Uncategorized

Мустаҳкам ижтимоий шериклик

Ҳаммамизга маълумки охирги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг ислоҳотлар натижаси ўлароқ барқарор ривожланиш тамойиллари ишлаб чиқилиб, ҳаётга тадбиқ этилиб борилмоқда. Эътиборлиси, ижтимоий ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳаси, ҳар бир йўналиши-ю, соҳаларига алоҳида эътибор кучайтирилиб, жаҳон стандартлари асосидаги ривожланиш тизимлари яратиб борилмоқда. Барча даврларда бўлгани каби бирор бир соҳанинг равнақ топиб ривожланиши учун кенг кўламли ислоҳотлар, унга мос келувчи мустаҳкам меъёрий – ҳуқуқий ҳужжатлари ишлаб чиқилмоғи, ҳамда замон талабларига мослаб такомиллаштириб борилиши лозим. Ҳар қандай ислоҳотлар замирида эса халқ манфаатлари ётади.

2017–2021–йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқаролик институталарини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий сиёсий фаоллигини ошириш давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришнинг асосий йўналиши сифатида белгиланган эди. Мазкур қарорнинг давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сонли “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Юқоридаги икки хужжат ҳам бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини янада ривожланиши ҳамда эркин демократик принциплар асосидаги ривожланган давлатлар тамойилларини ўзида мужассамлаштирган бўлиб, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, мамлакатнинг ижтимоий – сиёсий ва ижтимоий – иқтисодий салоҳиятини ошириш йўлида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасида ҳам бир қатор хужжатлар қабул қилинганки, булар ҳам ННТларнинг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларини қўллаб – қувватлаш ва шу билан бир қаторда давлат ташкилотларига кўмакчи сифатида фаолиятини рағбатлантиришга имкон яратмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг «Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ ҳамда давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлигини янада кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 февральда “Социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бошқаруви органлари томонидан давлат ижтимоий буюртмаси бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 135-сон қарори қабул қилинди. Ушбу Қарор Низомида  ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бошқаруви органлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига давлат ижтимоий буюртмаси бериш тартиблари берилган. Хусусан, давлат ижтимоий буюртмаси бериш тартиби, танлов шартлари ва уни ўтказиш тартиби, давлат ижтимоий буюртмасини амалга ошириш шартномасини тузиш, давлат ижтимоий буюртмасининг ижроси юзасидан назорат тартиб – тамойиллари батафсил тушунтирилган. Шунингдек, ижтимоий буюртмалар бериш тартиблари ва кетма кетлиги қуйидаги схема орқали қисқа ва аниқ қилиб кўрсатиб ўтилган.

Хулоса қилиб айтганда, қабул қилинган ва қабул қилиниши режалаштирилаётган барча меъёрий – ҳуқуқий ҳужжатлари ННТларнинг давлатимизнинг ижтимоий ҳаётидаги роли ва аҳамиятини кучайтиришга қаратилгандир. Бундан кўзланган мақсад уларнинг янада самарали фаолият олиб боришларини таъминлашдан, ҳамда рағбатлантиришдан иборатдир.

Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси нодавлат нотижорат ташкилотлари бўлими масъул ходими Ҳ.Абдурахмонов

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan