Uncategorized

ДАВЛАТНИНГ КИБЕРХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ МАСАЛАСИ ҚОНУН БИЛАН МУСТАҲКАМЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан 2022 йил 15 апрель куни имзоланган «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги Қонунининг мақсади киберхавфсизлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Хусусан, мазкур янги Қонунга мувофиқ, давлатнинг киберхавфсизлигини таъминлашда кибермаконда шахс, жамият ва давлат манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш устувор вазифа сифатида қайд этилган.

Қонунда мамлакатда киберхавфсизлик соҳасидаги ягона давлат сиёсати президент томонидан белгиланиши назарда тутилган. Киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб Давлат хавфсизлик хизмати тайинланган.

Қонун давлат ташкилотларининг киберхавфсизликни таъминлаш мақсадида ваколатли давлат органидан кибертаҳдидлар, дастурий таъминотдаги, ускуналар ва технологиялардаги заифликлар тўғрисидаги ахборотни олиш ҳуқуқини кафолатлайди.

Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ҳамда ресурсларига тегишли маълумотларнинг сақланишини таъминлаш маълумотларнинг захира нусхаларини яратиш йўли билан амалга оширилиши белгиланган. Қонунга мувофиқ, уларнинг сақланиш муддати охирги 3 ойдан кам бўлмаслиги лозим.

Қонунда ахборот тизимларини киберхавфсизлик талабларига мувофиқлик юзасидан экспертизадан ўтказиш тартиби белгиланган. Экспертиза ўтказиш тартиби ваколатли давлат органи томонидан белгиланади. Хусусан, экспертиза мажбурий тартибда ёки киберхавфсизлик субъектларининг ташаббусига кўра амалга оширилиши мумкин. Қонунга кўра, давлат органларининг ахборот ресурслари, давлат органларининг ахборот тизимлари, муҳим ахборот инфратузилмаси объектлари тоифасига киритилган ахборот тизимлари киберхавфсизлик талабларига мувофиқлик юзасидан мажбурий тартибда экспертизадан ўтказилиши лозим.

Шунингдек, киберхавфсизликни таъминлаш мақсадида қўлланиладиган аппарат, аппарат-дастурий ва дастурий воситалар мажбурий тартибда сертификатлаштирилиши лозим.

Қонунга мувофиқ, ахборот тизимлари ва ресурсларида аниқланган заифлик, кибертаҳдид, киберҳужумлар ва бошқа бузғунчилик ҳаракатлари тўғрисидаги, шунингдек, ахборотлаштириш объектлари юзасидан ахборот уларни ҳимоя қилиш бўйича тегишли чоралар кўрилганидан кейин киберхавфсизлик субъектининг рухсати билан ошкор қилиниши мумкин.

Мазкур қонун расмий эълон қилинган кун яъни, 2022 йил 16 апрель кунидан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.

З.Мавлонов

                                 Сурхондарё вилоят суди судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan