Жамолиддин Aбдуллозода ва давлат раҳбари ижро аппарати қошидаги тиббиёт маркази раҳбари Холмаҳмад Раҳимзода энг кўп жабрланган.

Нашрнинг Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манбалари аниқлик киритишича, вазир жағидан кучли зарба еган, марказ раҳбарининг эса боши шикастланган. Қолган шифокорлар енгил жароҳатлар олган.

Бундан ташқари ССВ раҳбари 26-июл куни AҚШ томонидан Тожикистонга 1,5 миллион доза Модерна ваксинаси етказиб берилиши муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида қатнашмади. Унинг ўринбосари Шодихон Жамшид журналистларга вазир хизмат сафари билан чет элга кетганини маълум қилди.

Тожикистон ИИВ воқеа юзасидан суриштирув бошлаган, ҳозирча ҳеч ким қўлга олингани йўқ.

Маълумотларга қараганда, Эмомали Раҳмоннинг ўндан ортиқ яқинлари коронавирусга чалинган. 5-июл куни президентнинг қайнонаси Ўзбекби Aсадуллоева ҳам CОВИД-19 оқибатида вафот этганди.

Тожикистон ССВ статистикасига кўра, 27-июл ҳолатига мамлакатда пандемия бошидан буён 14 673 кишида коронавирус аниқланган, шуларнинг 118 нафари вафот этган. Aммо тиббиёт ходимлари ва экспертлар расмий статистикани шубҳа остига қўймоқда.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг синглиси — 64 ёшли Қурбонби Раҳмонова 20-июл куни ҳаётдан кўз юмганди.

Тожикистонда 2021-йилнинг 11-январидан буён коронавирусга чалиниш бўйича бирор-бир расмий ҳолат қайд этилмаган. 26-январ куни президент Эмомали Раҳмон мамлакат коронавирус устидан ғалаба қозонганини эълон қилган, шу билан бирга, аҳолини ниқоб режимига риоя қилиш ва масофа сақлашни унутмасликка чақирган.

Июн ойи бошида ОAВда Тожикистонда коронавирус қайтадан авж олгани ҳақида хабарлар тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса буни қатъиян рад этди ва хабарларни фақатгина миш-миш деб атади.

Кейинроқ Тожикистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари ҳақида расман маълум қилинди. Шу муносабат билан, мамлакатнинг ҳар бир фуқаросидан ушбу соҳадаги мутахассисларнинг тавсияларига қатъий амал қилиш, зарурат бўлмаган жойга бормаслик, жамоат жойларида ниқобдан ва бошқа дезинфекцияловчи воситалардан фойдаланиш талаб этилади.

Июл ойи бошида Тожикистонда вояга етган аҳоли учун CОВИД-19ъга қарши эмланиш мажбурий этиб белгиланди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan